Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:59

Ўзбек матбуоти собиқ "бош цензурачиси" ўлими ҳақида лом-мим демади


Расмийлар даврасида Рустам Шоғуломов биринчи қаторда ўнгдан учинчи.
Расмийлар даврасида Рустам Шоғуломов биринчи қаторда ўнгдан учинчи.
Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасига узоқ вақт раислик қилган Рустам Шоғуломов 81 ëшида оламдан ўтди. Озодлик манбасига кўра¸ марҳум 21 январь куни Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн қилинган.

Дафн маросимида қатнашган журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича¸ Рустам Шоғуломов 20 январдан 21 январга ўтар кечаси оламдан ўтган:

- Раҳматли уйқусида оламдан ўтди. Юрак хуружидан ўлди. Чиғатой қабристонидаги оилавий хилхонасига дафн қилдик. У киши билан узоқ вақт бирга ишлаган эдик¸ дейди кекса журналист Шароф Убайдуллаев.

Совет даврида Ўзбекистондаги “Ëш ленинчи” газетасида муҳаррир сифатида иш бошлаган Рустам Шоғуломов мамлакат мустақиллиги арафасида Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасига раис қилиб тайинланди.

Журналист Шароф Убайдуллавнинг айтишича¸ Рустам Шоғуломов матбуотга хизмати сингган ўткир журналист бўлган.

Ўзбекистонлик шоира ва сиëсий фаол Дилором Исҳоқованинг айтишича¸ Рустам Шоғуломов Михаил Горбачëв эълон қилган ошкоралик ва қайта қуриш сиëсатига принципиал қаршилик қилиб келган матбаачиларидир.

1989 йилда Ўзбекистонда чоп қилинган “Эркин сўз “ газетаси ташкилотчиси¸ ҳозирда Uznews.net Интернет газетаси муҳаррири Қудрат Бобожоннинг эслашича¸ Рустам Шоғуломов сўз эркинлиги деган сўзни ич-ичидан ëмон кўрган:

- 1989 йилда мен “Эркин сўз” газетасини қайддан ўтказиш учун унинг қабулига кирдим. У кишинининг асосий эътирози газетанинг номига бўлди. Нима дегани эркин сўз¸ нима эркин эмас сўз ҳам бор эканми¸ деб мени ошкора ҳақорат қилган эди. Кейинроқ “Муносабат” ва “Эрк” газеталарида ишлаган чоғимда¸ у кишини матбуот ва сўз эркинлигининг ашаддий душмани бўлган цензор сифатида танидим. “Эрк” газетасини судга бериб ëптириш ташаббуси ҳам Шоғуломовдан чиққан эди. 1999 йили Урганчда мен бош муҳаррир бўлган мустақил телеканал ëпилишини ҳам Шоғуломов ташкил қилган¸ дейди ҳозирда Швециядан бошпана топган Қудрат Бобожон.

Суҳбатдошга кўра¸ Шоғуломов талаби билан 1999 йили Тошкентдаги “Менинг шаҳрим” ва “Европа қўшув” радиолари ëпиб қўйилган.

Рустам Шоғуломов Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасига раҳбарлик қилган давр матбуот устидан шафқатсиз цензура ўрнатилган ва оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги роли чекланган вақт сифатида эсланади.

Шоғуломов билан бирга ишлаган кекса журналист Шароф Убайдуллаев ҳам бу ҳолатни эътироф қилади:

- Бир вақтлар дадил бўлган матбуот устидан Рустам Шоғуломовнинг совет давридан ҳам ўтиб тушадиган цензура ўрнатгани рост. Аммо Шоғуломов ишлаган давр мураккаб эди. У кишини ўз давридан айириб бўлмайди¸ дейди суҳбатдош.

Рустам Шоғуломов 2005 йилда Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси раислигидан олиниб¸ “Ўзбекистон” нашриëтига ишга тайинланди.

Рустам Шоғуломов “Ўзбекистон”нашриëтига бошчилик қилганида мамлакат президенти Ислом Каримовнинг ўнлаб номдаги китобларини миллиионлаб тиражда мунтазам чоп қилиш йўлга қўйилди.

Бунинг баробарида Ўзбекистондаги атоқли ëзувчилар китоблари қоғоз ва маблағ йўқлиги баҳонасида нашр режасидан олиб ташланди. Мустақиллик пайтида Мамадали Маҳмудов¸ Эмин Усмон¸ Гулчеҳра Нуруллаева каби ëзувчиларнинг бирор китоби нашр юзини кўрмади.

Охирги китоби 1989 йили чоп этилган шоира Дилором Исҳоқова назарида Рустам Шоғуломов Ўзбекистонда нафақат матбуот¸ балки матбаачиликни ҳам ўлдирган мулозим сифатида эсда қолди.

21 январь куни тошкенликлар “коммунистлар мозори” дея атайдиган “Чиғатой” қабристонига кўмилган собиқ мулозим ҳақида Ўзбекистон расмий матбуоти бир оғиз ҳам таъзиянома чоп этмади.

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича¸ у садоқат билан хизмат қилган расмий матбуот унинг ўлими ҳақидасукут сақлади:

- Бундай системани Рустам Шоғуломовнинг ўзи жорий қилган эди. Рустам Шоғуломов матбуот раҳбари бўлиб турган пайтда ўзбек халқининг қанча атоқли арбоблари оламдан ўтган эди. Аммо Шоғуломов раҳбарлик қилган матбуот бу йўқотишлар ҳақида сукут сақлаган эди. Бугун бу матбуот ўзининг эски хўжайини ўлгани ҳақида ҳам сукут сақламоқда¸ дейди кекса журналист.
XS
SM
MD
LG