Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Волгоградда маошини сўраб иш ташлаган 100 ўзбек кўчага қувилди


Волгограднинг “Сады Придонья” ширкатида маош берилмагани сабабли иш ташлаган 100 ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишдан бўшатилди. Корхона раҳбарияти ўзбек ишчиларини “меҳнат интизомини бузгани учун” ишдан бўшатиб юборганини иддао қилаётган бўлса, мардикорлар бир неча ойлик иш ҳақини ололмаётгани ва “ноинсоний муносабатдан” норози бўлиб қўзғалганини айтмоқда.


Ўзбек ишчилари: Ойлигимизни беринг!

Волгоградда маоши берилмагани учун 5 кун олдин иш ташлаган ўзбекистонлик 100 дан ортиқ ишчи бирдан бўшатилди ва қаҳратон қиш кунида юк-тақи билан кўчага қувилди.

Волгограддан Озодлик Радиосига боғланган Ўзбеклар миллий диаспораси вакили Қаҳрамон Эшчанов январь охирида “Сады Придонья” Миллий озиқ-овқат ширкати раҳбарияти ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида иш ҳақи устида можаро бошланганини айтди.

- Бу ерда юзлаб ватандошимиз тиззадан қорда, совуқда кўчада юрибди. Бир кун протест қилгани учун иш берувчи уларни ҳайдаворган кўчага. “Ойлигимизни беринг, иш шароитимизни яхшиланг, овқатларимиз бўлмаяпти!”, деб талаб қилган. Бу “Сади Придонья”да, асосан ўзбекистонликлар ишлайди. Тахминан, 100 киши кўчада турибди! Камига ҳозир Волгограднинг бутун куч ишлатар тизимлари мобилизация қилинган ўша ерга. Шундай совуқда бераётган шўрвасини миннат қилиб беряпти экан – концлагерда ҳам бунақа овқат бермаса керак! Мана шунақа шовинизмлар бўляпти бу ерда,- дейди ўзбек муҳожирлари вазиятига гувоҳ бўлган Қаҳрамон Эшчанов.




“Сады Придонья” Миллий озиқ-овқат ширкати минтақадаги йирик корхоналардан биридир. Волгоград ўзбек жамоаси вакили сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари мева шарбати ишлаб чиқарувчи бу корхонада шартнома асосида ишлаганига қарамасдан, асоссиз айбловлар билан ишдан бўшатиб юборилган.

Қаҳрамон Эшчанов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:38 0:00
Бевосита линк



“Сады Придонья”: Ишчиларнинг ўзлари айбдор!

“Сады Придонья” ширкатининг Волгограддаги идораси Озодлик мухбирига ўзбек ишчилари билан “меҳнат шартномаси бекор қилингани” сабабларини тушунтиришга уринди.

Ширкатдан олинган маълумотга кўра, ишчилар тартибсизлиги учун бўшатилган ва аввалига иш ташлаган 160 га яқин ишчининг 52 нафари хатосини тушуниб қайтгач, яна ишга қабул қилинган.

Ширкат вакили Елена Нечипоренко ишчиларнинг кўчага қувилганини ҳам инкор қилди.

- Нима бўлганини тушунтираман: 102 киши декабрь ва январь ойларида сурункали ишга чиқмагани ва тартибсиз бўлгани учун ишдан бўшатилди. Иш ташлаган муҳожирлар бир гапни гапиряпти, лекин қолган 52 киши ишга чиқяпти, ишлаяпти-ку. Ҳозир турли текширувлар кетяпти. Эртага жавоби чиқса керак. Уларга иш ҳақлари ҳисоблаб берилган – маош берилмаяпти, деган гап ёлғон. Улар 12 соатлаб ишлагани ҳам туҳмат! Улар ҳозир ўз ётоқхонасида, текширув натижасини кутаяпти, - деди “Сады Придонья” Миллий озиқ-овқат гуруҳи расмий вакиласи Елена Нечипоренко.

Шу тариқа иш берувчи ташкилот ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари февраль бошларида асоссиз иш ташлагани, бундан олдин сабабсиз ишга келмагани ва жанжал кўтариб муштлашгани сабабли ишдан бўшатилганини таъкидламоқда.


Прокуратура: Текширяпмиз!

Ҳодиса юзасидан Волгоград вилоят прокуратураси ва Меҳнат вазирлигида текширув олиб борилмоқда.

- Ҳа, Волгоград вилоят прокуратураси талаби билан Давлат меҳнат инспекцияси текширув олиб бормоқда. Бунга маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумот асос бўлди. Бундан ортиқ маълумот бера олмайман, - деди Озодликка Волгоград вилоят прокурори ёрдамчиси Оксана Чередина.

Айни пайтда, Волгоград ахборот воситаларида “гастарбайтерлар маст ҳолатда ғалаён кўтаргани”, “маҳаллий аҳоли билан жанжал ва муштлашув уюштиргани” ва “янги йил байрамларини давом эттириб, ишга чиқмагани” сабабли ишдан ҳайдалгани тўғрисида хабарлар тарқамоқда.


Ишчилар: Ҳаққимизни олмагунча, тарқамаймиз!

Ишсиз қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг бир қисми ҳануз корхона эшиклари олдида норозилик акциясини давом эттирмоқда.

Санжар исмли сурхондарёлик ишчи можаронинг келиб чиқиши ҳақида сўзлаб берди:

- Бизга булар пулни кам берди. “Бўлди бир ҳафтадан кейин бераман”, деди. Бир ҳафта ўтди, яна ишладик. Яна бермади. Охири кейин ҳамма ўзбеклар кўтарилди, ишламаймиз деб. Ётоқларимизни ёптириб ташлаб, кўчага чиқариб юборди: "Бир сўм ҳаққинг йўқ!" деб. 6 февралгача эшшакдек ишлаганмиз! 10 минг сўм ойлигимиз бўладиган бўлса, болларга 2,5 минг, 500 сўм чиқиб келди декабрь ойлигимиз. Ҳозир кўчада турибмиз, пулни сўраб, - дейди Санжар.

Санжар корхона раҳбарияти ишчиларга қўяётган айбловларининг бирортаси ҳақиқатга яқин эмаслигини айтди. У каби ётоқхонадан чиқариб юборилган ўзбекистонлик ишчилар совуқда кўчада тургани ва “Сады Придонья” маъмуриятидан ўз ҳақини олмагунча тарқамаслигини айтмоқда.

Қуйида Санжар билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:53 0:00
Бевосита линк


Озодлик Волгограддаги “Сады Придонья” корхонасидаги можаро устидан кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG