Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Олтин кони бошлиғи Навоий шаҳрини бошқаради


Навоий шаҳри маркази.
Навоий шаҳри маркази.

“Зарафшон” олтин кони директори 46 яшар Неъматилло Ахатов Навоий шаҳар ҳокими лавозимини эгаллади. Йигирма кун аввал ҳокимликдан олинган собиқ ҳоким Баҳодир Жўраевнинг тақдири номаълум қолаяпти.


“Тиллачи” Навоий шаҳрига ҳоким бўлди

Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Неъматилло Асатович Ахатов 20 кундан буён бўш қолаётган шаҳар ҳокими лавозимига сайланди.

Навоийнинг Нурота туманида туғилиб, ўсган 46 яшар Неъматилло Ахатов шаҳар ҳокимлигига Навоий тоғ- металлургия комбинатининг Зарафшон олтин ишлаб чиқариш корхонаси директорлигидан кўтарилди.

Мутахасислиги бўйича олий маълумотли мухандис-металлург бўлган Неъматилло Ахатов 1993 йили Шимолий кон бошқармасида оддий ходим сифатида ўз фаолиятини бошлаб олтин кони директори лавозимигача чиққан.

Собиқ ҳокимнинг қаердалиги номаълум

Йигирма кун аввал лавозимидан четлатилган Навоий шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳодир Жўраевнинг айни пайтда қаерда эканлиги номаълум.

Навоий шаҳар ҳокимлигидаги мулозимлар Жўраевнинг нима сабабдан ишдан олингани тафсилотлари ва унинг айни пайтда қаерда эканлигини ҳам очиқлашмади.

47 яшар Жўраев Навоий шаҳрини тўрт йил бошқарди. Унинг кутилмаганда бу лавозимни тарк этганига Навоийдаги манбаларимиз ҳам аниқлик кирита олмади.

Сўнгги йилларда кузатилаётган тажрибага кўра, аксар ҳокимлар молиявий айбловлар билан ҳибсга олинаяпти ёки кескин танқидлар билан вазифасидан бўшатилаяпти.

Навоийликлар вилоят иссиқлик электр станциясини уч йил бошқариб, ҳокимлик курсисига ўтирган Баҳодир Жўраевдан умидлари катта бўлгани, лекин у бу умидларни оқламаганидан нолишди.

Жўраев ҳали вазифасидан олинмаган пайтдаёқ у ҳақида Интернет орқали бир қатор танқидий мақолалар эълон қилган навоийлик мустақил журналист Дилдора Боймуродовага кўра, собиқ ҳоким шаҳарда таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликнинг авж олишига имкон яратган.

- Навоий шаҳар ҳокими бўлгандан кейин Навоий шаҳрида бир жойни ўзгартириб янгилик яратганидан хабардор эмасман. Кўп қийналган аҳолига ëрдам бергани ҳақида ҳам ҳеч нарса эшитмаганман. Бизларга ваъда берган эди свет ўтказиб бераман деб ГРЭСда ишлагани учун. “Ҳеч бўлмаса электр токини ўтказишга ëрдам беринг” деб борганимида ваъда берган эди. Лекин қилмаган шуни ҳам, бажармаган. Ўзимиз, аҳоли ҳуқуқимизни талаб қилиб чиқиб, ташкилотлардан ëрдам сўраб ўз кучимиз билан қилганмиз... Жуда ўзидан кетиб, тумшуғи кўтарилиб кўп ишлар қилиб қўйган эдида булар. Ҳамма жойни эгаллаб олиб, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликка жуда ҳам ружу қўйди. Ҳар бир укасига 16 сотихдан ер олиб бериб, оддий аҳолига нисбатан икки баробар кўпдан ер олиб, мана шунақа ишлар бўлган эди. Ундан ташқари қўшимча давлат заҳирасидаги ерларни эгаллаб олиб ўзбошимчалик билан. Кўп ишлар қилган эди мана Маҳмуд Жўраев деган укалари,- дейди мустақил журналист Дилдора Боймуродова.

Навоийда мамлакатдаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири Навоий тоғ-металлургия комбинати (НТМК) жойлашган.

Кейинги пайтларда ушбу комбинат устидан Озодликка кўплаб шикоятлар бўлган.

Озодлик манбаларининг иддаосига кўра, НТМК тасарруфидаги конда ғайриқонуний гуруҳлар олтин қазимоқда, "бу гуруҳларга маҳаллий расмийлар, милиция ва прокуратура раҳбарлари ҳомийлик қилмоқда".

Навоийдаги ноқонуний олтин қазиш ишлари Тошкент назаридан четда қолаётгани борасида матбуотда бир неча бор танқидий мақолалар эълон қилинди.

Баҳодир Жўраевнинг ишдан олинишига ушбу шикоятлар сабаб бўлганми ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.

Навоий - Ўзбекистондаги саноат корхоналари энг кўп бўлган шаҳар ҳисобланади. Бу ерда НТМКдан ташқари, "Навоийазот" , "Қизилқумцемент", "Электрокимё" каби йирик корхоналар фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG