Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Қирғизистонда ўзбекча тестлар яна бекор қилинди


Қирғизистон Маориф ва Фан вазирлиги жорий йилда олий ўқув юртларига кириш ҳуқуқини берувчи Умумреспублика тест имтихонларининг ўзбек тилида олиниши бекор қилинганини билдирди. Бунинг ортидан ўзбек мактабларини битирган минглаб ўқувчиларнинг кўпчилиги олий маълумотли бўлиш ҳуқуқидан ажраб қолиши мумкин.

“... ва бошқа тилларда” олиб ташланди

Қирғизистон Маориф ва Фан вазирлигининг касбий билим бериш бошқармаси бошлиғи Абдуманнап Жўлдўшев Озодлик радиосига берган интервьюсида 2014 йилда тест имтихонлари ўзбек тилида олинмаслигини тасдиқлади.

-Тестларнинг баҳоси қимматлаб кетаяпти. Чунки ўзбек тилида фақат мингга яқин одам имтихон топширади. Улар имтихонни ўзбек тилида топширгани билан Олий ўқув юртларида рус ёки қирғиз тилларида ўқишмоқда, -деди Абдуманнап Жолдошев.

​Суҳбатдошимизнинг айтишича, 2006 йилда ҳукуматнинг Умумреспублика тестлари тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда тест имтихонлари “қирғиз, рус ва бошқа тилларда ўтказилади” деган банд бўлган. Ўтган йили эса ҳукумат мазкур қарорга ўзгартириш киритиб, тест имтихонларини қирғиз ва рус тилларидан бошқа тилларда ўтказилишига рухсат берувчи “ва бошқа тилларда” деган жумлани қарор матнидан олиб ташлаган.

-Ҳукуматнинг янги қабул қилган 404-сонли қарорида “ва бошқа тилларда” деган жойи олиб ташланган, -деди Абдуманнап Жолдошев.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қирғизистондаги ўзбек мактабларида 122 минг 200 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, улар орасидан умумреспублика тестини топширишни истаганлар сони йилдан йилга қисқариб бормоқда. Бунга расмийлар 2004 йилда ўзбек тилида тестни 1 минг 932 битирувчи топширгани, 2011 йилга келиб эса ўзбек тилида тест топширишни истаганлар сони 1 минг 74 кишига тушиб қолганини далил ўлароқ келтирадилар.

Бироқ 2013 йилда ўзбек тилида тест топширишни истаганлар сони 1600 кишини ташкил этган.

Шамшибек Медетбеков: Ўзбекча тест имтиҳонининг бекор қилиниши ноқонунийдир

Бишкеклик таниқли сиёсатчи Шамшибек Медетбеков Қирғизистонда ўзбек мактаблари битирувчиларига мамлакат Олий ўқув юртларига кириш ҳуқуқини берувчи Умумреспублика тест имтихонини ўз она тилларида топшириш бекор қилинганини “Аксликонституциявий ҳаракат” сифатида баҳолади.

-Мана шу йўл билан қирғиз тилини ривожлантирамиз, деб ўйлашаяпти. Бироқ бундай йўл билан қирғиз тили ривожланмайди. Агар ҳукумат мана шу тарзда давлат тилини ривожлантирмоқчи бўлса, у ҳолда мамлакатдаги рус, ўзбек, тожик тилидаги барча мактабларни ёпиши керак. Бу эса яхшиликка олиб келмайди. Албатта, қирғиз тилини ривожлантириш нияти бу жуда яхши, қўллаб-қувватлашга лойиқ ният. Бироқ бунинг учун ҳукумат энг аввало ўқитиш сифатини яхшилаб, ўзбек тилида ўқийдиган ўқувчиларни қирғиз тилида ҳам ўз она тилида гаплашадиган даражага етказиши керак. Ана шундан сўнггина битирувчиларга қайси тилда тест имтихонлари топширишнинг фарқи бўлмай қолади. Бунинг учун эса, яна такрорлайман, давлат тилини ўрганиш учун қулай шароит яратиб беришимиз керак,-деди Шамшибек Медетбеков.

Қирғизистонда 2013 йилда ҳам тест имтихонларини ўзбек тилида топшириш тақиқланган эди. Бироқ жамоатчилик босими остида имтихонлар арафасида Қирғизистон Маориф вазирлиги тестларни ўзбек тилида топширилишига рухсат берган.

Шамшибек Медетбеков раҳбарлигидаги “Қирғизистон Халқлари конгресси” сиёсий партияси 2013 йилда биринчилардан бўлиб тест имтихонларининг ўзбек тилида олиниши тақиқланганига қарши сиёсий баёнот берган ва ўзбекча имтихонлар қайта жорий этилишини талаб қилиб жамоатчилик вакилларидан мингдан ортиқ имзо тўплашга муваффақ бўлган эди.

Куни кеча “Қирғизистон Халқлар Конгресси” сиёсий партияси 2014 йилдўа ўзбек тилида тест имтихонлари бекор қилинишига қарши баёнот қабул қилди.

-Қирғизистон ҳукумати ва парламентига “ўқувчи 11 йил қайси тилда ўқиган бўлса, тест имтихонини ўша тилда топширсин”, деган талаб билан мурожаат жўнатдик. Ўтган йили қабул қилган мурожаатимизга минглаб одамлар имзо чеккан эди. Бу йил ҳам Маориф вазирлиги имтихонлар арафасида жамоатчилик овозига қулоқ солиб, ўзбек тилида тест топширишга рухсат беради, деган ниятдамиз, -деди Шамшибек Медетбеков.
XS
SM
MD
LG