Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:53

Интернетда “Гулнора Каримованинг қўриқчилари” сурати пайдо бўлди


Гулнора Каримовани уйидан чиқармай қўриқлаётгани иддао қилинаётган кишилардан бирининг фотосурати (Твиттердан олинди).
Гулнора Каримовани уйидан чиқармай қўриқлаётгани иддао қилинаётган кишилардан бирининг фотосурати (Твиттердан олинди).

Твиттер микроблогида уй қамоғида бўлган Гулнора Каримовани қўриқлаётгани даъво қилинган одамлар фотосуратлари чоп қилинди. Иддао қилинишича, қўриқчилик хизмати ходимлари каби кийинган бу кишилар Ўзбекистон президентининг хотини Татьяна Каримова ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қўйилган соқчилардир.


Г. Каримовани гўё уйидан чиқармаётган қора кийимли кишилар суратини Твиттер микроблогида @Persona887788 аккаунти эгаси чоп қилди. Унинг иддао қилишича, Татьяна Каримова ва МХХ одамлари Гулнора Каримовани бир ойдан буён уй қамоғида ушлаб туришибди.

“Татьяна Каримованинг шахсий тансоқчиси Нодир Валиев у (яъни Татьяна Каримова – таҳр.) ҳамда (МХХ генераллари) Ҳаёт Шарифхўжаев ва Рустам Иноятов ўртасида курьерлик қилаяпти”, деб ёзади Persona887788.



Эслатиб ўтамиз, 17 февраль куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли Тошкентдаги квартирада тинтув ўтказилган, квартирада бўлган 10 чоғли одам қўлга олинганди.

Россиялик блоггер-журналист Антон Коробковнинг Гулнора Каримова сўзларига таяниб маълум қилишича, ўша куни қўлга олиш гуруҳи Гулнора Каримова истиқомат қиладиган уй томидан еттинчи қават балконига тушиб, квартирага бостириб кирган. Бу пайтда хонадонда Гулнора Каримованинг ўзи, қизи Имон Каримова, унинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров, шунингдек, Гулноранинг яқинлари бўлган Гаянэ Авакян, қўлида 1,5 ёшли қизчаси бўлган Екатерина Клюева ҳамда хизматкорлар бўлган.

Гулнора Каримова квартирасида тинтув ўтказган кишилар бу ерда ҳозир бўлганларнинг мобил телефонлари ва компьютерларини олиб қўйганлар, ушланганларни эса ҳеч қанақа айблов эълон қилмай олиб кетганлар. Гулнора Каримованинг россиялик журналистга айтишича, тинтувга шахсан Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматининг бошлиғи, генерал Муиджон Тоҳирий раҳбарлик қилган.

Бу воқеадан кейин чиққан хабарларда айтилишича, Гулнора Каримова ва унинг қизи Имон ўшандан буён уй қамоғида сақланмоқда.

@Persona887788 аккаунти эгаси таъвилича, Гулнора Каримовани уй қамоғида ушлаб турганлар бу ишни фош бўлишдан қўрққанлари учун амалга оширмоқдалар.

“Бу аҳмоқгарчиликларнинг барчасининг сабаби фош бўлишдан қўрқишдир. Халқ олдидаги қўрқув, чет элдаги маблағларини йўқотишдан қўрқиш, уларнинг асл моҳияти фош бўлишидан қўрқиш”, деб ёзади ўзининг Гулнора Каримовага яқин одам эканини иддао қилаётган @Persona887788 аккаунти эгаси.



Бу твитларнинг муаллифи ўзининг Гулнора Каримова эмаслигини ҳам қайд этган. Ўзбекистон президентининг тўнғичига тегишли @GulnaraKarimova аккаунтида эса 16 февралдан буён ҳеч қандай ёзув қолдирилмаган.

@Persona887788 аккаунти эгаси ёзувдан келиб чиқилса, Ўзбекистон президенти ўз қизи Гулнора Каримова атрофида содир бўлаётган воқеалардан хабардор.

Журналист Уилл Райтнинг “Каримов қизи ва набирасининг ҳибс этилишига рухсат бердими? Ё у энди вазиятни назорат қила олмай қолганми?” деган саволига @Persona887788 аккаунти эгаси “Йўқ, назорат қила олмаяпти. Ҳатто назорат қилаётган бўлса ҳам, у аслида нима бўлаётганини била олмайдиган даражада параноя ҳолатида”, дея жавоб берди.



@Persona887788 аккаунти эгасига кўра, Ислом Каримов “ҳокими мутлақдир ва улар унинг ҳокимиятни йўқотиш қўрқинчидан фойдаланган ҳолда, унинг ҳар қандай ҳаракати устидан манипуляция қилаяптилар, ҳатто оиласига қарши чиқараяптилар”.

Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримовага босимлар ўтган йилнинг октябр ойида бошланган, унга қарашли экани тахмин этиладиган теле ва радиостанциялар, дўконлар, жамғармалар ëпилган. Яқинда эса Швейцария прокуратураси ҳам “Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда тергов бошланган"ини эълон қилди.

Швейцария Бош прокуратураси баёнотида айтилишича, Гулнора Каримова 2013 йил сентябрида гумонланувчига айланган. Бироқ прокуратура буни 2014 йил 12 мартигача очиқламаганди.
XS
SM
MD
LG