Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Энг катта тираждаги “Даракчи” газетаси сайти ишдан чиқди


Ўзбекистондаги илк нодавлат кўнгилочар "Даракчи" газетасининг интернет сайти ёпилди. Озодлик манбалари таҳририятда прокуратура ва солиқ идоралари тафтиш ўтказаётгани ортидан газетанинг ëпилиш арафасида эканини айтмоқда. Газета эгаси медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қаерда экани ҳанузга қадар номаълум қолмоқда.


“Даракчи” газетасининг интернетдаги саҳифаси бўлган darakchi.uz сайти сешанба куни ишламай қолди. Саҳифада нашрнинг вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги газеталар орасида энг кўп ададда чоп қилинадиган “Даракчи” кўнгилочар газетаси фаолияти тўхташ арафасида экани айтилмоқда. Сешанба куни тушдан кейин баъзи интернет нашрлар “Даракчи” таҳририяти ëпилгани ҳақида ҳам ëза бошладилар.

Газета билан ҳамкорлик қиладиган журналистнинг Озодликка айтишича, “Даракчи” таҳририятига ноширлик фаолияти учун берилган лицензия сешанба куни номаълум муддатга тўхтатиб қўйилган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ охирги сони ўтган пайшанба куни чоп этилган “Даракчи” газетасининг баъзи ходимлари ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов сешанба куни “Даракчи” газетаси редакциясига бориб, таҳририятда баъзи журналистлар ишлаëтганини кўрган. Журналист газета ходимлари билан суҳбатга асосланиб таҳририятда қаттиқ текшириш кетаëтганини Озодликка билдирди.

Айни пайтда ходимлар ўз газеталари ëпилиш-ëпилмаслиги ҳақида Ташановга аниқ бир гап айта олишмаган.

- Уларда қандайдир тараддудланишни кўрдим. Нега сайт ëпилди, деган саволга ҳам аниқ жавоб бера олишмади. Аммо улар пайшанба куни “Даракчи”нинг янги сони дўконга чиқишига умид қилмоқда¸ - деди Абдурамон Ташанов.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича¸ ўзбек ва рус тилларида чоп қилинадиган бу газетанинг умумий тиражи 300 мингдан кўплиги ҳақида норасмий маълумотлар бор. Аммо газетанинг ўзида адад ҳақида берилган расмий маълумотларда умумий кўрсаткич 160 минг, деб қайд этилган.

Айни пайтда газетанинг босмахона билан тижорий муносабатлари ҳам текширилаëтгани билдирилди. Янграётган айбловлар боис газетага берилган лицензия олиб қўйилиш эҳтимоли ҳақида душанба куни Fergananews нашри хабар берган эди.

Uzbekistan - Darakchi newspaper on sell in Tashkent, 10 December 2013
Uzbekistan - Darakchi newspaper on sell in Tashkent, 10 December 2013
​Озодликнинг Самарқанддаги манбаларига кўра¸ “Даракчи” чоп қилинадиган Самарқанддаги босмахонада 15 ноябрдан бери прокуратура ва солиқ идораларининг махсус тафтиш гуруҳи жиддий текшириш олиб бормоқда.

​“Даракчи” газетаси таниқли тадбиркор Фирдавс Абдуҳолиқов тарафидан 1992 йилда ташкил қилинган бўлиб¸ қисқа муддатда республика ëшлари орасида оммабоп бўлиб кетган эди.


“Даракчи” ижодий уйида молиявий тафтиш ва СТВнинг ëпилиши


27 ноябрь куни Тошкентдаги “Даракчи” ижодий уйи” маъсулияти чекланган жамиятида молиявий текширишлар бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат Солиқ қўмитаси ва бошқа мутасадди органлар иштирокидаги тафтишлар 2000-2013 йиллардаги молиявий фаолиятни ўз ичига олди.

“Даракчи”да тафтиш бошлангани ҳақида “Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда “Бекажон” кўнгилочар нашри ходими маълумот берди.

Маълум бўлишича, мазкур тафтишлар СТВ телерадиокомпанияси доирасида ўтказилган текширувларнинг бевосита давоми бўлиб ҳисобланади. СТВ телерадиокомпанияси Гулнора Каримовага мансублиги айтиладиган бир қатор телеканаллар эфирдан олиниши ортидан 31 октябрда ёпиб қўйилган эди.

Компания таъсисчиларидан бири Фирдавс Абдуҳолиқов “Даракчи” ижодий уйи” МЧЖ қимматли активларининг асосий қисмига эгадорлик қилади. Мазкур шахснинг ижод уйи эгаси экани, уни бевосита бошқариши ҳам айтилади.

Uzbekistan - Mediamagnat Firdavs Abduhalikov
Uzbekistan - Mediamagnat Firdavs Abduhalikov
“Босма нашрларнинг улгуржи бозорида “Даракчи” газетаси сотуви билан шуғулланаувчи тужжорлар газетанинг кейинги сонлари учун буюртмалар олмади. Аксинча, нашрнинг кейинги сонлари чиқмаслиги мумкинлиги ҳақида вилоятлардан келган газета тарқатувчилар огоҳлантирилди” деди “Озодлик”ка “Бекажон” газетаси ходими.

Бироқ мазкур текширувлар ҳозирча “Даракчи ижод уйи” МЧЖ тизимидаги таҳририятлар ишига халақит бергани йўқ. Журналистлар ўз ишини давом эттирмоқда, газетанинг интернетдаги веб саҳифаси ҳам ишлаб турибди.

1992 йилда самарқандлик фуқаро Фируддин Абдухолиқзода (2008 йилда саратон хасталигидан вафот этган, таниқли медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовнинг отаси) томонидан асос солинган мазкур маъсулияти чекланган жамият йиллар давомида ўз фаолиятини кенгайтириб борди.

Ҳозирги кунда ярим миллондан ортиқ нусхадаги кўнгилочар нашрларни чоп қилувчи ширкат Самарқанд, Гулистон, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида ўз босмахоналарига эга.

Мамлакат медиа бозорида ўзига хос нуфуз ва ўринга эга бўлган “Даракчи” ижодий уйи” МЧЖ бошидаги “қора булут”лар Гулнора Каримова ҳамда унинг издошлари, хусусан, медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан олиб борилаётган сиёсат маҳсули сифатида кўрилади.

Бир ой муқаддам Усмон Ҳақназаровга нисбат берилиб Ўзбекистонга оид интернет нашрларида босилган навбатдаги мақола ортидан Абдуҳолиқов фаолиятига нисбатан туғилган қизиқиш Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари эфирдан олиниши билан янада ортган эди.

Ушбу мақолада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўртасида низо мавжудлиги, бунинг ортидан эса ҳукумат раҳбари ғазабига гирифтор бўладиган биринчи шахс, гўёки Фирдавс Абдуҳолиқов, деган иддао илгари сурилган эди.

Тошкентдаги норасмий манбалар бир ойча аввал Абдуҳолиқов ўзига қарашли Самарқанд-ТВ телеканали фаолияти тўхтатилиши ортидан Самарқанд вилоятига терговга чақирилганини ёзган эди.

Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан бири бўлган.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келган.

Бундан ташқари, кейинги йилларда у Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги FondForum ташкилоти тадбирларида ҳам фаол иштирок этаётган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида қолаётган эди.

Фирдавс Абдуҳолиқов Самарқанд прокуратурасига терговга чақирилгани айтилган кундан бошлаб матбуот билан мулоқот қилишдан қочмоқда. Унинг айни пайтда қаерда экани ҳам жамоатчилик учун номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG