Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:15

"Навоий" ИЭС ишчиларига 3 ойдан бери маош берилмаяпти


"Навоий" иссиқлик электр станциясининг бир гуруҳ ишчиси 3 ойдан буён меҳнати учун ҳақ берилмаётганидан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилди. Ташкилот расмийлари Озодлик билан суҳбатда ишчиларга маош берилиши кечикаëтганини Тошкентдан маблағ келмагани билан изоҳлади.

"Навоий" иссиқлик электр станцияси (ИЭС) нинг исми ошкор этилмаслигини сўраган ходими Озодлик билан суҳбатда ишчилар маошининг уч ойдан бери берилмаётганини билдирди:

- Ҳақиқаттан шундай муаммо бор. Ноябрь ва декабрь ойларида берилгани йўқ. Январь ойиники ҳам берилмади, деди ташкилот ходими.

"Навоий" ИЭС Бош бухгалтери Шукур Ҳожиев Озодлик билан суҳбатда 12 февраль куни вақтинча Бош бухгалтер этиб тайинланганини таъкидлай туриб¸ ишчиларга маош бериш муаммоси яқин кунларда ҳал бўлишини билдирди:

- Маблағ юқоридан ҳал қилиниб, бу ёққа жўнатилиши керак. Мен ҳозир вақтинчалик Бош бухгалтер вазифасини бажарaяпман. Кеча “приказ” чиқди. Бу муаммо бугун эрта ҳал бўлиб қолади. Мен бугун Тошкент билан гаплашаман. 2-3 кундан кейин ҳал бўлади, деди Бош бухгалтер.

Очиқ акциядорлик жамияти бўлган "Навоий" ИЭС энергетика соҳасидаги 53 та корхона ва ташкилотни бирлаштирган “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси томонидан молия билан таъминланади.

“Ўзбекэнерго”нинг Озодлик билан суҳбатда бўлган расмийлари "Навоий" ИЭС ишчиларига уч ойдан бери маош тўланмаётгани сабабини шарҳлашдан бош тортди.

"Навоий" ИЭС қурилиши 1960 йилда Зарафшон дарёсининг чап қирғоғидан 7 километр нарида бошланган ва 1963 йилда фойдаланишга топширилган.

Озодлик манбасига кўра, ҳозир "Навоий" иссиқлик электр станциясида қарийб 1500 нафар ишчи ишлайди.

Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) 2013 йил август ойида "Навоий" иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга 354 миллион доллар қарз ажратишни ваъда қилган.

Бу Ўзбекистондаги электр станцияси ишчи ва ходимларига ойлик маошлар ойлаб берилмаётган биринчи воқеа эмас.

2012 йил 23 ноябрь куни "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли Қибрайдаги “Тошкент” иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчиси 3 ой давомида ойлик маошларини ололмаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўша йил 27 ноябрда Марказий Осиёдаги энг йирик иссиқлик электр станцияси – “Сирдарё” ИЭС нинг ишчилари бир неча ой меҳнат ҳақларини ололмаётганидан Озодликка шикоят қилган.

Икки йирик корхона ишчиларининг Озодликка шикоятлари ортидан декабрь ойида “Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси Қибрайдаги “Тошкент” ИЭС ва Ширин шаҳридаги “Сирдарё” ИЭС ларининг 3000дан зиёд ишчисига иш ҳақи тўлаган.
XS
SM
MD
LG