Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:19

Вобкентда 1-синф ўқувчиси пахта тагида қолиб ўлди


Тележкада ухлаб қолган болакай устига ортилган пахта тагида бўғилиб қолган.
Тележкада ухлаб қолган болакай устига ортилган пахта тагида бўғилиб қолган.
Бухоро вилоятининг Вобкент туманида 6 яшар болакай пахта остида қолиб бўғилиб ўлди. Туман ҳуқуқ идораси ходимининг Озодликка билдиришича¸ 15 сентябрь куни онаси билан теримга чиққан бола пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб қолган.

Фожиа 15 сентябрь куни Вобкент туманининг Нарчоқ қишлоғида содир бўлган.

Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Насаҳий номли мактабнинг 1-синф ўқувчиси, 2007 йилда туғилган Амирбек Раҳматов душанба куни тушга яқин тупроққа қўйилган.

15 сентябрь куни пахтага онаси билан борган Амирбек, айтилишича¸ онасига пахта теришиб¸ чарчаган ва пахта ортилган прицеп устига чиқиб ухлаб қолган. Кечга бориб теримчилар терган пахталарни эътиборсизлик оқибатида прицепга, яъни боланинг устига ташлашганда, бола пахта тагида қолиб кетган ва бўғилиб ўлган.

Пахта ортилган прицепни пахта пунктида ағдарилгандан кейин боланинг жасадини кўриб қолишган.

Олти ёшли Амирбек Раҳматовнинг ўлими юзасидан Вобкент тумани прокуратураси жиноят иши очган.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, жаноза куни қурбон бўлган боланинг 33 яшар онаси ҳушидан кетиб, йиқилиб қолган. Боланинг отаси Россияда меҳнат муҳожири эканлиги, боланинг дафн маросимини унинг яқинлари ўтказгани айтилади.

Бу билан Озодлик хабардор бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони уч нафарга етди.

Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябрь куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган талабалар орасида ўнлаб қурбон қайд этилади.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари йиллардан буён Ўзбекистон ҳукуматини ўқувчи ёшларни мажбурий қишлоқ хўжалик ишларига жалб этишни тўхтатишни талаб қилиб келади.

БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари шу кунларда Ўзбекистон пахта далаларида терим жараëнини кузатиб¸ унда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини махсус ўрганишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG