Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:19

Ўзбекистонликлар баҳорга сақлаган сабзавотни совуқ урди


Ўзбекистоннинг қатор шаҳар ва туман деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, гарчи ўраб қўйилган бўлсада, совуқ урди. Сотувчилар Қарши деҳқон бозорида музлаб қолган тарвузларни, Косонсойда эса картошкаларни ахлатга ташлашга мажбур бўлдилар. Тўртинчи февралга келиб мамлакатда ҳаво ҳарорати бироз кўтарилди. Лекин, аксар вилоятларда мактаб, боғча, коллеж ва лицейлар ёпиқлигича қолмоқда.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда ҳукм сурган совуқ ҳаво деҳқон бозорларида савдо қиладиган сотувчиларнинг ташвишини кўпайтирди.

Айниқса, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан очиқда савдо қиладиган деҳқон ва савдогарларнинг ҳаммаси ҳам молларини совуқдан асраб қололмади.

Қарши шаҳрининг четида жойлашган Ерқўрғон деҳқон бозорида юк машиналаридаги барча маҳсулотлар музлаб қолди, дейди қаршилик бозорчи Баҳодир:

- Бу бозорга катта юк машиналарида ҳар нарса олиб келишиб, мошинани ўзидан туриб сотишади. Тарвузлар, қовунлар яхлаб қолди, савдогарлар куйиб қолди. Яхши ўралмаган картошкалар ҳам яхлаб қолди. Ҳаммасини олиб чиқиб ташлашди, деди Баҳодир.

Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги деҳқон бозори яқинида яшайдиган Муҳиддин ҳам ўраб қўйилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқ уриб кетганини айтади:

- Совуқ жуда қаттиқ бўлди. Бозорда энди деҳқон йўғу, лекин савдогарлар картошкаларни кигиз, наматга ўраб қўйган экан, барибир музлаб қопти. Картошка музлагандан кейин ёнғоққа ўхшаб қолади экан, қопини кўтарсанг шарақлайди экан, деди Муҳиддин.

Савдогарларнинг айтишларича, кимки молини бозор омборхоналарига олиб кириб қўйган бўлса, совуқдан асраб қолган. Ташқарида турган маҳсулотларни эса, ўраб қўйилганига қарамай, совуқ урган.

Тўйтепалик Наримоннинг айтишича, деҳқон бозоридаги савдогарлар ўз молларини совуқдан асраб қололган, бироқ шу кунларда бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллашган:

- Қор қалин тушганидан сўнг кечаги якшанба куни бозорда макарон, қанд-шакар каби маҳсулотлар тақчил бўлди. Чунки йўл ёмон бўлгани учун тижоратчилар Ўрикзор улгуржи бозорига боришмабди, деди Наримон.

Ўтган беш-олти кун орасида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати -28 даражагача пасайиб, мамлакат аномал совуқ исканжасида қолди.

Уч кун давомида тинмай ёққан қор одамларнинг тинка-мадорини қуритди. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши боис аксарият туманлардаги коллеж, лицей, мактаб ва боғчалар бир ҳафтага ёпилди. Йўллар яхлаб қолгани боис йўлларда автоҳалокатлар кўпайгани айтилади.

Ўзбекистон Гидрометеорология маркази маълумотига кўра, кейинги 2-3 кун ичида Республикада совуқ ҳаво ҳарорати илиб боради. Жума куни Тошкент шаҳрида кундуз куни ноль даражага тушиши ва кейинги кунларда кўтарилиб бориши айтилади.
XS
SM
MD
LG