Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Гулнора Каримованинг "Terra group" ширкати банк ҳисоблари музлатилган


Гулнора Каримовага қарашли “Terra Group” ҳисоб рақамлари музлатилганини ишончли манбалар тасдиқлади.
Гулнора Каримовага қарашли “Terra Group” ҳисоб рақамлари музлатилганини ишончли манбалар тасдиқлади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Гулнора Каримовага тегишли экани ишониладиган "Terra group" ширкатининг молиявий фаолиятини текширмоқда. Озодлик Ўзбекистондаги ишончли манбалардан олган маълумотларга кўра, “Terra Group” ширкатининг "Infinbank" банкидаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган.



Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларини “Terra Group” медиа ширкатининг "Infinbank"даги ҳисоб рақамларига келиб тушган маблағлар манбаси қизиқтирмоқда.

Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган "Terra Group" ширкатига қарашли ҳисоб музлатиб қўйилганини Озодликнинг тафтиш идоралари ҳамда "Infinbank" банкидаги бир-биридан мустақил манбалари тасдиқлади.

Озодлик манбаларининг айтишича, "Terra Group" ширкатига мазкур банкда кўплаб ҳисоб рақамлари расмийлаштирилган ва уларда ўта йирик миқдорда пул маблағлари айланган.

"Ҳисоб рақамлари ўндан ортиқ ва уларда умумий айланма шунчалик каттаки, банк мутахассислари бунга оид тафсилотлар ҳақидаги ҳисоботни ҳали ҳам терговчига тайёрлаб бера олгани йўқ", деди тергов ишларидан хабадор манба сешанба куни Озодлик билан ўзаро суҳбатда.

Озодликнинг бошқа манбасига кўра, "Infinbank"ни Гулнора Каримовага яқин бўлган Фарҳод К. исмли шахс назорат қилади. Ўтган ҳафтадан бери Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига нисбатан босимлар бошланиши ортидан, унга тегишли "Terra Group" моиявий фаолияти билан тергов органлари қизиқа бошлаган.

Манбамизнинг айтишича, тасдиқланмаган маълуотларга кўра, "Terra Group" ширкатининг Ўзбекистон ҳукуматидаги нуфузли амалдорларга қарашли бошқа банкларда ҳам фоизли омонат қўйилган ҳисоблари ҳам бор.

"Terra group"нинг пул айланмаси шунчалик катта бўлганки, уни битта банк орқали бошқариш қийинлашиб кетган ва пуллар бошқа банклардаги фоизли депозитларга жойлаштирилган. Бу банклар Р.А ва Р.Ига (манба берган исмларнинг инициаллари келтирилмоқда-таҳр.) қарашли бу банклар "Terra Group"га ҳар ойда 20 миллиондан 35 миллион сўмгача фоиз даромадини ўтказиб турган", дейди Озодлик манбаси.

Ўтган ҳафта “Terra group” таркибида фаолият юритиб келган 3 та радиостанция бир вақтнинг ўзида эфирдан узиб қўйилган эди.

Zamin FM, A’lo FM ва Terra FM радиоканаллари эфири тўхтатилишини “Terra group” мулозимлари профликатик сабаб билан изоҳлашганди.

Ундан олдинроқ эса Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган 4 телеканал эфирдан ғойиб бўлган эди.

Айни пайтда “Terra Group” фаолияти тўхтатилган. “Terra Group”нинг ўз исмини айтмаган ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, ширкат ходимлари таътилга жўнатилган.

- Ҳозир ҳеч ким йўқ. Бухгалтерияга қулф солинган. Бизга айтишди, профилактика деб. Бошқа ҳеч нарса билмайман, - деди “Terra Group” ходими.

Айни пайтда Гулнора Каримованинг "Фонд Форум" фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабарлар бор.

Лекин, Фонд Форум ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда жамғарма фаолияти давом этаётганини айтди.

- Бу ҳаммаси миш-миш, фонд фаолиятини давом эттиряпти, - деди Фонд Форумнинг исминини айтмаган ходими.

Лекин теле ва радиоканалларнинг Гулнора Каримова ҳомийлигида уюштирилган Art Week Style.us санъат ҳафталиги ўтказилаётган пайтда ёпилгани президент қизига қарши ҳаракат, деб баҳоланмоқда.

Айни пайтда, сешанба куни Тошкентдан олинган яна бир хабарга кўра, Гулнора Каримова раҳбарлик қиладиган яна бир ташкилот - Сиёсий тадқиқотлар маркази фаолияти ҳам тўхтатилиб, тергов органлари томонидан тафтиш қилинмоқда.

Бу хабарни ҳозирча тасдиқлашнинг иложи бўлгани йўқ.
XS
SM
MD
LG