Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:08

БМТ қўмитаси Ўзбекистонни “систематик қийноқлар” учун танқид қилди


БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат қамоқхоналаридаги “мунтазамлик касб этган қийноқлар”га чек қўйишга чақирди.


Қўмитанинг жума куни эълон қилинган ҳисоботида “Ўзбекистон қамоқхоналари ва ҳибсхоналарида қийноқ қўлланиши анча кенг тарқалган ва одатий кўриниш” экани урғуланган.

Унда Ўзбекистонда ҳибсга олинганлардан иқрорлик кўрсатмаси олиш мақсадида улар калтакланиши ва зўрланишига оид кўплаб ва тўхтовсиз келаётган аризалар тушаётганини айтилади. Қўмитага келиб тушган бу аризаларга мувофиқ, айрим пайтларда қўлга олинганлар қийноқ туфайли жон таслим қилганлар.

“Ўзбекистон қийноқ амалиёти бўйича, шубҳасиз, қийноқлар мунтазам равишда ва баъзан ўта мудҳиш кўринишда амалга оширилаётган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади”, деган БМТ қўмитаси эксперти Георгий Тугуши ўзбек ҳукумати қийноқлар билан боғлиқ муаммоларнинг биронтасини тан олишга хоҳиш билдирмаётганликда айблади.

Ўзбекистондаги қийноқ қурбонларининг аксарияти диний-сиёсий айбловлар билан қамалганлардир.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йили қийноқларни тақиқловчи қонунга имзо чеккан эди.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг 10 нафар мустақил экспертдан иборат ҳайъати Ўзбекистон ҳукуматини ҳар бир қийноқ холати борасидаги даъволар юзасидан обдон тергов ўтказиб, айбдорларни жазолашга чақирди.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар систематик тус олгани ҳақидаги даъволарни рад этиб келишади.

Ўтган ой охирида Женевада бўлган муҳокамаларда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ўз мамлакатида қийноқлар систематик тус олгани ҳақидаги хабарларни рад этишга уринган ва халқаро ноҳукумат ташкилотларини Ўзбекистон борасида бир тарафлама, нохолис ахборот тарқатаётганликда айблаган эди.

Саидов БМТ қўмиталари томонидан берилган тавсиялар Ўзбекистон ҳукумати томонидан мунтазам амалга оширилаётгани ва бу борада қабул қилинган миллий дастур амалда ўз самарасини бераётганини айтганди.

Ўзбекистонлик фаоллар эса мамлакатдаги режим сиёсий мухолифлари овозини ўчириш мақсадида қийноқлардан фойдаланишини айтишади.

2003 йилда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият билан танишган БМТ Тео Ван Бовен ҳам у ерда қийноқлар систематик, деб атаган ва маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланилаётгани учун президент Ислом Каримов жавобгарликка тортилиши керак, дея баёнот берган эди.
XS
SM
MD
LG