Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:59

Ўзбекистонлик фаоллар қамоқда Мурод Жўраев билан учрашди


Сиёсий маҳбус Мурод Жўраев.
Сиёсий маҳбус Мурод Жўраев.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари узоқ уринишлардан сўнг қарийб 20 йилдан буён қамоқда қолаётган сиёсий маҳбус, собиқ парламент депутати Мурод Жўраев ёнига киришга рухсат олишга муваффақ бўлдилар. Ҳозирда Жўраев Чирчиқ шаҳридаги 64/6 жазони ўташ муассасасида сақланаяпти ва рафиқаси Холбека Жўраева турмуш ўртоғининг соғлиги жуда оғир аҳволда эканидан шикоят қилиб келмоқда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячилари сиёсий маҳбус Мурод Жўраевни зиёрат этиш учун расмийлардан изн олганлар.

Бу ҳақда Озодликка Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маълум қилди.

- Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарига қилган давомли мурожаатларимиздан сўнг Чирчиқдаги қамоқхонада сақланаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраев ёнига киришимизга рухсат берилди, Кеча икки соат давомида учрашдик. Ўзларини ёшларидан анча каттага ўхшаб қолган. Ўзлари ҳали 62га ҳам кирмаган, лекин кўринишдан 80 ёшли одамга ўхшайди, тишлари тушган. Ҳозир Чирчиқдаги қамоқда қийноққа солинмаганини айтди. Лекин, олдинги қамоқхоналарда қийноқлар бўлган экан, - деди Суръат Икромов.

61 ёшли собиқ парламент депутати Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда. 1994 йилда у ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб ҳибсга олинган ва мол-мулки мусодара этилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз қолганида унинг жазо муддати уч марта турли баҳоналар билан узайтириб қўйилган.

-Энди Жўраевни озодликка чиқаради, деб умид қиляпмиз. Мана бизга олдиларига киришга руҳсат беришди. Шундан келиб чиқиб Мурод ака яқин кунларда озод бўлади, деб ўйлаяман. Бу мени шахсий фикрим, - дейди Икромов.

Ҳозирда Жўраев Чирчиқ шаҳридаги 64/6 жазони ўташ муассасасида сақланаяпти. Унинг рафиқаси Холбека Жўраеванинг айтишича, маҳбус турмуш ўртоғининг аҳволи ёмонлашганига қарамай, ғишт заводида кунига саккиз соатлаб ишлашга мажбурланмоқда.

Ўтган ой қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти Мурод Жўраев озодлиги учун петиция бошлаган эди. Ҳозирга қадар ушбу петицияга юзлаб одам имзо чеккан.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти сизларни узоқ йиллардан буён тутқунликда қолаётган, қийноқларга солиниб, яқинларидан жудо қилинган Мурод Жўраевнинг озодлиги учун овоз беришга чақиради”, дея мурожаат қилган ташкилот раҳбари Надежда Отаева.

Ўзбекистон йиллардан бери халқаро ташкилотлар ҳисоботларида "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмон бўлган" давлатлар қаторида тилга олиниб келинади.

Бу мамлакатда қийноқлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан таҳқирланиши, уларнинг адолатли маҳкамалардан мосуво қолаётгани, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда фуқаровий жамият фаолиятининг чеклангани Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг катта муаммолар сифатида қайд этилади.

Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист бор.

Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидандир.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқиши керак бўлган 60 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати икки йил аввал 4 йилу 8 ойга узайтирилган.

Журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам, соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 15 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG