Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:32

Смартфон ва планшетлар Интернет-кафелар бозорини касод қила бошлади


Ўзбекистонда Интернет-кафелар сони сўнгги икки йил давомида қарийб 25 фоизга камайгани айтилмоқда. 5-6 йил муқаддам одам тирбанд бўлган Интернет-кафеларнинг камая бошлаганига, мутахассислар фикрича, одамлар смартфон ва планшетлар орқали Интернетдан фойдаланаётгани ва бошқа омиллар сабаб бўлган.

Бухоролик 19 ёшли Нуриддин Озодликка сўнгги икки йил давомида ўзи яшайдиган ҳудудда Интернет-кафелар сезиларли даражада камайганини айтди.

- Тошкентни билмайман, аммо Бухорода Интернет-кафелар камайган. Ҳозир кўпчиликда замонавий телефонлар бор. Одамлар Интернет-кафеларнинг компьютерларидан камроқ фойдаланаётгани шундан-да, - дейди бухоролик Нуриддин.

Журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам сўнгги икки йил давомида Тошкентда Интернет-кафелар сони қарийб 25 фоизга камайганини айтди.

Ташанов фикрича, одамларнинг Интернет-кафелардан камроқ фойдалана бошлаганининг қатор сабаблари бор.

- Интернет-кафеларда Интернет тезлиги юқори эмас. Чунки катта Интернет тезлигини сотиб олиш бўйича юридик шахслар учун жуда қиммат нархлар белгиланган. Мижозлардан келадиган даромад бу нархларни кўтармайди, - дейди ўзбекистонлик журналист.

Ташановга кўра, ҳозир пойтахтдаги аксар Интернет-кафеларда асосан болалар турли ўйинлар ўйнайди.

- Ҳозир одамларнинг мобил телефонлар, стационар телефонлар орқали, ADSL системалари орқали Интернетдан фойдаланиши кўпайган. Интернет-кафеларга талаб нисбатан кам. Интрернет-кафеларда болалар кўпроқ. Улар ўйин ўйнайди. Компьютерларни ўйинларга мослаштириб қўйишибди, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналист фикрича, Ўзбекистонда Интернет-кафелар қаттиқ назорат остида бўлгани ҳам мижозлар камайишига сабаб бўлган.

- Интернет-кафелар ҳақиқаттан ҳам кучли назорат остида. Чунки администратордан тортиб, кафенинг ўзига видеокамералар ўрнатилган. Масалан, сиз қайси сайтларга кираётганингизни кўриб туради. Ҳозир одамлар Интернет-кафедан кўра кўпроқ уйида ёки шахсий телефони орқали бемалол Интернетдан фойдаланишга ҳаракат қилишади, - дейди ўзбекистонлик журналист.

Компьютер технологиялари бўйича мутахассис Санжар Исаев Озодликка ҳозирда одамлар илмий ёки бошқа маълумотлар излаб эмас, балки мулоқот учун Интернетдан фойдаланишини, ёшлар эса турли онлайн ўйинлар билан машғул эканини афсусланиб гапирди.

- Мобиль телефон, смартфонлар ишлатадиган одамлар Instargam га жуда ҳам кўп киради. WhatsApp да ўтиради. Интернет ҳозир фақат алоқа бўлиб қолди. Олдингига ўхшаб ҳозир биз Google га ёки Yandex га кириб, маълумот изламаймиз. Ҳозир дўстларимиз билан суҳбатлашамиз. Шу бизга қизиқ бўлиб қолган, - дейди Санжар Исаев.

Тошкентдаги Alfa Fobus Интернет-кафеси соҳиби Абдуллоҳ Озодлик билан суҳбатда Интернет-кафеларга асосан ёшлар ўйин ўйнаш учун келишини айтди.

- Компьютери борлар Интернетга уйидан киради. Планшетдан, сотовий телефондан кўпроқ кириши тўғри. Интернет-кафега келадиганларнинг 80 фоизи онлайн ўйин ўйнайди. 20 фоизи Интернет учун келади. Компьютерини вақтида янгиламаган Интернет-кафелар икки йилда ёпилади. Чунки компютер дастурлари эскиради. Дастурни янгилаганлари ишини давом эттираверади, - деди Абдуллоҳ.

Санжар Исаев фикрича, бундан буён Ўзбекистонда Интернет-кафелар камайишда давом этади.

- Интернет-кафелар назаримда камаяди. Ҳозирги кунда технология ҳам ихчамлашяпти, ҳам тезлашяпти. Энг муҳими, одамларнинг чўнтаги боп. Бемалол сотиб олишяпти. Мисол учун, ўзимизнинг маҳаллий “Артел” ширкати ҳам “Андроид” системаси билан смартфонлар чиқаряпти. Бошқа “Андроид” смартфонлар билан рақобатлаша олади. Тўғри, секинроқ ишлайди, лекин ўша вазифани бажаради, - деди ўзбекистонлик компьютер технологиялари бўйича мутахассис Санжар Исаев.

Президент Ислом Каримов декабр ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган маросимда қилган маърузасида 2013 йилда Интернет абонентлари сони 2012 йилга нисбатан 18,3 фоизга ўсиб, 7 миллион 100 минг нафарни ташкил этишини айтган. Қўл телефони орқали Интернетдан фойдаланувчилар сони бунга кирмайди.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, 2013 йил декабрь ойига қадар мамлакатда мобиль алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони 19 миллионни ташкил этиб, ҳар бир оилага ўртача 3 та уяли телефон тўғри келмоқда.
XS
SM
MD
LG