2014 йил февраль-март ойларида Россияда ишлаб чиқарилган арзон дориларни МДҲ давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкин. Россиялик мутахассисларга кўра, муаммо тез фурсатда ҳал бўлган тақдирда ҳам, таъминотдаги узилиш апрел ойига бориб барҳам топиши мумкин.
28 январь куни Россиянинг фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси бош директори Виктор Дмитриев ишлаб чиқарувчилар январь ойида ўз маҳсулотларини экспорт қилишни тўхтатганини билдирди.
Дмитриевга кўра, экспорт тўхтатилишига ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари GMP стандарти талабларига жавоб бера олишини тасдиқловчи сертификатни ололмаётгани сабаб бўлган.
Ўзбекистон Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларининг Қозоғистон ва Украинадан кейин учинчи йирик харидори ҳисобланади. 2013 йилда Россия Ўзбекистонга 62 миллион долларлик дори-дармон экспорт қилган.
“Ўзфармсаноат” давлат акционерлик ташкилотининг ўз исмини айтмасликни сўраган мутахассиси Озодлик билан суҳбатда "GMP стандарти" нима эканлигини тушунтирди:
- GMP жаҳон стандарти. Буни дунё, Европа, халқаро ташкилотлар тан олган. Шу сертификатни олган маҳсулотнинг сифати “аъло”, деб ҳисобланади, дейди “Ўзфармсаноат” мутахассиси.
Унга кўра, Ўзбекистонга фақат "GMP стандарти"га жавоб берадиган дориларгина импорт қилинади. Божхона ходимлари бундай сертификатга эга бўлмаган дориларни мамлакатга киритмайди.
Айрим мутахассислар Россиянинг Ўзбекистонга дори экспортини тўхтатгани ички бозорга салбий таъсир этиши мумкин деган фикр билдирмоқда.
Бу таъсир ўзбекистонликлар харид қувватига боғлиқдир. Мутахассислар фикрича, Россия дорилари экспорти тўхтатилишидан биринчи навбатда аҳолининг кам таъминланган қатлами зарар кўради. Боиси Россияда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар бошқа давлатлардан импорт қилинадиган дорилардан анча арзон.
Тошкентлик уй бекаси Моҳира опа беморлар Россияда ишлаб чиқарилган дориларни яхши билгани ва арзонроқ бўлгани учун сотиб олишларини агар имкон бўлмаса, борини олишга мажбур эканини айтди.
- Ҳозир қаерда ишлаб чиқарилганига қарашмайди. Дори топилганига ҳурсанд бўлиб қайси бири арзонроқ ва эффективний бўлса, ўшани олишади. Қиммат дориларни ҳамма ололмайди, дейди Моҳира опа.
Лекин Тошкентдаги “Иқрор” номли аптека ходими Доно Исмоилованинг фикрича, Россиядан дори импортининг тўхташи ички бозорга жиддий таъсир этмайди, чунки ҳозир дорихоналарда Россиядан келадиган дориларнинг бошқа давлатлардан келтирилган аналоглари мавжуд:
- Россиядан дори экспортининг тўхташи Ўзбекистон ички бозорига деярли таъсир этмайди. Ҳозир дориларнинг таркиби мукаммал ўрганилган. Германия, Украина, Ўзбекистон ва бошқа давлатларда кўплаб дори ишлаб чиқарилади. Масалан, битта российский аналгинни бошқача номлар билан нечта давлат ишлаб чиқаради. Керак бўлганлар ўшани олади, дейди Тошкентдаги аптека ходими.
Россия Федерацияси Божхона хизмати маълумотига кўра 2013 йилда Россия Қозоғистонга 71,8 миллион, Украинага 70 миллион ва Ўзбекистонга 62 миллион долларлик дори воситалари экспорт қилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистон фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган 130 дан ортиқ корхона 1300 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
12uz.com ахборот порталига кўра, Ўзбекистон ички бозордаги фармацевтика маҳсулотларнинг учдан бир қисми маҳаллий корхоналар ҳиссасига тўғри келади.