Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:36

Суриядаги ўзбеклар Россияга жиҳод очган "Жабҳатан Нусра"га байъат берди


Россияга қарши жиҳодга бирлашган "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси амири Абу Салоҳ Ўзбекий
Россияга қарши жиҳодга бирлашган "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси амири Абу Салоҳ Ўзбекий

"Исломий давлат" ва "Ал-Қойда" тармоғи саналган "Жабҳатан Нусра" гуруҳи кетма-кет Россияга қарши жиҳод эълон қилди. Ироқ ва Суриянинг каттагина қисмини ўз назоратига олган икки террор гуруҳи ўртасида бунга қадар зиддиятлар кузатилган. Жиҳод чақириғидан бироз олдин Суриядаги ўзбек жангариларидан иборат икки гуруҳдан бири — "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси "Жабҳатан Нусра"га байъат берганини эълон қилди.

Ўзбеклар гуруҳи Нусрага байъат берди

Ироқ ва Суриянинг каттагина қисмини ўз назоратига олган икки террор гуруҳи Россияга қарши кетма-кет "муқаддас жиҳод" чақириғи билан чиқишидан бироз олдин Суриядаги ўзбек жангариларининг икки йирик гуруҳидан бири - "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси "Жабҳатан Нусра"га байъат берганини эълон қилди.

Бу гуруҳ Интернетдаги саҳифасида 29 сентябрь куни тарқатган баёнотида "дунёнинг державалари иқтисодий ва сиёсий низолари, ўрталаридаги санкцияларга қарамай Ислом зиддига жуда тез бирлашгани" таъкидланган ҳамда: "Шу мақсадда Тавҳид ва Жиҳод катибамиз хам Суриядаги Ал Қоиданинг қаноти сифатида фаолият олиб бораётган Жабҳат ан-Нусро жамоатига ўз байъатини эълон қилди", дейилган.

Яъни, 29 сентябрдан бошлаб, Сурияда қолаётган "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангарилари катибаси расман "Жабҳатан Нусра", демакки "Ал-Қойда"нинг бир бўғини эканини эълон қилди.

Сурияда Россия ҳужумларига оид илк ИД баёноти

Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари бошланганидан икки ҳафта ўтиб, "Исломий давлат" (ИД) террор гуруҳининг матбуот вакили Абу Муҳаммад ал-Аднаний "дунёдаги мусулмон ёшлари"га юзланиб, "Россия ва Америка"га қарши жиҳодга чақирди.

Рус учқичлари ҳужуми бошлаганидан икки ҳафта ўтиб, тарқатилган 40 минутлик нутқида Аднаний: "Россия мағлуб бўлади", деб таҳдид қилди.

Бу - 30 сентябрда Россия ҳарбийлари Сурия узра ҳаво ҳужумларини бошлаганидан буён ИД томонидан берилган илк баёнотдир. Ҳатто, ИДнинг расмий тарғибот гуруҳи кўрилган Furat Media ҳам бу ҳужумлар борасида сукут сақлаётган эди. Аммо, ИДга аъзолиги гумон қилинган жангариларнинг ижтимоий тармоқларда бу ҳаво ҳужумлари Россия учун "иккинчи Афғонистон" амалиёти бўлишидан огоҳлантиришлари кўринди.

Рақиблар Россияга қарши бирлашдими?

Аслида, ИДнинг Россия ҳаво ҳужумларига қарши сукут сақлаши ҳужумларда ўзи эмас, балки Сурия президенти Башар Ассадга қарши курашаётган "Сурия озодлиги армияси" ва "Жабҳатан Нусра" манзиллари нишонга олинаётгани билан изоҳланаётган эди. Бу икки гуруҳ ва ИД ўртасида ўзаро зиддият мавжудлиги маълум.

Бундан фойдаланган ИД, ҳатто, Россия ҳужумлари бошланганидан буён Сурия шимолидаги Ҳалаб вилоятининг маълум бир қисмини эгаллаб олди. 14 октябр куни рус учоқлари ҳужумларидан заифлаган маҳаллий "Лива Суқур ал-Жабал" исёнчи гуруҳига ИД ҳам ҳужум қилди. Бу исёнчи гуруҳ Сурия армиясига қарши курашиб келади.

Айни пайтда, ИД бу минтақада таъсирини кучайтириши ортидан Ҳалабдаги Ассад кучларига борадиган таъминоти йўлларини ҳам ёпиб қўйиши мумкинлигидан хавотир кучаймоқда. Сурия армияси, Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва Эрон армияси Ҳалабга қуруқлик кучларини киритишга ҳозирланаётгани ҳақида ҳам хабарлар берилмоқда.

Шу боис, Россия ҳужумларидан зарба ейиш ўрнига, фойда кўраётган ИД нега Россияга қарши жиҳод эълон қилди ва нега айнан ҳозир эълон қилди, деган савол кўтарилмоқда.

Яъни, ИД матбуот вакилининг Россияга қарши "мақаддас жиҳод"га чақириғи рақиби "Жабҳатан Нусра"нинг етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жоланийнинг айни мазмундаги чақириғидан бир кун ўтиб пайдо бўлиши тасодифми? Бу савол ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Жоланийнинг жиҳодга чақириғида: "Агар Россия армияси Сурия халқини қираётган бўлса, сиз уларнинг халқини ўлдиринг. Агар улар бизнинг жангчиларни ўлдираётган бўлса, сиз уларнинг аскарларини ўлдиринг! Жонга жон, қонга қон", дейилди.

