Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:37

Деҳқонобод заводи ишчилари беш ойдан буён ойликсиз ишлаяпти


Қашқадарёдаги “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонаси раҳбарияти 1176 нафар ишчисига беш ойлик иш ҳақини бера олмаяпти. Завод мулозимларига кўра, ишлаб чиқариш маҳсулотларига харидор камайгани боис иш ҳақи билан боғлиқ муаммо юзага келган.

“Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи”нинг бир гуруҳ ишчиси Озодликка мактуб ёзиб, июнь ойидан буён иш ҳақлари берилмаётганидан шикоят қилди.

“Ишимиз сменали бўлгани учун узоқдан қатнайдиганлар заводга келиб кетиш учун ҳаттоки, йўл кира ҳақи ҳам топа олмай ночор аҳволда қолмоқда”, дейилади ишчилар мактубида.

Озодлик мухбири мазкур корхонанинг Тепақўтон конида ишлаётган ишчилари билан боғланди.

Исмини очиқламаслигимизни сўраган ишчига кўра, июнь ойи учун ойлик маошни август ойида пластик карточкаларга ўтказиб беришган.

“Сўнгги олган ойлигимиз шу бўлди. Шундан бери зўрға амаллаяпмиз. Раҳбарларга айтсак “ойлик келаяпти”, деган гапни қилишади. Қачон келади, номаълум”, дея нолиди завод ишчиси микрофонсиз суҳбатда.

2010 йилда Тепақўтон кони негизида ишга тушган “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи”ида, расмий маълумотларга кўра, жами 1176 ишчи ишлайди. Ишчилар мутахасислиги ва малакасига қараб 600 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўмгача ойлик олади.

Завод ишчиларидан Озодликка келган мактубда ўтган йили ҳам ойлик муаммо бўлгани ёзилади.

“Ўтган йил завод ишчилари жанжал килиб, иш ташлаш эълон қилганидан кейин ойликлар берилган эди. Кейин эса иш ташлаш қилганларни заводдан ҳайдаб юборгани учун ҳозир ҳамманинг дами ичига тушиб кетган”, дейилади мактубда.

Завод бош инженери Аброр Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда ишчиларга июль ойидан буён ойлик маоши берилмаётганини тасдиқлаб, бу муаммони ҳал қилиш учун кредит расмийлаштирилаётганини айтди.

- Ойлик масаласи, 1 декабргача биз уч ойлик ойлигини беришимиз керак. Шунақа ҳозир тепадан ҳаракат бўлаяпти. Шунга ҳозир кредит оформлять қилинаяпти. Ҳамма раҳбарлар тепада шу иш билан шуғулланишаяпти. Промстройбанкдан эски кредитни бугун-эрта ëпиб, янги кредит оформлять қилинаяпти. Шуни олишимиз керак, - деди бош инженер, айни пайтда корхона директори вазифасини вақтинча бажараётган Абдураҳмонов.

Абдураҳмонов иш ҳақи берилишидаги узилишларни завод маҳсулотларига харидор камаяётгани билан изоҳлади.

- Бу заводда ҳозир оғир молиявий аҳвол, калийнинг нархи бозорда тушиб кетган, яхши сотув бўлмади. Ўшандан бўлган бу ҳаммаси. Худо хоҳласа, завод ишлаб кетса, нормалний бўлса, ҳаммаси жойида тўланади кейингилари, - деди Абдураҳмонов.

Мазкур унитар корхонада хлорли калий ва техник туз ишлаб чиқарилади. Корхона йилига 700 минг тонна сильвинитни қайта ишлаб, 200 минг тонна KCl ўғити ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона маҳсулотларининг асосий харидори маҳаллий фермер хўжаликлари ва Шри Ланка, БАА, Эрон, Қозоғистон, Грузия, Вьетнам, Малайзия, Хитой ҳисобланади.

Кейинги пайтда Ўзбекистондаги йирик ташкилотларда ойлик маошлари вақтида берилмаётгани тез-тез кузатилмоқда.

Октябрь ойи охирида "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" шўъба корхонаси ишчилари 3 ойдан буён ойлик берилмаётганидан арз қилганди.
XS
SM
MD
LG