Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:30

Давлат музейидан ўғирлаган расмларнинг айримлари қайтарилгани айтилмоқда


Расм оригинали ва копияси
Расм оригинали ва копияси
Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳазинасидаги ўнга яқин картина ўғирланиб¸ ўрнига қалбаки нусхалари қўйилганига оид жиноят иши доирасидаги тергов давом этаëтгани билдирилди.


"Давлат музейидаги расмлар қалбакисига алмаштирилган"

5 май куни Озодликка бир ҳужжат ва сифати унчалик яхши бўлмаган фотосуратлар илова қилинган аноним мактуб келиб тушди.

Бу мактубда Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланган 7 та дурдона асарнинг асл нусхаси қайтарилгани иддао қилинган.

Uzbekistan - original and copy of the painting "Girl with fruit" by Nikolaev
Uzbekistan - original and copy of the painting "Girl with fruit" by Nikolaev
Мактубда нодир асарларнинг муаллифлари келтирилган.

Қайтарилган расмлар О.Татевосьяннинг – “Бухара” (Дорога на Ургут), “На рыбалке” ва Н.Караханнинг “Чойхона” асари. Шунингдек, Зоммернинг - “Девушки у хауза”, “Шашлычная” ва “Мост через реку” асари. Рассом А.Николаевнинг – “Девушка с фруктами” ва бошқа асарлари. Бу таниқли мўйқалам усталарининг асарлари муқаддам Давлат санъат музейи экспанати бўлган. Ҳозир ўз қадрдон музейига қайтарилган бу картиналар жиноятнинг ашëвий далили сифатида малакаланиб турибди”¸ дейилади мактуб давомида.

Бу мактубда шунингдек шу вақтгача айни номда Ўзбекистон давлат музейида турган асарлар қалбаки бўлгани, уларнинг асл нусхалари ғойиб бўлишига Гулнора Каримованинг алоқадорлиги иддао қилинди.

“Гулнора Каримованинг буйруғи билан унинг одамлари музей хазинасидаги умумхалқ бойлиги бўлган дурдона асарларни бемалол ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб чиқишган. Пировардида бу асарлар Гугуша нигоҳини севинтирсин дея¸ унинг чет элдаги саройлари деворларига илиб қўйилган”, дейилади мактубда.

Каримовага нисбатан бундай иддаолар аввал хам бўлганлиги сабабли Озодлик радиоси уларни яна бир бор текширишга ҳаракат қилди. Давлат санъат музейида айни асарлар асл нусхаси ғойиб бўлгани расман тасдиқланди.
Аммо мактубда тилга олинган барча маълумотларни тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳнинг электрон почтасига ҳам айни шу мазмундаги мактуб ҳужжат ва фотографиялар илова қилинган ҳолда аноним тарзда йўлланди. Муҳаммад Солиҳга кўра¸ рус тилидаги бу маълумот МХХдан Гулнора Каримовага қарши компромат ўлароқ сиздирилгани эҳтимолга яқин.


Музейдаги тафтишда камомад аниқланди

Ўзбекистон Давлат санъат музейида ўтган тафтиш мобайнида камомад аниқлангани хабари ўзбек матбуотида тилга олинди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиевадан интервью олган Uz24.uz порталининг ёзишича, асл асарлар ўғирланиб, ўрнига сохтаси қўйилгани суриштирув жараёнида аниқланган.
Расмнинг асли ва қалбакиси
Расмнинг асли ва қалбакиси
Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 42 экспертдан иборат ва ўта замонавий ускуналар билан қуролланган ишчи гурух барча экспонатларни инвентаризация қилиш бўйича музейда бир ойдан буён иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбаси иддаосига кўра¸ музей ҳазинасида сақланган Татевосьян Оганес Карапетович (1889-1974)¸ Карахан Николай Григорьевич (1900- 1970)¸ Рихард-Карл Карлович Зоммер (1866 – 1939), Александр Васильевич Николаев (Усто Мумин) (1897—1957) каби рассомларнинг “Туркистон авангарди” услубида яратган ўнга яқин асари музейдан ўғирланиб, ўрнига қалбаки нусхалари қўйилган.
Зоммер асарининг асли ва қалбакиси
Зоммер асарининг асли ва қалбакиси
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда асарларнинг оригиналлари музейга қайтарилган ва бу картиналарнинг қалбакиси билан алмаштириб қўйишда гумон қилинган музей ходимлари эса сўроқ қилинмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг исми сир қолишини истаган собиқ мулозимининг Озодликка маълум қилишича¸ шу кунларда Ўзбекистон Давлат санъат музейи хазинасидаги ўнга яқин картина ўғирланиб¸ ўрнига қалбаки нусхалари қўйилганига оид жиноят иши доирасидаги тергов давом этамоқда.


Эксперт: Қалбаки нусхалар " ўта уқувсизларча чизилган"

Озодлик тасарруфида музейда қалбакисига алмаштирилган етти нодир асарнинг репродукцияси бор. Шу билан бирга бу оригинал картинанинг қалбаки нусхаларининг фотосуратлари ҳам Озодликда мавжуд.
Асарнинг асли ва қалбакиси
Асарнинг асли ва қалбакиси
Бу репродукциялар билан танишган рассом ва тасвирий санъат эксперти¸ ҳозир АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Сергей Игнатьев бу репродукцияларнинг сифати ëмонлиги боис улар ҳақида хулоса бериш қийинлигини билдирди.

Игнатьев ўз тасарруфидаги айнан ўша 7 асарнинг сифатли репродукциясини таҳлил қилиб¸ бу асарларнинг бадиий ва тижорий қиммати юксаклиги, шу боис ўғрилар нишонида қолганини айтди.


Ўғирлик изи Гулнора Каримовага бориб тақалдими?

Ўзбекистон давлат музейидаги талон-тарожликлар ҳақида Озодлик радиоси 5 ойдан бери ўз суриштирувини олиб бормоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирган эди.

Бу суриштирувлар давомида Ўзбекистон Давлат санъат музейига оид бир нечта асарнинг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида экани аниқланди.


Расмнинг асли ва қалбакиси
Расмнинг асли ва қалбакиси
Бу уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон эълон қилган картиналар фотосуратларини кўрган санъатшунослар бу картиналар орасида 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари борлигини аниқлашган эди.

Озодлик суҳбатлашган асли ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев, ўзидаги маълумотларга асосланиб, бу асарларнинг музей фондларидан ўғирланган бўлиши мумкинлигини иддао қилган.

Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан чиққан Уфимцевнинг 3 дона асари Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланганми ëки йўқми, деган савол ҳали ўз жавобини топмади.

Аммо, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ музейнинг тасвирий графика бўлимини инвентаризация қилиш жараёнида Уфимцевнинг 6 та асари сохта экани аниқланган.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи раҳбарияти бу юзадан Озодликка изоҳ бермади.


"Тафтиш жараёни шаффоф эмас"

Озодлик билан суҳбатда Игнатьев тасвирий саънат дурдоналарининг ўғирланишига кўпчиликнинг қули борлини тахмин қилади.

- Ҳозирча ўғирлик юзасидан тергов олиб бораëтган мутасаддилар жараëннинг шаффофлигидан манфаатдор эмасдай туюлмоқда. Улар ҳозир Гулнора Каримованинг чўкиб қолганидан фойдаланиб миллий бойлигимизнинг талон-тарож бўлишига алоқадор бошқа одамларни яширишга уринишмоқда¸ - дейди рассом Сергей Игнатьев.
Расмнинг асли ва қалбакиси
Расмнинг асли ва қалбакиси
Озодлик ўз суриштируви мобайнида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ишлаган ва тасвирий санъат учун учун маъсул бўлган собиқ мулозимга ҳам мурожаат қилди.

Ўз исми эълон қилишини истамаган бу арбоб Озодлик билан ёзишмада музейларга оид санъат асарларининг мулозимлар тарафидан талон-тарож қилиниши схемаси тафсилотларини очиқлади.


“Она ўйлари” асарини ҳам ўғирлашга уринишган"

Ўз иддаосини facebook тармоғи орқали Озодликка йўллаган бу собиқ мулозим Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги энг машҳур асар бўлган “Она ўйлари” асари ҳам махсус схема асосида мамлакатдан олиб чиқиб кетиб, сотиб юборилишига бир баҳя қолган:

"Москвада раҳматлик Раҳим Аҳмедовнинг катта шахсий кўргазмаси ташкил этилган, унга Ўзбекистон музейларидан ҳам бир қанча шоҳ асарларни зўравонлик билан Опанинг номидан олиб боришган (Опа дейилганида Гулнора Каримова назарда тутилган - Таҳр.). Хусусан, бутун дунëга машҳур булган "Она ўйлари” асарини ҳам Москвада хусусий коллекционерларга сотишга келишилган. Ўзбекистон ДСМнинг бебаҳо дурдонаси булган бу асарни 58 минг (АҚШ доллари)га сотиб олишга Э. (Исми сир сақланмоқда - Таҳр.) билан келишишган. Э. Раҳим акани бу асаридан Москванинг ўзида копия ишлаб беришга кўндирган. Бироқ кўргазма залининг бошлиғи бундан хабар топгач, қаттиқ жанжал рўй берган. Москвадаги кўргазмага асосий, музей фондидан олинган ишларни зудлик билан Тошкентга қайтариб жўнатишган. Олинган аванс эвазига рўйхатда бўлмаган ишларни бериб қутулишган.Тансиқбоев ва Уфимцев асарлари кўргазмалари ҳам шу каби хуфëна ва Опа топшириқ берди, деган темпларда ўтказиб келинган", деб ёзган собиқ мулозим бундай ҳолатлар камида бир марта Интерпол тафтишига мавзу бўлганини ҳам қўшимча қилди:

"Бундай схемада ташкил қилинган бир-икки кўргазмаларга Ўзбекистоннинг давлат музейларидан олиб чиқиб кетилган баъзи шедеврлар билан боғлиқ кўнгилбузар ЧП лар туфайли Вазир Рустам Қурбонов ишдан кетган, дейишади.(Маданият ва спорт ишлари собиқ вазири назарда тутилган - Таҳр.) музейидан олинди, дея гумон қилиниб текширилган эди", деб ёзди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ишлаган ва соҳа учун маъсул бўлган собиқ мулозим.

Мулозим иддаосига кўра, айнан бу схема асосида Ангрендаги Уфимцев галереясидан Кашина, Тансиқбоев, Лабас, Аҳмаров асарлари сирли тарзда ғойиб бўлган.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қўнғироқ қилиб, мамлакат музейларидаги ўғирлик ва камомадлар борасида сўраган изоҳига жавоб олмади.


Жавобсиз саволлар ëки ўғри фақат бир кишими?

Озодликка келиб тушган мактуб ва унга илова қилинган фотосуратлар билан танишган рассом Сергей Игнатьев мактубинг аноним муаллифларига бир нечта савол ҳозирлади.
Расмнинг асли ва қалбакиси
Расмнинг асли ва қалбакиси
Бу саволларни мактуб муаллифининг электрон почтасига жўнатдик, аммо ҳануз жавоб олмадик.

Айни пайтда Сергей Игнатьевнинг бу жавобсиз саволларини тингловчилар диққатига ҳам ҳавола қилишга қарор қилдик:

"Биринчи галда бу расмлар қандай қилиб чет элга чиқиб кетган, қайси қарор ва ҳужжат асосида бу расмлар чегарани хатлаган, картиналарнинг оригинали ўрнига музей фондида копия деб айтишга ҳам тил айланмайдиган ва арзимас савиядаги жўн чапламалар туриши билан боғлиқ факт бу жиноятнинг музей маъмурияти билан жиноий келишув асосида бўлганига ишоратдир.

Нусхаларнинг нопрофессионаллар тарафидан ўта малакасиз тарзда чизилиши фактидан келиб чиқиб¸ бу жиноят музей ходимлари иштирокида бўлган, дея олсак¸ навбатдаги саволлар келиб чиқади:

1) Бу расмлар айнан қайси музейга оид бўлган?

2) Оригинал картиналарнинг қалбакисига алмаштириб қўйилганидан ким хабардор бўлган?

