Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:43

Ўқувчи Россияга кетса, ота-онаси ва маҳалла жазоланади


Жорий йилда 533 минг 658 ўқувчи 9-синфни битирди.
Жорий йилда 533 минг 658 ўқувчи 9-синфни битирди.

Коллежга кираётган ёшларнинг ўқишни ташлаб, хорижга ишга кетмаслигини таъминлаш масъулияти маҳалла қўмиталари зиммасига юклатилди. Маҳалла оқсоқоллари бу борада ҳар бир ўқувчи учун кафолат хати ёзиб, коллеж раҳбарларига топшираяпти.


Кафолат хати бўлмаса, ҳужжат қабул қилинмайди

Ўзбекистондаги барча коллеж ва лицейларнинг қабул комиссиялари бўлажак талабалардан ўзи яшайдиган маҳалла қўмитасидан кафолат хати ва тавсиянома талаб қилаяпти.

Бухородаги коллежлардан бирининг исмини очиқламаётганимиз раҳбарига кўра, маҳалладан кафолат хати бўлмаган ўқувчи коллежга қабул қилинмайди.

- Папканинг ичида бор ҳозир кафолат хати. Кафолат хати шу ҳақдаки, бутунлай уч курс – уч йил давомида тўлиқ ўқишига кафолат бериши ҳақида кафолат хати. Уч йил ҳеч қаерга олиб чиқмайди. Ёш қизларни турмушга чиқармайди. Йигитлар Россия давлатига чиқиб кетмаслиги ҳақида,- деди Бухородаги коллежлардан бирининг раҳбари.

Талаб қилинаётган ушбу кафолат хатини маҳалла оқсоқоли беради, тавсиянома эса уч киши - маҳалла оқсоқоли, унинг маслаҳатчиси ва “Маҳалла посбони” раҳбари томонидан имзоланиши лозим.

"Темир дафтар" асосида иш юритилаяпти

Қўқондаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, улар ҳам ҳар бир бўлажак талабага кафолат хати ёзиб бераяпти.

Суҳбатдошга кўра, бу жараёнга доир "темир дафтар" тутилиб, шу асосида иш олиб борилмоқда.

- Ўша бўйича дафтар тутдик. "Темир дафтар". "Темир дафтар" бўйича худди ўша ишни бажараяпмиз ҳозир. Бизда йўлга қўйилди. Ҳар куни, ҳар куни, ҳар куни шу мавзу бўйича йиғилишлар, давра суҳбатлари бўляпти. Ишлаяпмиз ҳозир. Қўқонда институтимиз бор - Қўқон педогогика олийгоҳи. Шундан ўқитувчилар бизга бириктирилаяпти. Биз мана шулар билан биргаликда 9-синф битирувчиларининг хонадонларига кираяпмиз. Кириб, қайси коллежга документ топширди, буни ўрганаяпмиз. Кейин ўқиши давомида кузатиб борувчи қилиб, маҳалладан ёки Қўқон институти ўқитувчисидан бириктириб қўйяпмиз,- деди Қўқондаги маҳаллалардан бирининг ходими.

Ўқувчи Россияга кетса, кафолат хати берганлар жавобгарликка тортилади

Андижондаги маҳалла қўмиталарининг биридан олинган маълумотга кўра, агар ўқувчи ўқишни ташлаб, хорижга иш излаб кетса, кафолат хатига имзо чеккан шахслар Ўзбекистон маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин.

- Ҳар битта 9-синфни битирувчи ўқувчиларга кафолат хати қилинаяпти, шу кетиб қолмаслиги учун. Масалан, ота-онаси ёки бирор мураббий томонидан ёзилаяпти. Мен палончи, пистончи қизим бўлади. Бу йил мана тўққизинчи синфни тугатди. Тугатиб масалан, шу иқтисодиёт коллежига ўқишга кирмоқчи. Мен шу қизимга тўлиқ кафолат бераман ўқишига. Дарсларни қолдирмайди. Агар шу мунтазам дарсларни қолдирса, мен 47-модда бўйича огоҳлантирилдим, деган мазмунда тилхат олинаяпти. Коллежга кирдими, ўқиши керакда. Ҳеч қаёққа, ҳалиги бошқа ишга, Россияга кетиши мумкин эмас. Бош вазиримиз ҳам, президентимиз ҳам айтди-ю, шу ҳаммасини назорат қиласан. Ўқишини таъминлайсан. Коллежларга жойлайсан. Коллежни битиргандан кейин ишга жойлайсан деяпти-ю буларни,- дейди Андижондаги маҳаллалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддасида "Энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солиш" жазоси кўзда тутилган.

Бухородаги коллеж раҳбарига кўра, ўқувчи ўқишни ташлаб кетган тақдирда маъсулиятни бўйнига олган шахсларга жиноий иш очилиши борасида барча огоҳлантирилган.

- Бу йил 200га яқин ўқувчи қабул қиладиган бўлсам, олиб келаётган ўқитувчиси, ота-оналарининг бўйнига қўйилаяпти. Кейин бу ерда ўзим ҳам кафолат хати тайёрлаганман. Ўша кафолат хатига қўл қўйаяпти. Огоҳлантирдимки, ўша жиноий иш қўзғаш ота-оналар устидан. Маъмурий чоралар кўриш. Ҳатто жиноий иш қўзғагунга қадар, ана шу ҳолатларга олиб келишлиги қайта-қайта уқтирилди,- деди Бухородаги коллежлардан бирининг раҳбари.

Президент Ислом Каримов 18 июн куни Жиззахдаги нутқи давомида Россиядаги меҳнат муҳожирларини "дангаса"ликда айблаб, улар қилаётган ишлардан "одам жирканиши"ни гапирди.

Юқорида суҳбатлашганимиз маҳалла қўмиталарининг фаолларига кўра, президентнинг ушбу сўзларидан сўнг мактаб битирувчиларининг хорижга иш излаб кетишининг олдини олишга эътибор янада кучайган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда 533 минг 658 ўқувчи 9-синфни битирган. Улардан 482 минг 427 нафари ўқишни касб-ҳунар коллежларида, 51 минг 231 нафари эса академик лицейларда давом эттириши кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG