Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:53

Бирдамлик етакчисининг отаси Ҳасан Чориев Шаҳрисабзда дафн этилди


72 ёшида оламдан ўтган қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ҳасан Чориев 16 март куни Шаҳрисабздаги Чуқмозорота қабристонига дафн этилди.


Ҳасан ота қамоқдан чиққанидан икки ой ўтиб, 15 мартга ўтар кечаси оламдан ўтди.

У ўтган йил июнида қашқадарёлик 19 ёшли аёлнинг номусига тажовуз қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган ва Тошкент вилоят маҳкамасининг қарори билан 5 йилу 2 ой қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Ҳасан Чориев шу йилни январ ойида амнистия асосида Товоқсойдаги қамоқхонадан муддатидан олдин озод этилди.

72 ёшида вафот этган Ҳасан ота мухолифатдаги "Бирдамлик" ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг отасидир.

Чориевнинг яқинлари икки марта юрак ҳуружини бошдан кечирган отахонни аҳволи қамоқдан чиққанидан сўнг ёмонлашганини айтишади.

- Бир ҳафта олдин мазалари қочиб қолди. 15 мартга ўтар кечаси жон бердилар, - деди Ҳасан отанинг яқинларидан бири.

“Бирдамлик” ҳаракати Ҳасан ота Чориевнинг вафоти тасодифий эмас, дея ҳиcобламоқда.

“Ҳасан Чориев Каримов қамоқхонасининг тузини татиб кўриш оқибатида ҳаётдан кўз юмди”, деб баёнот берди ҳаракат ўз саҳифасида.

Ҳасан Чориев қамалишидан олдин, 2012 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) бўйича айбланиб, маҳкамага тортилганди.

Унинг Қамаши туман ҳокими устидан Миллий Хавфсизлик Хизматининг маҳаллий бўлимига шикоят билан мурожаат қилгани жиноят иши очилишига сабаб бўлган.

Ҳакам ўшанда Чориевга АҚШда истиқомат қилувчи ўғли Баҳодир Чориевни "тинчлантирмас экан", қамоқ жазоси белгиланиши муқаррарлигини айтган.

Озодлик билан суҳбатда Ҳасан Чориев шундай деган эди: “Америкага еттита ўғлим, олтита келиним, ўттизга яқин набирам кетган. Ҳозир оила яна қўзғолсин, яна кўтарилсин, деган маънодами, билмайман - биздан қасд оляпти булар”, - деган эди Ҳасан ота.

Ҳасан Чориевнинг АҚШда яшаётган ўғли, "Бирдамлик" раҳбари Баҳодир Чориев ҳам ўзининг сиёсий фаолияти учун ҳукумат отасини жазолаётганини айтганди.
XS
SM
MD
LG