Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:50

“Ўзмобайл” МТСнинг частота ресурслари базасини эгаллайди


“Ўзбектелеком” ҳиссадорлик ширкатининг “Ўзмобайл” филиали базасида ташкил этилаётган янги миллий мобил алоқа оператори аввал “Ўздунробита” (МТС-Ўзбекистон) фойдаланиб келган частота ресурслари базасини эгаллайди. Айни пайтда “Ўзбектелеком”ширкати тассаруфига ўтказилган “Ўздунробита”нинг асосий мулкининг тақдири номаълум қолмоқда.


“Ўзбектелеком” ҳиссадорлик ширкатининг “Ўзмобайл” филиали базасида ташкил этилаётган янги миллий мобил алоқа оператори GSM тармоғи “Ўздунробита” фойдаланиб келган частота ресурслари базасида ташкил этилади.

Буни тасдиқлаган “Ўзбектелеком” ширкатининг ўзини таништирмаган масъули айни пайтда “Ўздунробита”нинг ширкат тасарруфига ўтказилган мол-мулкига дахл қилиниш ёки қилинмаслиги ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Ҳозир CDMA тизимида ишлаётган “Ўзмобайл” уяли алоқа хизмати миллий мобил операторига айлангач, 2017 йил охиригача GSM стандарти базасидаги мобил алоқа тармоғини жорий этиши айтилмоқда.

Уч марта кимошди савдосига қўйилиб, харидор топилмаган “Ўздунробита”нинг барча мол-мулки эксплуатация қилмаслик шарти билан “Ўзбектелеком” тасарруфига ўтказилган эди.

Айни пайтда Россиядаги МТС ширкати Ўзбекистондаги қарийб бир миллиард долларлик мулкини қайтариб олиш ва Ўзбекистон бозорига қайтиш учун курашни давом эттираяпти.

18 февраль куни МТС ширкатининг Москвадаги бош офиси расмийси “Ўздунробита” частота ресурсларининг “Ўзмобайл”га ўтказилиши билан боғлиқ хабарни изоҳлашдан тийилиб туришни маъқул топишганини айтди.

“Бу ўта нозик масала. Шунинг учун бу мавзу борасида ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермасликка қарор қилдик”, деди МТС расмийси.

2012 йилнинг июлида МТС фаолияти тўхтатилиши оқибатида мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "Ўздунробита"нинг 10 миллионга яқин мижози бир кунда алоқасиз қолган эди.

Расмий Тошкент “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион АҚШ долларидан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган.

Тошкент ҳукуматини Ўзбекистондаги мўмай даромад келтирадиган бизнесларни тортиб олишга уринишда айблаган МТС ширкати ўзига қўйилган айбларни рад қилган ва Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID)га Ўздунробита лицензиясининг бекор қилиниши юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

МТС ширкатининг 1,5 йилдан буён Ўзбекистон уяли алоқа бозорига қайтиш уринишлари самарасиз бўлаяпти.

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистон президентининг мамлакатда янги миллий алоқа операторини ташкил қилиш ҳақидаги жорий йил 12 февралдаги махсус қароридан сўнг МТСнинг қайтишидан умид узилганини таъкидламоқда.

Янги миллий алоқа оператори жорий йил охиригача Тошкент шаҳрини, 2015 йилда барча вилоят марказларини, 2017 йилгача эса бутун Ўзбекистонни қамраб олиши режалаштирилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 19 миллион киши уяли алоқадан фойдаланади. Бу мижозларга Beeline ва Ucell GSM-операторлари ҳамда Uzmobile ва Perfectum Mobile CDMA-операторлари хизмат кўрсатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG