Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Мўътабар Тожибоеванинг сафдошларига тазйиқ ўтказиляпти


Шайбон Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот ходимлари “Ўтюраклар” клуби аъзоларига тазйиқ ўтказиб, уларни айни пайтда ҳибсда бўлган жамият раҳбари Мўътабар Тожибоевага қарши кўрсатма беришга мажбурламоқда.

Бу ҳақда М.Тожибоеванинг адвокати Муҳаррам Тожибоева маълум қилди. Унинг айтишича, 19 октябрь куни олтиариқлик Маъмуржон Мисиралиев кечки 22 ларда вилоят ИИБга олиб келинган. Бошқарманинг терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Ҳошим Азизов унга жисмоний куч ишлатиб, М.Тожибоевага қарши кўрсатма беришга мажбурлаган. М.Мисиралиев тонгги 3 ларда уйига қўйиб юборилган. У ҳали ҳам сўроққа чақирилиб турилибди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев М.Тожибоевани таниган шахсларга ҳам тазйиқлар ўтказилаётганини билдирди.

“Чўлда М.Тожибоевага қарашли 1-2 гектар ер бор. Ўша ерда баъзи кишилар тирикчилик қилади. Прокуратура вакиллари улардан бирини инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига 4 миллион, иккинчисини 6 миллион сўм берганман, дейишга мажбурламоқчи бўлибди. Улар рад жавобини берибди”, - деди А.Эргашев.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бирининг сўзларига кўра, М.Тожибоеванинг ҳатто ёрдамчилари ҳам дўппосланмоқда, турли тазйиқларга дучор қилинмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси М.Тожибоева ишида ишончли вакил сифатида иштирок этиш истагини билдиргандан сўнг ички ишлар ходимлари унинг ҳар бир қадамини кузатишга киришганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, М.Тожибоеванинг яқин қариндошлари, жумладан, адвокати Муҳаррам Тожибоева устидан ҳам кучли назорат ўрнатилган.

Фарғона вилояти прокуратураси ва ИИБ вакиллари юқорида баён қилинган ҳолатларга муносабат билдиришдан бош тортиб, буни тергов сири сифатида изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG