Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 9 май арафасида совет қўшинларининг II Жаҳон урушидаги ғалабасини тамсил этган Георгий лентасини тарқатиш тадбирини ўтказмоқда. Бироқ Озодлик билан суҳбатлашган тошкентликлар бу тадбирда маҳаллий ўзбеклар фаол иштирок этиши мумкинлигига шубҳа билан қарамоқдалар.
Шу йилнинг 21 апрелидан россиялик дипломатлар бегим кунлари ўзларининг Тошкентдаги элчихонаси олдида барча хоҳловчиларга Георгий лентасини улашиш тадбирини бошлаб юбордилар. Бу ҳақда Озодликка элчихонанинг матбуот атташеси Дмитрий Петров маълум қилди.
- Тадбирни 21 апрелдан 8 майгача ўтказаяпмиз. (Лентани) эрталаб соат 9 дан кечки соат 18 гача элчихонамиз дарвозаси олдида тарқатяпмиз. Истаган одам бу ерга келиб, биздан текинга лента олиб кетиши мумкин, - деди Дмитрий Петров.
“Акция бошланганидан буён қанча лента тарқатдингиз?”, “Келаётган одамлар асосан кимлар – ёши улуғ одамларми ёки ёшлар?” каби саволларимизга жавобан Россия элчихонаси вакили Петров бу борада ўзида ҳеч қанақа статистик маълумот йўқлигини айтди ва тадбир якунланганидан кейин бу ҳақда бирор маълумот бериши мумкинлигини қўшимча қилди.
23 апрель куни Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ёнидан ўтган Миркомил ака у ерда одам сийрак бўлганини айтади.
- Ҳозир ҳам Россия элчихонаси олдидан ўтиб келдим. Ҳозирча – байрам яқинлашгани муносабати биланми ё анча вақт борлиги учунми – бу унча катта шов-шувга эга бўлмаяпти. Ими-жимида бўлаяпти бу нарса, - деди тошкентлик Миркомил ака.
Суҳбатдошимиз Россия элчихонаси Георгий лентасини тарқатиш ўрнига урушда қатнашган қарияларни рағбатлантиришни ўйласа, яхшироқ бўларди, деган фикрда.
Тошкентлик Жаҳонгир ака Шосалимов мулоҳазасича, рус дипломатларининг бу тадбири бир-икки йил аввал ўтганда, балки қўлловга эга бўлиши мумкин эди. Бироқ шу кунда Россия билан Украина ўртасида кузатилаётган можаролар афкор оммани Москва тамсилчиларининг “зафар акциялари”га шубҳа билан қарашга ундаши мумкин.
- Россия халқини биз ҳурмат қиламиз, Россияга чексиз муҳаббатимиз бор. Лекин бу рус шовинизмига ҳурмат дегани эмас. Рус манфаатларини Ўзбекистон манфаатларидан юқори қўйиш дегани эмас. Шу маънода бу рус шовинизмидан, рус миллатчилигидан кенгроқ миқёсда бўлганида, биз албатта қўллаб-қувватлардик, - деди Жаҳонгир Шосалимов шу кунда бу каби тадбирлардан шовинизм иси анқиётганга ўхшаётганини қўшимча қиларкан.
Мазкур акцияда асосан маҳаллий руслар ва расмий Тошкент сиёсатидан норози айрим ўзбеклар иштирок этиши мумкинлигини тахмин қилган суҳбатдошимиз айни пайтда ўзининг бу акцияга бориш нияти йўқлигини урғулайди.
Тошкентлик Миркомил ака ҳам рус элчихонасининг мазкур акциясида иштирок этмоқчи эмас. Суҳбатдошимиз бу тадбир ўзининг бошқа миллатдошлари орасида ҳам оммалашишига ишонмайди.
- Сабаби мен одамлар кўпроқ бу кунни кўчада байрам қилмасдан, иложи бўлса, мозорларни, қабристонларни обод қилиб, қарияларни қадрлаб юрганини кўп кўряпман. Ўзбек мозорга Георгий лентасини тақиб бормайди, - деди тошкентлик Миркомил ака.
Эслатиб ўтамиз, Россияда Ғалаба куни сифатида нишонланадиган 9 май куни Ўзбекистонда 1999 йилдан буён Хотира ва қадрлаш куни ўлароқ нишонлаб келинмоқда. Бу кунда Ўзбекистонда урушларда қурбон бўлган аждодлар ёдланади, ёши улуғ кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.