Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:17

Пахта туфайли врач қаровисиз қолган келиннинг биринчи фарзанди туғилибоқ ўлди


Озодликка воқеага бевосита алоқадор шахсларнинг маълум қилишича¸ 28 сентябрь саҳарда кучли тўлғоқ билан "Тез ëрдам"да Ғузор туғруқхонасига олиб келинган 21 яшар аëлга қарийб бир сутка ҳеч қандай тиббий ëрдам кўрсатилмаган. Бош врачдан тортиб аксар шифокор ва ҳамшира-доялар чўлда пахта тераëтгани оқибатида зарурий ëрдамсиз қолган ëш онанинг чақалоғи оғир аҳволда туғилган ва 29 сентябрь куни оламдан ўтган.

Туғруқхонада “дўхтир йўқ”

30 сентябрь куни Қашқадарë вилояти Ғузор туманида яшовчи Нурматовлар оиласи Озодликка мурожаат қилиб¸ врачлар лоқайдлиги туфайли 24 соатга яқин тиббий ëрдамсиз ташлаб қўйилган келини Умида Қўйлиеванинг биринчи фарзандидан ажраганини билдирдилар:

- 28 га ўтар кечаси саҳар 4 ларда кучли дард бошланди ва тез ëрдам келинимни туғруқхонага олиб келди.Уни пастга ëтқизишди¸(туғруқ бўлими тепа қаватда – таҳр.) смена топшираëтган дўхтир кўриб¸ ҳали эрта¸ деди. Шундан кейин биров қарамади. Ялиниб-ëлворишлардан кейин фақат кечқурунги 9 ларда (олиб келинганидан 17 соат ўтиб-таҳр.) яна биттаси келиб¸ ҳали вақти бор¸ деб кетди. Бу вақт орасида келинимнинг суви ëрилди¸ қон кетиш бошланди¸ ўзи тинимсиз қусди. Медсестраларга худонинг зорини қилдим¸ тепадан бирорта дўхтир чақиринг деб¸ ҳеч ким йўқ¸ врач йўқ¸ дейишди. Келиним бутунлай ҳолдан кетгандан кейин¸ 29 га ўтиб¸ булар келиб¸ кучан¸ деб бақиришга ўтди. Икки сутка дард чекиб ҳолдан кетган келин умуман кучана олмаганидан кейин¸ 2-3лашиб¸ қорнини босишди. Чақалоқ умуман йиғламай туғилди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Умида Қуллиеванинг қайнонаси Норгул опа.

Умида Қуллиева: Докторлар туғруққача ва туғруқ пайти ëрдам берганида, болам ўлмас эди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00

Нурматовларга кўра¸ бола туғилиши билан она ҳушини йўқотган¸ чақалоқни эса¸ реанимация бўлимига олиб кетишган.

“Бола бир сутка олдин туғилиши керак бўлган”

Овозсиз¸ кўкарган ҳолда туғилган қиз чақалоқнинг реанимациядаги аҳволи ҳақида яна Норгул опа ҳикоя қилади:

- Келин ҳушдан кетгандан кейин чопа-чоп қилишди. У дори олиб келинг¸ бу дори олиб келинг¸ деб бизни югуртиришди. Болани реанимацияга юборишибди. Реанимацияга борсак¸ детскийдагилар бизга “мана ўз кўзларингиз билан кўринглар¸бир сутка олдин туғилиши керак бўлган бола¸ она қорнида роса бўғилган¸ парда ëрилиб¸ бола ахлатнинг ичида қолиб¸ она қорнида сув ва ахлат ютган. Мана буларни зонд билан ичагидан тортиб олдик”¸ деб бизга бир идишда ахлатли сувни кўрсатишди. Кейин Қаршидан врач чақиртирдик. У ҳам “бола кеч туғилган¸ тўлғоқ пайтида боши билан урилавериб¸ миясига қон қуюлган¸ ахлат сув ичган¸ одам бўлиши қийин”¸ деди. Шундай бўлса ҳам¸ ҳаракат қиламиз¸ мана бу дориларни олиб келинг деб қўлимизга бир тўда дори ëзиб беришди. Ичида плазмасиям¸ томчи дорисиям бор. Қарз қилиб¸ ҳаммасини олиб келиб бердик. Лекин бўлмади¸ чақалоқ нобуд бўлди¸ дейди Норгул опа.

Озодлик Нурматовлар оиласи иддаолари бўйича изоҳ беришни сўраб Ғузор туман туғруқхонаси бош врачи Нигора Қурбонова билан боғланишга икки кун давомида ҳаракат қилди, лекин врач қўнғироқларга жавоб бермади.

