Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:15

Тошкентда Оқсарой ёнидаги ҳарбий омбор ёниб кетди


Ёнғин чиққан ҳарбий қисмдаги омборнинг ташқи кўриниши. Суратни мобил мухбиримиз йўллади.
Ёнғин чиққан ҳарбий қисмдаги омборнинг ташқи кўриниши. Суратни мобил мухбиримиз йўллади.
Тошкент шаҳар Мудофаа бошқармасига қарашли ҳарбий қисм омбори якшанбага ўтар кечаси ёниб кетди. Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими омборни сақлаб қолиш имкони бўлгани, бироқ ҳарбийлар ҳужжат суриштириш дардида ўт ўчирувчиларни ёнаётган бинога вақтида қўймагани боис бино тўлиқ ёниб кетганини айтди.


Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Тошкент шаҳар Мудофаа бошқармасига қарашли 55159 рақамли ҳарбий қисм омборхонасига 10 февралга ўтар кечаси ўт тушди.

Бу хабарни тасдиқлаган Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, ёнғинни тезроқ бартараф қилиш мумкин эди, бироқ ўт ўчирувчиларнинг ишига ҳарбийлар ҳалал берган.

- Ёнғин ҳақида хабар келганидан сўнг, бизнинг ўт ўчирувчилар зудлик билан етиб боришганда бинонинг томи ва ичи ёнаётган экан. Кейин бир группа ташқаридан ўт ўчиришни бошлаган. Иккинчи гуруҳз эса ичкаридан кириб ўчириши керак эди. Лекин ҳарбийлар гувоҳнома, рухсатнома сўраб ичкарига киритишмаган, шунга анча задержка бўлди, - дейди мулозим.

Унинг айтишича қисқа муддат ичида 2 минг квадрат метрдан ортиқ омбор ёниб кул бўлган. Омборда нима сақлангани Озодликка ҳозирча номаълум.

- Кейин бизга тезда асбоб-анжомларимизни йиғиштириб кетинглар, деб айтишди. Ёнғин келиб чиқиш сабабини мутахассисларимизнинг билишга ҳаққи йўқ экан. Ўзлари, ҳарбий прокуратура текширар экан, - деди ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозими.

Ўт ўчирувчиларнинг айтишича, бино томининг икки қават бўлгани ҳам ёнғинни тезроқ бартараф этишга ҳалақит қилган.

Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳар Мудофаа бошқармасига қарашли 55159 ҳарбий қисмнинг омборхонаси (собиқ ҳарбий комендатура) биноси ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган. Бу бино Президент девонидан 400 метр, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан 150 метр узоқликда жойлашган.

Бу Ўзбекистонда ҳарбий қисм омборида ёнғин чиққанига оид Озодликка маълум иккинчи хабардир. 2008 йилнинг 10 июлида Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги ҳарбий омборда ёнғин чиққан ва омбордаги қурол-аслаҳа бир неча кун давомида портлаган эди.

Аммо, кейинги пайтларда мамлакатдаги саноат корхоналари ва айниқса, савдо мажмуалари ва бозорларда ёнғин чиқиш ҳоллари кўпайгани кузатилмоқда.

Бундан бир ой муқаддам "GM-Ўзбекистон” қўшма корхонаси учун автомобил ўриндиқлари ишлаб чиқарадиган Андижон шаҳридаги “Ўз-Тонг Хонг Ко” қўшма корхонаси омборида ёнғин рўй берган эди.

Ўтган йил ҳам Ўзбекистондаги бир қанча давлат ва хусусий объектларда ёнғин бўлган.

Жумладан, 29 август куни Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуаси ва Намангандаги “Туркистон” мажмуасига ўт кетган.

29 июль куни Тошкентдаги Эски Жўва, халқ орасида эса Чорсу, деб аталадиган бозорнинг миллий кийим-кечаклар сотиладиган қисмида чиққан ёнғин натижасида тўртта дўкон ёниб, кул бўлган.

4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси Марғилон шаҳрининг Ипакчилар мавзесидаги собиқ Ипак комбинати ўрнида жойлашган "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуасининг озиқ-овқат қисмида катта ёнғин бўлган.

Июль ойида эса Тошкентнинг Кичик халқа йули олдида масжид, Андижондаги мадраса ва Фарғона шаҳри марказида жойлашган "Александрия" номли савдо мажмуасида ҳам ёнғин бўлган эди.
XS
SM
MD
LG