Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Георгий лентаси: Ўзбекистонда давом этмоқда, Қозоғистонда тақиқланди


Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг навбатдаги йиллиги муносабати билан 21 апрелда Ўзбекистонда бошланган “Георгий лентаси” акцияси давом этмоқда. Қозоғистонда эса Россия элчихонасига Георий лентасини тарқатишдан тийилиш тавсия этилгани айтилмоқда.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 21 апрелдан барча хоҳловчиларга Георгий лентасини улашиш тадбирини бошлаган эди. Кейинроқ бу тадбирга “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги бўлими ҳам жалб этилди.
Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот атташеси Дмитрий Петров тадбир 8 майгача давом этишини айтди:

-Бегим кунлари ленталарни тарқатишда давом этаяпмиз. Бироқ бу борада ҳозирча статистик маълумотлар йўқ. Қанча лента тарқатилгани, уларни кўпроқ қайси ёшдаги одамлар келиб олгани тўғрисида байрамдан сўнг якуний маълумот берамиз, -деди Дмитрий Петров.
Георгий лентаси: Ўзбекистонда давом этмоқда, Қозоғистонда тақиқланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00
Бевосита линк

Озодлик радиосининг Тошкентдаги манбалари эса Россия элчихонаси олдида “Георгий лентаси”ни олиш учун келган одамлар сони унча кўп бўлмаётганини, мазкур акцияда асосан маҳаллий руслар ва айрим ўзбеклар иштирок этиши мумкинлигини айтмоқдалар:

- Ҳозир ҳам Россия элчихонаси олдидан ўтиб келдим. Ҳозирча – байрам яқинлашгани муносабати биланми ё анча вақт борлиги учунми – бу унча катта шов-шувга эга бўлмаяпти. Ими-жимида бўлаяпти бу нарса, - деган эди тошкентлик Миркомил ака аввалги эшиттиришларимиздан бирида.

Айни пайтда Қозоғистонда Георгий ленталари ўрнига маҳаллий ҳокимиятларда ҳаворанг ленталар тарқатилмоқда. Айрим хабарларда айтилишича, Россиянинг Остонадаги элчихонасига қора ва пўртаҳол чизиқли Георгий ленталарини тарқатишдан тийилиш тавсия қилинган. Бироқ бу хабарни расмий манбалардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

-Бу йил Остона ҳокимияти Георгий ленталарини тарқатгани йўқ. Аввалги йилларда бу лента кенг равишда тарқатилар эди. Украинадаги сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда Остонада ҳаворанг ленталар чиқарилди. Георгий лентасини Қримдаги ва Украина шарқидаги сепаратистлар тақиб юргани сабабли расмий Остона бетарафлигини намойиш этиш мақсадида Георгий лентасидан бош тортди, -деди Қозоғистон пойтахти Остонада яшовчи фуқаролик жамияти фаоли Муҳамбет Абжан.

Қирғизистонда эса Георгий лентаси жамиятда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Фаол фуқароларнинг бир қисми ижтимоий тармоқларда ва жамоат жойларида Россия элчихонаси томонидан тарқатилаётган Георгий лентасини тақмасликни тарғиб қилса, бошқа бир гуруҳ бу лентани ғалаба рамзи сифатида қабул қилиш тарафдори бўлиб қолмоқда.

-Георгий лентасига қирғизлар ва руслар нуқтаи назаридан баҳо бериш лозим. Мен бу лентани ғалаба рамзи сифатида билмайман. Чунки биз учун Улуғ Ватан уруши бўлгани йўқ, бизнинг боболаримиз Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлишди. Руслар нуқтаи назаридан қаралса, бу албатта, ғалаба рамзи. Чунки Екатерина Иккинчи имераторлиги даврида рус ҳарбийларининг орденлари мана шу лента билан безалган. Марказий Осиёга босқинчилик юришларида минтақа аҳолисини, жумладан, қирғизларни босиб олган рус аскарларига ҳам мана шу лента билан безалган орден беришган. Шунинг учун ҳам мен Георгий лентасини ғалаба рамзи ҳисобламайман, -деди Георгий лентасининг Қирғизистонда тарқатилишига қарши чиқаётган бишкеклик фаол Курсантбек Маматкулов.

Георгий ленталари минтақадаги Россия элчихоналарига Москвадан олиб келиниб тарқатилмоқда. “Георгий лентаси” тадбири Россия томонидан дунёнинг бир қатор мамлакатларида Ғалаба куни арафасида 2005 йилдан бошлаб ўтказиб келинади.

Минтақа макмлакатларида Ғалаба куни сифатида байрам қилинадиган 9 май Ўзбекистонда 1999 йилдан буён Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.
XS
SM
MD
LG