Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:51

Россияга ишлашга кетган талабаларнинг ота-оналарига босим ўтказилаяпти


Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида коллеж талабалари кўпчиликни ташкил этади.
Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида коллеж талабалари кўпчиликни ташкил этади.
Ўзбекистонда коллеж битирувчиларининг иш излаб хорижга кетишининг олдини олиш мақсадида диплом беришдан аввал ишга жойлашиши борасида кафолат хати талаб қилинмоқда. Айни пайтда хорижга ишлагани кетган коллеж талабаларининг ота-оналарига маҳалла фаоллари босим ўтказаяпти.

Ўзбекистонда касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари ва талабаларининг хорижга иш излаб кетишининг олдини олиш учун чоралар кучайтирилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган коллеж талабаларига кўра, эндиликда ҳар бир битирувчидан диплом олишдан аввал бирор ташкилотдан ишга жойлашиши борасида кафолат хати талаб қилинмоқда.

Тошкентдаги Темир йўл транспорти коллежининг исмини очиқламаган битирувчисининг Озодликка айтишича, кафолат хатисиз диплом берилмаяпти.

- Ўтган йил ёзда коллежни тугатдим. Дипломни беришмади. Ўз касбий йўналишим бўйича ишга олинишим ёки олинганим ҳақида хат сўрашаяпти. Ўзимни соҳам бўйича ишласам ойлик оз беради. Шунинг учун Россияга келиб ишлаяпман, - дейди ўзбекистонлик коллеж битирувчиси.

Ўзбекистонда кўплаб коллеж битирувчиларининг иш йўқлиги ёки ойлик озлиги сабаб хорижга кетиш ҳолатлари сўнгги йилларда кўпайди.

Ўзбекистон касб-ҳунар коллежларида жорий этилган сўнгги чоралар битирувчиларнинг Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларга иш излаб кетишининг олдини олишга қаратилгани айтилаяпди.

Тошкентдаги Темир йўл транспорти коллежининг ўқув ишлари бўйича масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда, "ҳар бир битирувчи ишга жойлашиши керак", деган ҳукумат талаби борлигини тасдиқлади.

- Бу ҳукумат талаби. Албатта ишга жойлашиши керак. Ҳар битта битирувчи ўзининг соҳаси бўйича ишга жойлашиши керак. Россияга кетишга ҳаққи йўқ. Қанақа қилиб Россияга кетиши мумкин. Ўзимизда иш тиқилиб ётибдику. Биз ўтган йили ҳар бир битирувчини ишга жойлаганмиз. Қўлига дипломини ҳам берганмиз. Корхона-ташкилотларни раҳбарлари келиб болаларнинг ҳаммасини ишга қабул қилиб олганлиги тўғрисида протоколга қўл қўйишган, - дейди Темир йўл транспорти коллежининг ўқув ишлари бўйича масъули.

Исмини очиқламасликни сўраган коллеж битирувчисига кўра, айрим талабалар дипломга эга бўлиш учун ишга қабул қилиниши ҳақидаги тилхатларни сотиб олишяпти.

- Чунки, тилхат бўлса кифоя. Ишга жойлашган- жойлашмагани билан ҳеч кимнинг иши йўқ, хоҳла Россияга кет, хоҳла Ўзбекистонда қол,- дейди коллеж битирувчиси.

Талабаларнинг Озодликка айтишича, айни пайтда Россия ва Қозоғистонга ишлагани кетган коллеж битирувчиларининг ота-оналари маҳалла фаолларининг кучли босими остида қолган.

- Маҳалла фаоллари уйимизга бостириб кириб, ўғлингни қайтар, деб таҳдид қилишган, - дейди Россияда ишлаётган коллеж талабаси Азамат.

Азамат бир йил аввал Хоразмдаги Қурилиш коллежини тугатмасдан Россияга ишлагани қолган. Ҳозир Москвадаги қурилишлардан бирида ишлайди.

- Коллежни тугатганим билан барибир иш йўқ. Нима қиламан вақтимни йўқотиб. Акам Москвада эди. Чақиртирди, келдим. Ҳозир энди ота-оналарим қайт деяпти. Қайтсам иш йўқ менга. Бўлса ҳам ойлик оз, - дейди Азамат.

Аввалроқ коллеж ва лицейларнинг қабул комиссиялари бўлажак талабалардан ўзи яшайдиган маҳалла қўмитасидан "уч йил ҳеч қаерга чиқмайди", деган мазмундаги кафолат хатини ҳам талаб этаётгани хабар қилинган эди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва талабаларининг хорижга иш излаб кетишининг олдини олишга қаратилган чоралар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўтган йил Жиззаҳда айтган гапларидан сўнг кучайди.

Президент Каримов Москвада кўча супураётган ўзбекларни дангасалар, деб атаб улардан жирканишини айтган.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ҳокимларга битирувчиларни иш билан таъминлашларини қаттиқ талаб қилган.
XS
SM
MD
LG