Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Газ баллонларига нисбатан талаблар кучайтирилди


Самарқанд вилояти Иштихон туманида АËҚШда портлаб кетган Неския машинаси қолдиғи.
Самарқанд вилояти Иштихон туманида АËҚШда портлаб кетган Неския машинаси қолдиғи.

Ўзбекистонда газ баллонлари ўрнатилган автомобиллар портлаши оқибатида қурбон бўлганлар сони ошиб бормоқда. Текширув натижалари машинага сифатсиз газ баллонлари ўрнатилгани портлашларга сабаб бўлганини кўрсатган. Бундай хулоса ортидан газ баллонлари импорт қилиш ва автомобилга газ баллонлари ўрнатиш билан шуғулланувчи ширкатларга техник хавфсизлик талаблари кучайтирилди.


Сўнгги бир йил мобайнида Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автомобиллар портлаши оқибатида кўплаб одам жабрланди.

16 май куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ёнилғи қуйиш шоҳобчасида "Жигули" машинаси портлаб кетгани оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олди.

7 апрель куни Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳат олди.

26 октябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ буюм бозорида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, олти одам жароҳатланди.

Тошкентдаги “Глобал газ” ширкатининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда пойтахт ва бошқа вилоятларда газ баллонлари ўрнатилган машиналар портлагани ортидан ҳукумат ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ширкатларга талабларни кучайтирилганини билдирди:

- Талаблар кучайди. Чунки ҳозир растаможкани ҳам кучайтирган. Масалан, газ баллони олиб келадиган бўлсак, талаблар умуман бошқача бўлган. Ўт ўчирувчилар, Саноат техназорат хулосаларини олиш керак. Машинага газ баллони ўрнатадиганлар ҳам Саноат техназоратидан рухсатнома олишади. Ҳар битта баллоннинг номери бор. Номер орқали сертификация берилади. Ҳар бир баллон Ўзбекистонга олиб келинганида ҳамма талабларга жавоб бера олиши текширилади, дейди "Глобал газ" ширкати вакили.

Автомобилларга газ баллонлари ўрнатиш билан шуғулланувчи “Смарт газ” ширкати мутахассиси Фазлиддин Тошкенбоев Озодлик билан суҳбатда олдин газ жиҳозларини тартибга солувчи 949-рақамли давлат стандарти бўлгани¸ ҳозирда эса янги стандартлар асосида иш юритилаётганини айтди:

- Ҳозир биз Европа стандартларини Ўзбекистонда қабул қилиб ўша стандартлар асосида ишга киришдик. Ҳар бир лицензияси бор идорада, ҳар бир газ баллони ўрнатиладиган автомобилга техник шарт (ТШ) бўлиши керак. Бу биринчи масала. Иккинчи масала, ширкат фаолият юритаётган жой техника хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган бўлиши керак. Учинчи талаб, ишчи-ходимлар шу соҳа бўйича ўқиган мутахассислар бўлиши керак. Яна, газ баллони юқори босим остида сув билан синовдан ўтказадиган ускуна бор, шу нарсалар бўлиши керак, дейди Фазлиддин Тошкенбоев.

Газ, бензин ёки дизел ёқилғисига нисбатан арзон бўлгани боис, асосан, такси ҳайдовчилари ва киракашлар ўз машиналарига газ баллони ўрнатган.

Тошкенбоевга кўра, сўнгги пайтларда бир нечта машина портлаганига қарамай, машинага газ баллони ўрнатиш истагида бўлганлар сони камаймаган:

- Олдин одамларга қандай баллон ўрнатишнинг фарқи йўқ эди. Пулини берарди, арзонроқ бўлса бўлди эди. Ҳозир сифатини сўрашaяпти. Газ баллони ишлаб чиқарган ширкатларнинг номларини билишади. Корейский баллонларни сўрашади. Энг асосийси, сифатга бўлган талаб ошди. Ҳаридорларда ҳам, текширувчиларда ҳам, яъни, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи ходимлар томонидан ҳам талаблар ошди, деди “Смарт газ” ширкати мутахассиси.

Фазлиддин Тошкенбоев ўзи ишлайдиган ширкатда, масалан, Нексияга газ баллони ўрнатиш 3 миллион 200 минг сўмни ташкил этишини қўшимча қилди.

СА-News агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2016 йилга қадар газ билан юрадиган автомобиллар сонини 29 фоизга етказиш режаланган.

Ўзбекистон ҳукумати тасдиқлаган Атроф-муҳитни сақлаш ҳаракат дастури доирасида 2013-2017 йилларда 74 мингдан кўпроқ автомобил воситасини табиий газга ўтказиш мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG