Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:14

Тошкентда 85 яшар кампирни бўғиб ўлдирган шахс 19 йилга қамалди


Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди ҳукмига кўра, шаҳарнинг Мирзо Улуғбек тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи 85 яшар Любовь Одиловани бўғиб, ўлдириб, уйини тунаган шахс 19 йилга озодликдан маҳрум қилинди.


“Кампирнинг қотили собиқ сантехник”

Жорий йилнинг 8 апрелида Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-2 мавзеси, Аҳиллик маҳалласи 18-уйда содир этилган ваҳшиёна қотиллик ва ўғирликда айбланган шахс устидан маҳкама сентябр ойи охирида ниҳоясига етди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, 85 яшар Любовь Одилованинг ўлимида Тошкент шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкатларидан бири (аввалги ЖЭК)нинг собиқ ходими Исмоил исмли шахс айбдор деб топилган.

Манбага кўра, ушбу қотиллик ва ўғирлик воқеасини Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлими терговчилари икки ой давомида ўрганиб, жиноят ишлари бўйича шаҳар судига оширган. Маҳкама эса қарийб тўрт ой давом этган.

Кейинги икки йил давомида кузатилаётган ёлғиз қарияларни ўлдириб, тунаш билан боғлиқ жиноятлардан фарқли Аҳиллик маҳалласидаги воқеада ўғирлик бир гуруҳ шахслар эмас, бир киши томонидан амалга оширилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси катта терговчиси Толиб Тўраев “Ҳуқуқ” газетасига берган интервьюсида ушбу қотиллик тафсилотларини очиқлаган.

"Ёлғиз яшайдиган кекса аёлнинг уйига бостириб кирган жиноятчи уйқудаги кампирни электр сим билан бўғиб, калтаклаб ўлдирган. Жони узилган кампирни ваннага олиб кириб, устидан қайноқ сувни очиб юборган. Кейин уйдаги барча қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган", дея билдирди терговчи Тўраев Ўзбекистон Бош прокуратураси нашрига.

Аҳиллик маҳалласидан олинган маълумотга кўра, ушбу қотилликдан кейин маҳаллада ёлғиз яшайдиган бошқа қариялар кучли назоратга олинган.

“Исковуч” операцияси бўйича тадбир ўтказилди. Маҳалла нозири билан шаҳар қўриқлаш бўлимидан икки назоратчи келган. Поспонлар билан қарияларнинг уйлари ўрганиб чиқилган. Барча керакли тадбирлар олинган”, деди маҳалла фаолларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони ўттиздан ошган. Ушбу жиноятларнинг қарийб саксон фоизи ҳали очилмаган.

WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратдаги эркак ўғирликда гумонланиб, ушланган шахс экани айтилган.
WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратдаги эркак ўғирликда гумонланиб, ушланган шахс экани айтилган.

“Ўғри ва ўйнашининг жиноятлари”

Ҳозирда айни жиноятлардан 14тасига алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган Тошкент вилояти Зангиота тумани Ўртаовул қишлоғида яшовчи 37 яшар Жалолиддин Халилов ва унинг ўйнаши 35 яшар Наргиза Ўразимбетова устидан тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, Халилов билан Ўразимбетова Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона шаҳрида жами 14та жиноятни содир этганлигини бўйнига олган. Ушбу жиноятларнинг бештасида ўлим ҳолати қайд қилинган.

Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган бўлиб, бир хил сценарий асосида бир қанча гуруҳ ҳаракат қилган.
XS
SM
MD
LG