Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Тошкентда озиқ-овқат сўнгги бир ойда 15-20 фоизга қимматлади


Ўзбекистон пойтахти бозорларида сотилаётган баъзи муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сўнгги бир ойда 15-20 фоизга қимматлади. Аҳолига кўрсатиладиган баъзи хизматлар нархи эса, 50 фоизгача ошди.

Озодлик ҳамкорларидан бири Тошкентнинг “Фарҳод” бозоридаги баъзи муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг сўнгги бир ойдаги динамикасини ўрганди.

Ҳамкоримиз тақдим этган қиёсий таблицадан мол ва қўй гўшти сўнгги бир ой ичида 12,5 % гача, писта ёғи 10% га, сарёғ қарийб 11% га, картошка ҳам шунчага қимматлаганини кузатиш мумкин. (Қуйидаги таблицага қаранг)


Айни пайтда гурунч ва нон нархида ўзгариш йўқ.

Бироқ баъзи хизматлар нархи, масалан, автотўхтов жойи хизмати нархи 25% га ошган.

Тошкентлик савдогар Миркомил Тошкандийнинг айтишича импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳам февралнинг учинчи ўн кунлиги бошидан буён ошиб кетди.

- 15 - 20 фоизга ошди. Масалан, кофе, Россия ва Украинадан келадиган шоколад, сарёғ нархлари ошиб кетди, деди Миркомил Тошкандий.

Маҳсулот номи

Бир ой аввалги нарх

11 мартдаги нарх

Мол гўшти 1кг. 20.000 сўм 21.500 - 22.500 сўм
Қўй гўшти 1 кг. 22.000 сўм 23.500 - 24.500 сўм
Писта ёғи 1 л. 5.000 сўм 5.500 сўм
Сарйғ 1 кг. 19.000 сўм 20.000 сўм
Ун 1 кг. 1.900 сўм 2.000 сўм
Гуруч 1 кг. 2.500-3.300 сўм 2.500-3.300 сўм
Сабзи 1 кг. 800-900 сўм 800-1.000 сўм
Картошка 1 кг. 1.600-1.800 сўм 1.600-2.000 сўм
Тандир нон 500-800 сўм 500-800 сўм
Автотўхтов жойи
хизмати
1.800-2.000 сўм 2.000-2.500 сўм
(Юқоридаги маълумотлар Тошкентдаги ҳамкоримиздан олинди)


Ўзбекистон бозорларида озиқ-овқат ва хизматлар нархлари ошгани тўғрисида Ўзметроном сайти ҳам хабар қилди. Мазкур нашрга кўра, бир ой олдин 5500 сўм турган 200 граммли сарёғ бугун 7500 сўмга сотилаётганини, бозор ёнидаги автотўхтов жойи хизмати нархи эса, 1500 сўмдан 2000 сўмга кўтарилган.

Келтирилган нархларни Тошкентдаги поликлиникалардан бирининг жарроҳи маошига қиёслаб кўришингиз мумкин. Ўзини “доктор Шокиров”, деб таништирган жарроҳ, бир ярим ставка ишлашини, ойига 600 минг сўм маош олишини OzodNazar эшиттириши саволларига жавоб бераётиб айтган эди.

Демак, доктор Шокиров бир ойлик маошига шу кунда тахминан 24 кило қўй гўшти сотиб олиши мумкин.

Доктор Шокиров бир ой олдин битта ойлигига тахминан 27 кило қўш гўшти сотиб олиши мумкин эди.

Демак бир ойлик инфляция дўхтирнинг 3 кило гўштини “еб қўйди”.

Ҳа, айтганча, Ўзметроном сайти “давлат поликлиналарида ишлайдиган врач кўрсатадиган хизмат ҳақи 10000 сўмдан 17000 сўмга кўтарилгани” тўғрисида ҳам хабар қилди.

Биз доктор Шокиров билан яна боғландик. У “давлат поликлиникасида тиббий хизматнинг пуллик тури йўқ”, деди.

Тошкентдаги 32- поликлиника телефонини кўтарган ходима ҳам доктор Шокировнинг гапини такрорлади: “Бизнинг поликлиникада катталар учун ҳам, болалар учун ҳам пуллик хизмат умуман йўқ”, деди.

Масалага ойдинлик киритиши мумкин бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан эса, саволимизга жавоб олиб бўлмади: вазирлик бўлимлари ҳар доимгидай хушмуомалалалик билан бизни бир-бирига йўналтиришдан нарига ўтмади.
XS
SM
MD
LG