3) Музей ходимлари ҳамда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозимларининг бу жиноятга алоқаси қанчалик ўрганилди?

4) Бу картиналарни чет элга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги изн берганми?

5) Бу картиналарнинг оригинали айнан қаердан топилди? Гулноранинг уйиданми? Агар шундай бўлса, қайси уйидан ва қачон?

6) Расмларни ким Ўзбекистонга ким қайтарди? Ҳуқуқ тартибот идораларими ëки “яхши ниятли одамлар”ми?

7) Ҳозир бу картиналар қаерда? Музейдами ëки ҳуқуқ-тартибот идорасидами?
Музейдан йўқолгани айтилган асар
Музейдан йўқолгани айтилган асар
8) Ўзбекистон миллий бойлигини ўғирланиши юзасидан жиноий иш очилганми? Агар очилган бўлса¸ ким томонидан ва қачон очилган?

9) Мактуб муаллифи картиналар ўғирланганига Гулнора Каримова алоқадор, деб ëзибди. Қайси асосга кўра бундай ҳулосага келинди?

10) Бу айблов мактубида айбни фақат Гулнора Каримова зиммасига ағдариб¸ ҳақиқий картина ўғриларни ўзини кўздан пана қилишни мақсад қилмаганми?

11) Менга маълум бўлишича¸ Алишер Навоий номли кутубхонадан нодир китоблар ўғирланган. Бу китоблар орасида Қуръони каримнинг ноëб нусхалари ва шарқ миниатюра усталари чизган расмлар билан безалган дурдона қўлëзмалар бор. Кутубхонадаги ўғирлик юзасидан жиноят иши очилганми?

12) Энг муҳими¸ шу пайтгача Гулнора Каримова устидан жиноят иши очилмасдан унинг зиммасига айблар юкланмоқда. Гулнора Каримова атрофида шовқин-суронли айбловлар процессуал нормаларга зид тарзда ўтмоқда. Нега шундай? Каримовлар оиласи шу тариқа ўз ўрнига келмоқчи бўлган юқори лавозимли амалдорлар билан муроса йўлини изламоқдами?

Рассом Сергей Игнатьевнинг бу саволлари ҳануз жавобсиз.


Ўзбекистон музейлари – ноëб асарларнинг қўриқланмаган сандиғи

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мамлакат музейларида ўғирлик ва талон-тарож эпидемия каби тарқалгани эсланади.

Хива Ичан қалъа музейи бош муҳофизи Озод Каримов 1992 йилда музейда юз берган ўғирлик ҳануз очилмаганини айтади:

- Ҳозир ҳам ўшанда ўғирланган экспонатлар Интерпол қидирувида долзарб бўлиб турибди¸ - дейди суҳбатдош.

2001 йил охирида Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан рус рассомларининг бешта машҳур асари ўмарилган эди.

Айвазовскийга оид “Даштда кун ботиши”¸ Тропинин чизган “Обаленский портрети”¸ Брюлловнинг “Турк қизи”¸ Крамскойнинг ”Қизил дуррали қиз” ва Суриковнинг “Мерган қиз” асарлари ўғирлаб кетилган эди.
Тошкент давлат санъат музейи
Тошкент давлат санъат музейи
Кейинги икки-уч йилда Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан итальян рассоми Томазо Солари чизган “Олма ушлаган Венера” ва машҳур рассом Беллони мўйқаламига мансуб “Чўмилаëтган аëл” асарларини ўғирлашга уриниш бўлган.

Ўзбекистон музейларидаги кўп асарларнинг оригиналлари пулланиб¸ ўрнига қўлбола нусхаларини қўйиш амалиëти ҳам урчигани айтилади.

- Ўзбекистондаги Тасвирий санъат билим юртининг икки ўқитувчиси Давлат санъат музейдаги асарларни алмаштириб қўйиш мақсадида нусха ишлагани учун ўтган йили жиноий жавобгарликка тортилди¸ - дейди исми айтилишини истамаган яна бир санъатшунос Озодлик суҳбатда.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд.

Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи бир неча миллион доллардан ошади.
XS
SM
MD
LG