Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:17

Қирғизистонда акромийлик тақиқланди


Акромийликда айбланган Гулмира Мақсутова 2006 йилда Ўш суди томонидан оқланган эди.
Акромийликда айбланган Гулмира Мақсутова 2006 йилда Ўш суди томонидан оқланган эди.

“Акромийлик Ўзбекистон ҳукуматига қарши курашувчи ташкилот ҳисобланади, шунинг учун Қирғизистонда унинг аъзолари унчалик кўп эмас”, деб билдирди Акромия суд томонидан тақиқланганини шарҳлаган Қирғизистон давлат дин ишлари қўмитаси расмийси Бақтибек Ўсмўнов.

Қирғизистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратураси судга акромийлик ҳаракатини тақиқлаш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Судга тақдим қилинган маълумотномада Акромия ҳаракати 1999 йилда Ўзбекистонда ташкил қилингани ва 2005 йилнинг май ойида содир бўлган қонли Андижон воқеаларидан сўнг кенг оммага танилгани айтилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, суд бу илтимосни кўриб чиққан ва акромийлик ҳаракати фаолиятини Қирғизистон ҳудудида тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган.

- Акромийлик ҳаракати Ўзбекистонда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Унинг асосчиси Акром Йўлдошев деган шахс бўлган. Бу ташкилот аъзолари Афғонистонда, Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатларига аралашган.
Қирғизистонда акромийлар асосан жанубий вилоятларда бор. Бу ташкилотнинг аъзолари Қирғизистонда унча кўп эмас. Чунки акромийлик ҳаракати асосан Ўзбекистон ҳукуматига қарши фаолият юритувчи ташкилот ҳисобланади, - деди Қирғизистон Дин ишлари давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Бақтибек Ўсмўнов.

Қирғизистон милицияси тарқатган маълумотда мамлакатда расман акромийлик ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб 50 киши рўйхатга олинган.

Қирғизистонда акромийларга нисбатан биринчи жиноят иши Ўш шаҳар судида 2006 йилнинг сентябрь ойида кўриб чиқилган эди. Ўшанда Ўш шаҳар суди акромийлик ҳаракатига алоқадор тўрт киши, жумладан, акромийлар йўлбошчиси экани айтиладиган Акром Йўлдошевнинг Андижондан қочиб, Қирғизистондан бошпана топган қизи Гулмира Мақсутовани оқлаган эди.

Акромия ҳаракати Ўзбекистонда ҳам тақиқланган. 2005 йилнинг сентябрида Ўзбекистон Олий суди акромийлик ҳаракатига мансублиги айтилган 15 кишини Андижон воқеаларини уюштирганликда ва террорчилик ҳаракатларини содир этганликда айбдор, деб топган эди.

2009 йилнинг 13 май кунида эса Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида акромийлар гуруҳи томонидан “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти тузилгани хабар қилинган.

2014 йилнинг февралида Ўзбекистон махсус хизматлари диний-экстремистик ва террорчи ташкилотларга мансубликда гумонланаётган қарийб 1500 одамни қидирувга бергани ҳақидаги махфий ҳужжат фош этилгани ҳақида Озодлик радиоси хабар берган эди.

Мазкур рўйхат асосида қидирилаётганларнинг 298 нафари акромийликда гумонланганлардир.
XS
SM
MD
LG