Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:00

ЎшТВ устидан жиноят иши очилди


ЎшТВ идорасида ўтказилган тинтувдан кейин, 2014 йилнинг 1 феврали.
ЎшТВ идорасида ўтказилган тинтувдан кейин, 2014 йилнинг 1 феврали.

Қирғизистон жанубида фаолият кўрсатаётган ЎшТВ телеканали ҳудудлараро низо қўзғаганликда айбланмоқда. Телеканал раҳбарияти эса буни сиёсий таъқиб ва сўз эркинлигига босим, дея баҳолаяпти.


Маълумотларга кўра, ЎшТВ биносида 31 январь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан тинтув ўтказилган.

Аввалроқ телеканал журналистлари ва директори икки марта хавфсизлик қўмитасининг маҳаллий бўлимига чақирилиб, сўроқ қилинган.

Жума куни эса хавфсизлик қўмитасининг икки вакили келиб, телевидение ходимлари билан сўроқ-савол ўтказган. Кўп ўтмай улар қайтиб келиб, телеканалдаги кабинетларни тинтиб, компьютерларни текширганлар.

- Бунгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўшдаги бир ходими ЎшТВга келиб, шаҳар суди қарори асосида телекомпания билан мобил алоқа ширкатининг СМС овоз бериш бўйича шартномаларини сўраб, Ўш мэрини сайлаш пайтидаги кўрсатувларни сўраб, тушунтириш хати ёздириб кетганди. Жума куни соат 15 ларда хавфсизлик қўмитасининг икки ходими яна келиб, “телеканал биносида тинтув ўтказамиз”, дейишди. Мен: “Тинтув ўтказиш учун рухсатноманглар борми?” дегандан кейин суд санкциясини олиб, яна қайтиб келишибди. Мен кабинетимни ёпиб кетгандим. Улар: “Очмасанглар, эшикни бузиб бўлса ҳам кирамиз”, дейишган. Кейин ҳеч кимни чиқармай, ҳеч кимни киргизмай, текширув ўтказишган. Ҳаммаёқни тинтиб, оладиганини олиб кетишибди аввалги НКВДнинг ясовулларидай бўлиб. Буларнинг ҳаммасидан таъқиб, қатағоннинг ҳиди келаяпти, - деди ЎшТВ директори Эрнис Қиязов Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Унинг айтишича, телекомпанияга собиқ мэр Мэлис Мирзақматов номзодини қўллаш пайтида берилган “Бағит” (“Йўналиш”) ва “Кунчабит” (“Сарҳисоб” маъносида – таҳр.) кўрсатувларида одамларни, шимол-жанубни бир-бирига қайраш иллатлари бўлди, дея даъволар билдирилмоқда. Аммо ЎшТВ директори Қиязов бу иддаолар асоссиз, деган фикрда.

ЎшТВ директори Эрнис Қиязов.
ЎшТВ директори Эрнис Қиязов.
- Кўпинча расмийларга мухолиф бўлган кишиларнинг фикрларини бериб турамиз. Чунки мухолифлар фикрини КТРдан ёки ЭлТРдан бераётгани йўқ. Бунинг остида катта сиёсат ётибди. Албатта, асосий ҳужум менга эмас, Мирзақматовга бўлаётганини мен яхши тушунаман, - деди Эрнис Қиязов.

Ўзбек миллатига мансуб тадбиркор Халилжон Худойбердиев томонидан асос солинган ва унинг хусусий мулки бўлган ЎшТВ нафақат Ўшдаги, балки минтақадаги биринчи хусусий телеканаллардан бўлиб ҳисобланади. Мазкур телеканалга 1991 йили асос солинган.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида содир бўлган миллатлараро тўқнашувга қадар ЎшТВ ўзбек, қирғиз ва рус тилларида кўрсатувлар тайёрлаб, эфирга узатиб келган. Июнь воқеаларидан кейин телевидение орқали “миллатлараро низо қўзғашга чақирганлик”да айбланган Халилжон Худойбердиев Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳозир оиласи билан Ғарб мамлакатларининг биридан сиёсий бошпана олиб яшаётган Худойбердиев 3 йил муқаддам Озодликка берган суҳбатида ЎшТВ телекомпаниясини ўша пайтдаги шаҳар мэри Мэлис Мирзақматов куч билан тортиб олганини айтганди. Аммо эндиликда собиқ мэрга айланган Мирзақматов ўша пайтда бу иддаоларни рад этган.

Шунга қарамай, жамоатчилик орасида июнь воқеаларидан кейин ўзбек тилида мутлақо кўрсатув тайёрланмай қўйган ЎшТВнинг ҳақиқий эгаси Мэлис Мирзақматов экани айтиб келинади.

400 дан зиёд одам нобуд бўлган Ўш воқеалари чоғида ҳам шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Мирзақматов ўтган йилнинг 5 декабрида Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан Ўш мэри вазифасидан бўшатилган. Шу йилнинг 15 январида ўтказилган мэр сайловида яна шаҳар ҳокими лавозимига номзодини қўйган Мэлис Мирзақматов ўз рақиби Айтмамат Қадирбаевга ютқазиб қўйган.

Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мэлис Мирзақматов.
Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мэлис Мирзақматов.
Расмий Бишкекнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Мирзақматов сайловдан кейин баҳор келиши билан сиёсий курашни давом эттириш ниятида эканини билдирган.

Сўнгги пайтларда Мэлис Мирзақматовга тез-тез минбар бериб келган ЎшТВ телекомпаниясига айни пайтда Қирғизистон Жиноят кодексининг 299-моддаси бўйича жиноят иши очилган. Телеканал ҳудудлараро низо қўзғаганликда айбланмоқда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган матбуот варақчасида айтилишича, 2014 йилнинг 8 январидан 15 январигача ЎшТВ телеканали орқали “Бағит” ва “Кунчабит” кўрсатувларини эфирга узатиш чоғида субтитрларда мамлакат аҳолисини ҳудудий жиҳатдан ажратувчи СМС-хабарлар кўрсатилган”. Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, телеканалга қарши жиноят иши 29 январь куни қўзғатилган.

- Бу иш бўйича тезкор-тергов тадбирлари олиб борилди. 31 январь кунги тинтув эса Ўш шаҳар суди санкцияси билан ўтказилди. Ҳамма иш қонун доирасида амалга оширилмоқда. Тергов ишлари якунига етганидан кейин яна батафсил маълумот берамиз, - деди Рахат Сулайманов Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида.

ЎшТВ телеканали жамоаси эса шу кундаги текширувларни босим деб ҳисоблаб, бу борада Қирғизистон омбудсменига ва журналистлар жамоатчилигига мурожаат қилиш ниятидалар.
XS
SM
MD
LG