Ғузор туғруқхонасининг Озодлик мухбири гаплашган навбатчи врачларидан бири Умида Қуллиеванинг оғир туғруқни бошдан кечиргани¸ чақалоғи ўлганини эшитиб¸ оғир руҳий ҳолатга тушганини билдирди:

- Мен навбатчи врачман. Ҳозиргина сменани қабул қилиб олдим. Туғруқ воқеасидан хабарим йўқ. Оғир туғруқ бўлган¸ болачаси нобуд бўлган. Ҳозир аëлнинг жисмоний аҳволи яхши¸ қон босими нормада¸ иссиғи йўқ. Лекин аëл тинимсиз йиғлаяпти. Бирор кор-ҳол бўлмасин¸ деб ҳамшира постоянно хабар олиб турибди. Лекин аëл психический расстройствада¸ истерикада. Чақалоқнинг нима сабабдан ўлганини экспертиза ҳал қилади. Мен ҳозир детский врачлардан сўрай-билай¸ ўзлари боланинг нимага ўлганини сизга тушунтиришади¸ деди Озодлик суҳбатлашган Ғузор туғруқхонасининг навбатчи врачи.

Аммо Озодлик мухбирига чақалоқнинг нима сабабдан ўлганини тушунтирувчи врач топилмади.

“Бизни алдашаяпти”

Нобуд бўлган чақалоқ қизнинг отаси Шоҳруҳ Нурматов тўққиз ойлик ҳомиладорлик пайтида хотини мунтазам врачлар кўригидан ўтиб тургани¸ ҳар гал она ва боланинг авҳоли нормал экани қайд қилиб келинганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда Шоҳруҳ биринчи фарзанди нобуд бўлиб¸ рафиқаси ва ўзига оғир руҳий зарба етказилгани учун Ғузор туман туғруқхонаси врачларини айблади:

- Бизни алдаб¸ чақалоқни ëрдирмасликка розилик беринглар¸ болани қийнамай кўмиб келайлик¸ дорига кетган ҳамма харажатларингизни қайтариб берамиз¸ дейишди. Қайнотам тараф ëрдирмайлик¸ дегандан кейин¸ биз ҳам қўл қўйиб бердик. Энди¸ қайга борсанг¸ бор¸ ҳеч нима бермаймиз¸ деяпти. Боламни ўлдиришди¸ хотинимни депрессия қилишди¸ бизни дори опкегин деб қанча пулга туширишди. Бу дориларни ишлатган-ишлатмаганини ҳам билмаймиз. Энди¸ қўлингдан келганини қил¸ деяпти Нигора Қурбонова¸ дейди Шоҳруҳ Нурматов.

Ғузор тиббиëтчилари раҳбари ҳам пахтада

Озодлик мухбири Ғузор туғруқхонасида чақалоқнинг нобуд бўлиш ҳолати юзасидан шарҳ беришни сўраб Ғузор туман тиббиëт бирлашмаси раҳбари Нормаҳмат Калоновга мурожаат қилганида¸ унинг ўзини ҳам пахта даласидан топди.

- Сиздан эшитиб турибман. Нима бўпти? Мен терим бошланганидан бери чўлда пахтада юрибман¸ касалхонада нима бўлаëтганидан хабарим йўқ¸ деган Калонов воқеа тафсилотларини ўрганиб¸ кейин маълум қилажагини ваъда қилди. Озодлик мухбирининг Калонов билан бу суҳбатдан кейин қайта боғланиш ҳаракатлари натижасиз қолди.

Аммо қисқа суҳбат давомида Ғузор тиббиëт бирлашмаси раҳбари туғруқхонадаги врач ва дояларнинг пахтага чиқарилгани ортидан тўлғоқ тутаëтган аëлга қарашга ҳеч ким топилмагани чақалоқ ўлимига сабаб бўлгани ҳақидаги иддаоларни рад этишга уринди:

- Бўлиши мумкин эмас¸ чунки туғруқхонада иккита дежурант қўйганман¸ реаниматолог бор¸ битта неонатолог¸ битта аппаратчи кечаю кундуз ишлайди у ерда. Ҳамма шароит бор¸ шароитлар зўр. Яқинда канализацияси бузилган эди¸ ичкаридагини полний янгиладим¸ ҳозир ташқаридагиниям янгилаяпман¸ деди Калонов Озодлик билан суҳбатда.

Хатга тушди...

Ўзбекистон ҳукумати чақалоқлар ўлими бўйича халқаро ташкилотларга тақдим этадиган ҳисоботларга кўра¸ 2016 йилда Ўзбекистонда туғилган ҳар минг чақалоқдан 18 таси нобуд бўлган ва бу борадаги вазият жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан қарийб икки баравар яхшироқдир.

Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ “сўнгги беш йилда мамлакатда чақалоқлар ўлими ҳар 100 минг болага нисбатан 11.000 дан 10.700 га камайган” ва бу рақамлар Ўзбекистоннинг БМТ Минг йиллик ривожланиш дастурида кўзда тутилган тегишли кўрсаткичларга тўлиқ эришгани исботи сифатида тақдим этилмоқда.

XS
SM
MD
LG