Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:46

Ғаллаоролда 7 яшар бола қутурган ит тишлаганидан сўнг ўлгани маълум бўлди


Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидаги бир-бирига қўшни икки қишлоқда икки ёш бола қутурган ит тишлаб ўлгани тўғрисидаги норасмий хабар қисман тасдиқланди. Тумандаги давлат муассасаларидан олинган маълумотларга қараганда, воқеа норасмий манба айтганидай февралда эмас, балки декабрда юз берган.

Озодликнинг Ғаллаорол туман соғлиқни сақлаш муассасаларидан биридаги манбасига кўра, қутурган ит тишлаши оқибатида бир бола ҳалок бўлган ва бу воқеа ўтган йилнинг декабрида юз берган.

- 2007 йилда туғилган Умурзоқов Музаффар қутурганганликда гумон қилинган ит билан контактда бўлганидан кейин 20 декабрга ўтар кечаси касалхонага ётқизилган, ўша касалликка чалингани гумон қилинган ва лаборатория текширувлари гумонни тасдиқлаган. Шундан кейин бола вафот этган, деди манба. Унинг айтишича, Музаффар тумандаги Чувиллоқ қишлоғида яшаган.

Озодликнинг Ғаллаоролдаги норасмий манбасидан олинган хабарга кўра, ”тумандаги оралиғи 1 километр бўлган Чувиллоқ ва Кашшоф қишлоқларида февраль ойида қутурган ит тишлаб, 2 ёш бола ҳалок бўлган. Болалардан бири 1- синф, иккинчиси 2- синф ўқувчилари бўлган.”

Манбанинг айтишича, бу ҳақдаги маълумотларни у туман касалхонасида ишлайдиган тиббиёт ҳамшираси ҳамда тилга олинган икки қишлоқ аҳолиси вакилларидан эшитган.

Ғаллаорол туман халқ таълими бўлими мутасаддиларидан бири ҳам, худди туман соғлиқни сақлаш муассасаси вакили каби норасмий манба хабарини қисман тасдиқлади: гап қутуришдан ўлган икки эмас, бир бола ҳақида кетаяпти. Лекин халқ таълими бўлимида ўлган ўқувчининг исм-фамилиясини айтиб бера олишмади.

Туман санитария-эпидемиология станцияси вакилидан олинган маълумотга қараганда, “воқеа юз берганидан бери туман ҳудудидаги барча итлар рўйхатга олинди, улар эмланаяпти, итларга паспорт берилаяпти, дайди итлар комхоз томонидан йўқ қилинаяпти, ветеринария бошқармасидан юборилган чора-тадбирлар режасида кўрсатиб ўтилган барча ишлар амалга оширилмоқда”.

Ўтган ҳафтада баъзи сайтлар Жиззах вилоятининг Бахмал ва Ғаллаорол туманларида “уй ҳайвонлари ёппасига қутура бошлагани”, тўғрисида хабар қилган эди.

Бу хабар кетидан Озодлик Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати билан боғланган, хизмат мутасаддиси Озодлик саволига жавоб берар экан, “ёппасига қутуриш”, деган иборанинг ўзи нотўғри эканлигини, гап битта-иккита алоҳида ҳолат тўғрисида бўлиши мумкинлигини” таъкидлаб айтган, лекин Ғаллорол туманида декабрда юз берган воқеа тўғрисида айтмаган эди.

Лекин айни пайтда Давлат ветеринария хизмати вакили “январдан бошлаб қутуриш касаллигининг олдини олиш юзасидан жиддий чоралар кўрилаётганини” урғулаб айтган эди.
XS
SM
MD
LG