Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:09

Ўзбекча Википедия фаоллашадиган бўлди


“Ўзбеклар Википедияда фаол бўлмагани учун Алишер Навоий уйғур бўлиб қолди!” “Мен таҳрир қилишни бошлаганим пайтда инглизча Википедияда Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби машҳур ўзбеклардан биронтаси ҳақида ҳам мақола йўқ эди…”

Бу гапларни янги рукнимиз - ОзодWiki рукнидаги дастлабки эшиттириш меҳмони - ва балки рукннинг келажакдаги муаллифи – Википедиянинг ўзбекча бўлими Маъмури Нодир Отаевнинг айтганларидан узиб олдик.



***

Озодлик маълумоти:

Нодир Отаев бу йил 26 га тўлади, у Қирғизистоннинг Сулукта шаҳрида 1988 йили туғилган, Исфана шаҳридаги (Боткен вилояти) 4- ўзбек гимназиясини 2006 йили имтиёзли аттестат билан битирган.

2011 йили Бишкекдаги Отатурк-Олатоғ Халқаро Университетини “Бизнес менежменти” ихтисослиги бўйича муваффақиятли тамомлаган.


2009-2010 ўқув йилида Кэрол Коллежда (АҚШ, Монтана штати, Хелена шаҳри), 2011 августидан 2013 июлигача Марказий Европа Университетида (Венгрия, Будапешт шаҳри) таҳсил олган.

Иқтисодиёт магистри.

Википедиячиликни Ўзбекистон ва ўзбеклар тўғрисида инглизча матнлар ёзишдан бошлаган.

Шу кунда ўзбекча Википедия маъмури.

Халқаро ташкилотлардан бирининг Исфанадаги ваколатхонасида ишлайди.

Ўзбек, қирғиз, рус, турк, инглиз тилларида ёза ва ўқий билади, бу тилларда бемалол гапира олади.

Рубоб ва гитара чалади, рок мусиқасига қизиқади ва шу жанрдаги асарларни ижро этади.


***



Википедия нима эканлигини бугунги кунда кўпчилик билади. Кўпчилик кунда, кун ора мазкур Интернет энциклопедияга мурожаат қилиб, ундан ўзини қизиқтирган саволлар жавобини топади.

Лекин биз Википедиянинг нима эканлигини билмайдиганлар ҳали кўп, деган фикрдан келиб чиқиб, мазкур энциклопедия тўғрисида туркум маърифий эшиттиришлар тайёрлашга қарор қилдик.

ОзодWiki рукни остидаги 3-, 4-, 5- ва ҳоказо эшиттиришлар шакли ва мазмуни қандай бўлиши тўғрисида, тўғриси, ҳозир бир нарса дея олмаймиз.

Лекин Биринчи ва Иккинчи эшиттиришимиз қандай бўлиши аниқ: уларда википедиячи Нодир анойининг саволларига жавоб берадики, унинг жавоблари кейинги эшиттиришларни тинглаш учун зарурий тамал бўлади.

Демак, Биринчи ва Иккинчи эшиттиришларни Википедия нималигини биладиганлар эшитмасаям бўлаверади.

Эшитмасангиз бўлаверадию лекин эшитиб қўйсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди. Масалан, Википедияга мақола ёзган одам қанча ҳақ олишини билмайсиз-ку, тўғрими?

Шундай қилиб, анойининг дастлабки саволларига Википедиянинг ўзбекча бўлими Маъмури Нодир Отаев берган жавобларни эшитинг:

XS
SM
MD
LG