Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:17

Ёлғиз қиз онасига қарши кўрсатма беришга мажбурланмоқда


Шайбон Фарғона вилоятидаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари, айни пайтда ҳибсда сақланаётган Мўътабар Тожибоеванинг ёлғиз қизи Маҳлиё Пўлатова онасига қарши кўрсатма беришга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Маҳлиёнинг ўзи маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вилоят прокуратураси вакили онасининг иши бўйича кўрсатма берсагина у билан кўришишини айтиб, қистовга олмоқда.

“Илгари ҳам онам билан учрашмоқчи бўлганимда рухсат беришмаган. Унинг иши бўйича маълумотларни сўраб олиб, кейин рухсат беришларини айтган”, - деди Маҳлиё.

М.Тожибоеванинг адвокати Муҳаррам Тожибоева аслида вилоят прокуратураси бош терговчиси Нурмуҳаммад Сулаймоновнинг Маҳлиёни ўз ихтиёрига қарши сўроққа мажбурлашга мутлақо ҳаққи йўқ. Унинг айтишича, қизининг онаси билан учрашишига тўсқинлик қилинаётгани, боз устига, унга қарши кўрсатма беришга мажбурланаётгани М.Тожибоеванинг руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатган.

“Қизи олдига киритилмагани унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилган. Қизига нисбатан бирор ғаламислик уюштирилишидан хавотирга тушяпти. Мен унга валидол ва дегоксин деган дорилар бериб келгандим. Мен берган дори олиб қўйилиб, ўрнига бошқа дори берилибди. Унинг номини ўқиб бўлмаяпти. Уни текширтирмоқчиман”, - деди адвокат.

Адвокатнинг билдиришича, М.Тожибоева ўзига нисбатан қийноқлар юзасидан вилоят прокуратураси терговчисига кўрсатма берган. Бироқ терговчи бу масалага қизиқиб ҳам кўрмаган. Аксинча “Ўтюраклар” клубига қайси элчихоналар маблағ бергани, “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати нима мақсадда ташкил этилгани тўғрисида саволлар берган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўтюраклар” клуби ва “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати раҳбари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси М.Тожибоева 7 октябрь куни тунда ўз уйида ҳибсга олинганди. У фирибгарлик ва товламачиликда айбланмоқда. Аммо адвокатлар бу айлар ўз тасдиғини топмаётгани боис, прокуратура ходимлари М.Тожибоевани билган-таниганларга нисбатан таъқиб ва тазйиқни кучайтираётганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG