Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:42

Президент нутқидан ўзбек оилаларининг 66 фоизида машина йўқлиги маълум бўлди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакатда ҳар уч оиланинг бири енгил автомобилга эгалиги ва бу аҳолининг турмуш фаровонлиги тобора ошаётганидан далолат эканини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон президенти келтирган рақамларга ишонилса, ҳозирги кунда мамлакатда 20 миллионга яқин одам уяли телефон хизматидан фойдаланмоқда.


Ўзбекистонда ҳар уч оиланинг бирида ўрта ҳисобда биттадан енгил автомобил бор. Ҳар бир оилага камида учтадан уяли телефон тўғри келмоқда.

Бу ҳақдаги статистик маълумотлар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов оғзидан янгради.

Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни ўтказилган йиғинда Каримов ҳар бир ўзбек оиласидаги бошқа маиший техника жиҳозларини ҳам санаб ўтди.

– Ҳозир Ўзбекистонда ҳар уч оиланинг бири енгил машинага эга. Ҳар бир оилада учтадан уяли телефон бор. Ҳар 100 оилага 80дан кўпроқ холодилник, 146дан кўпроқ телевизор тўғри келмоқда. Яъни айрим оилаларда иккитадан телевизор бор. Шунингдек, кир ювиш машинаси, пылесос, микроволновка, шахсий компютери бор оилалар ҳам кўпаймоқда, - деди президент Каримов.

Ўзбекистон президенти келтирган рақамларга ишонилса, ҳозирги кунда мамлакатда 20 миллионга яқин одам уяли телефон хизматидан фойдаланади.

Интернет фойдаланувчилари сони эса ўтган йилги статистикага қараганда 18 фоизга ортган. Ҳозирги кунда 7 миллиондан ортиқ одам, яъни ҳар тўрт ўзбекистонликнинг бири дунё Интернет тармоғига кириш имконига эга.

- Бу рақамлар аҳолининг яшаш тарзи ва сифати тобора юксалиб бораётганидан далолатдир, - деди Ислом Каримов.

Аҳоли турмуши фаровонлиги машина сони билан ўлчанмайди

Ўзбекистонлик иқтисодчи Тоҳир Машариповнинг ишонишича, президент Каримов келтирган статистика тўғри бўлиши мумкин, лекин аҳоли равнақи машиналар сони билан ўлчанмайди.

- Тўғри ҳозир қишлоққа борсангиз фермерни уйида ҳеч бўлмаганда “Матиз” машинасини кўрасиз. Лекин, охирги пулини санаб, болалари ризқини қирқиб, кимларгадир 'шапка' пули тўлаб машина олсаю, уйи йиқиламан, деб турса ёки фарзандлари нон-чойга кун кўраётган бўлса, буни нимаси фаровонлик?! Афсуски, машинани олиб қўйиб, бензинга қийналаётганлар кўп. Чунки, бензин ҳам қиммат, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Қозоғистонда ишлайдиган ўзбекистонлик Эркинжон машина олиш учун тўрт йилдан буён Олмаотада қурилишда ишлайди.

- Машина олиш ниятим бор. Лекин, ҳозир пул етмайди. Ўзбекистонда машина олиш учун пул топиш имкони йўқ-да. Каримовни гапларини эшитиб, бу ерда ўзбеклар орасида тарқалган бир анекдот ёдимга тушди. Каримов Назарбоевга ҳар бир ўзбекда учтадан машина бор, деб мақтанган экан, Назарбоев бизда ҳар бир қозоқда учтадан ўзбек бор, деган экан. Албатта, бунақа анекдот тарқалиши бежиз бўлмаса керак, - дейди Эркинжон.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов келтирган рақамларга ишонилса, мамлакатда оилаларнинг қарийб етмиш фоизи енгил машинага эга эмас, дейиш мумкин.

Машина сотиб олиш ҳали ҳам муаммо

Хоразмлик Илҳом ака Ўзбекистондаги машинаси йўқ оила вакилларидан бири.

– Тўрт йилдан бери битта Spark ололмаяпман. Иккита ўғлим Россияда ишлайди. Юборган пулларини йиғиб, машина олмоқчимиз, лекин навбат етмаяпти, - дейди Илҳом ака.

Ўзбекистон жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлатуриб, ўзбекистонликлар автомобил сотиб олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Автосалонларда янги машина олмоқчи бўлган харидорлар шартнома имзолаш
учун ойлаб, баъзида йиллаб навбат кутиб қолишяпти.

Автосалонларда машина сотиб олиш тартиби шундай йўлга қўйилганки, у ердан истаган шахс кўнглига ёққан машинани ўша ернинг ўзида харид қилиб, олиб кетиши мумкин эмас.

- Машина харид қилиш учун салон билан шартнома тузиш керак. Шу шартномани тузиш учун навбат кутамиз. Шартномани имзолаб, машина нархининг 85 фоизини олдидан тўлаганидан кейин ҳам, камида бир йил кутишига тўғри келади, - дейди янги машина олиш учун йиллардан буён навбат кутиб юрган хоразмлик Илҳом ака.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда корхона енгил машиналарнинг саккиз турини ишлаб чиқаради.

Ҳозир заводда Chevrolet Captiva, Epica, Spark ва Malibu машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Завод келажакда Orlando русумидаги мини-ванларни ишлаб чиқаришни режаламоқда.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа русумдаги машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.

GM Uzbekistan монополияси мамлакатдаги маҳаллий харидорларга четдан бошқача машина олиш танловини қолдирмаган.

Ward's Auto нашрига кўра, ҳозир дунёда бир миллиардан кўп автомобил бор. Жон бошига тўғри келадиган автомобиллар сони бўйича дунёда АҚШ етакчилик қилмоқда.

Ward's Auto ҳисоботига кўра, ҳозирги кунда АҚШда 300 миллионга яқин автомобил бор. Яъни, АҚШда ҳар бир одамга тахминан биттадан машина тўғри келмоқда.

Иккинчи ўринда Италия, учинчи ўринда эса Япония, Франция ва Британия турибди. Бу мамлакатларда ҳар бир одамга 1,5 тадан 1,7 тага қадар енгил автомобил тўғри келади.
XS
SM
MD
LG