Тарғиботга ўч етакчи

"Тавҳид ва Жиҳод" Сурия ҳудудида 2014 йилдан буён алоҳида гуруҳ сифатида президент Ассадга армиясига қарши курашиб келаётганини иддао қилган ўзбек жангарилари жамоатидир.

2014 йилнинг декабрь ойида Интернетда алоҳида саҳифа очган ва ўз логосини ҳам эълон қилган бу катиба тармоқда ўзбекларни жиҳодга даъват қилиб келаётган фаол жангари гуруҳлардан биридир.

Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ, сурат Youtube тармоғида 2015 йил 19 сентябрда эълон қилинган видеодан олинди.
Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ, сурат Youtube тармоғида 2015 йил 19 сентябрда эълон қилинган видеодан олинди.

Унинг етакчиси эканини даъво қиладиган Абу Салоҳ Ўзбекий исмли жангари ҳақида эса маълумот оз. Шу кунга қадар Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган ўзбек жангарилари Абу Салоҳнинг қаттиққўл эканини айтганлар.

У ижтимоий тармоқларда бир жанг майдони, бир "Жабҳатан Нусра" байроғи ёнида бўй кўрсатиб тушган видеоларини тез-тез эълон қилади. Ана шундай видеолардан сўнггиси 19 сентябрь куни YouTube тармоғига юкланди.

Унда Абу Салоҳ ўз катибаси "Жабҳатан Нусра", "Аҳроруш Шом" ва "Имом Бухорий" катибалари билан бирга Суриянинг Идлиб вилояти яқинидаги Фуа ва Кафария шаҳарчалари учун жангларда иштирок этаётганини иддао қилди. Одатдагидек, ўқ ёмғири остида камерага юзланган Абу Салоҳ яна мусулмонларни жиҳодга даъват қилди.

Бу гуруҳнинг шу йил июль ойида эълон қилган видеосида ўнлаб жангарининг ҳарбий машқларни ўтаётгани, машғулотларда оғир қуроллардан фойдаланаётган ва жанг санъатини ўзлаштираётгани кўрсатилган.

Ҳозирча "Тавҳид ва Жиҳод" катибасида жами нечта жангари борлиги ва уларнинг қанча ўзбек экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

The Long War Journal таҳлилчиси Калиб Вэйс "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси илк бор 2014 йилнинг 28 декабрида YouTube тармоғига видео илгач, минтақани кузатаётган таҳлилчилар диққатини ўзига тортганини ёзади. Унинг ёзишича, аввалига "Жабҳатан Нусра" сафида жанг қилиб юрган ўзбеклар кейинчалик алоҳида жамоатга бирлашиб, Абу Салоҳ етакчилигида "Тавҳид ва Жиҳод" катибасини тузган.

Жабҳадаги ўзбеклар

Сурия ҳудудида Ассад армиясига қарши курашаётганини иддао қилиб келаётган ўзбек жангариларининг яна бир йирик гуруҳи "Имом Бухорий" катибасидир.

Толибларнинг эндиликда марҳум етакчиси мулла Умарга байъат бераётгани айтилган Суриядаги "Имом Бухорий" катибаси жангарилари
Толибларнинг эндиликда марҳум етакчиси мулла Умарга байъат бераётгани айтилган Суриядаги "Имом Бухорий" катибаси жангарилари

Бу катиба Сурияда 2013 йилдан бери жанг қилаётган йирик жангари гуруҳлардан биридир. Гуруҳ жангарилари бир неча бор Озодликка боғланган ва шу кунда катибада 300дан ортиқ ўзбек борлиги, гуруҳнинг ўзи эса Толиблар ҳаракатига байъат берганини билдирган. Аммо, бу рақам бошқа мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

"Имом Бухорий" катибасининг лидери саналган амир Салоҳиддин "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси етакчиси Абу Салоҳдан фарқли равишда жамоатга кўриниш бермай келаётган кекса ўзбек жангариларидан биридир.

Амир Салоҳиддин кўп йиллар Афғонистонда жанг қилгани ва унинг Толиблар етакчилари билан алоқаси яхши экани айтилади. Хусусан, ўтмишда унинг Толиблар етакчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашгани ҳақида маълумотлар бор.

Салоҳиддин етакчилигидаги катиба ҳам миллатдошларини жиҳодчиликка тарғиб қилиб келаётган фаол гуруҳлардан бири.

Расмий маълумот

Маълумки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати ҳам ИД таркибидаги ўзбекистонлик жангарилар масаласида бир неча баёнотлар берди ва улардан сўнггисида жами ўзбекистонлик жангарилар сони 200 га яқин экани айтилди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур 2015 йилнинг март ойида “Исломий давлат” гуруҳи сафида 200 ўзбекистонлик жанг қилаётгани тўғрисида маълумот берган ва "бевосита Ўзбекистоннинг ўзидан кетган одамлар 2-3 кишидан ортмаслиги"ни билдирган.

Аммо, Марказий осиёлик бошқа таҳлилчилар Сурия ва Ироқдаги ўзбекистонлик жангарилар сони 500 тарофида экани, айрим норасмий манбалар эса бир неча мингдан ошиқ эканини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG