Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:39

Тошкентда яна машина ўғрилари фаоллашди


Ўзбекистонда янги автомобил-Chevrolet Captiva ни ўғрилар ҳам севади.
Ўзбекистонда янги автомобил-Chevrolet Captiva ни ўғрилар ҳам севади.
Кейинги икки ой ичида Тошкентда машина ўғирлаш бўйича учта жиноят қайд этилди. Озодликнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбаларининг айтишича¸ бу жорий йилнинг илк уч ойи билан солиштирганда катта рақам.

Озодлик манбасининг айтишича¸ январ ойидан феврал ойига қадар Тошкентда машина ўғирлаш бўйича фақат битта жиноят қайд қилинган бўлса¸ апрель-май ойида учта қимматбаҳо автомобил ўғирланган.

Манбага кўра¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган нархи 40 минг АҚШ долларидан юқори бўлган автомобиллар ўғриларнинг асосий нишонига айланган.


Мойкадаги ўғирлик

Суҳбатдошга кўра¸ 28 май куни Шайхонтоҳур тумани Қоратош- 3 мавзесидаги автомойкадан фуқаро Ш.га тегишли Captiva автомобили ўғирлаб кетилган.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ ҳайдовчи Қоратошдаги машина ювадиган жойга машинасини ювдириш учун келган. Унинг олдига ”мойкада ишлайман” деб ўзини таништирган номаълум йигит яқинлашган. Машина эгаси бу йигитга бемалол калитини бериб¸ ўзи четга ўтган. Сал ўтмай машина ювиш марказидаги номаълум йигит машинани олиб номаълум тарафга қараб қочиб кетган.

Автомобил эгаси аризаси асосида Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлими тарафидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 267-моддаси бўйича жиноят иши очилган. “Транспорт воситасини олиб қочиш” деб номланган бу модда бўйича жиноятчи 15 йилгача озодликдан махрум қилиниши мумкин.

Озодлик манбасининг айтишича¸ ўғриларни топиш учун барча кучлар сафарбар қилинган.


Ўғирланган автомобилни “суюнчи” эвазига қайтарадиган боёталар яна пайдо бўлдими?

Кейинги 20 йил ичида Ўзбекистон уфқларида кўринмай қолган машина ўғриларининг Тошкентга қайтгани ҳақидаги мақолани ёзиш чоғида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбаларимизга қайта-қайта боғланиш асносида машина ўғирлиги билан боғлиқ яна бир мухим маълумотга эга бўлдик.

Хусусан¸ 28 май куни Тошкентнинг Қоратош мавзесида машинасини ўғирлатиб ИИБга ариза берган шахс 29 май куннинг иккинчи ярмига бориб аризасини қайтариб олган.

Озодлик манбасига кўра¸ машинасини ўғирлатган шахс ҳеч кимга даъвоси йўқлигини айтган ҳолда аризасини қайтариб олган. Машина эгаси “муаммони ўз танишлари кўмагида ўзи ҳал қилишини” билдирган.

Машина эгасининг “муаммони” қай тарзда ва қайси танишлар кўмагида ҳал қилиши борасида Озодликда маълумот йўқ.

Новза масжидида суюнчи эвазига ўғирланган машиналарни “топиб” берадиган Шуҳрат ҳожи Домбрабадскийнинг 21 йилдан бери қамоқда ётгани ҳақида Озодлик яқиндагина ёзган эди.

Бу мақолада машина ўрилари ва уни суюнчи эвазига топадиган жиноий гуруҳларга барҳам бериш учун Ўзбекистонда ўтказилган тадбирлар самараси ҳақида ҳам гапирилган эди.

Тошкентлик ҳайдовчи ва ижтимоий тармоқ блоггери Настя қўшни республикалар билан солиштирганда Ўзбекистонда машина ўғирлиги кам¸ деган фикрда:

- Нима ҳам дердик¸ бизда машина олиб қочиш масаласи жуда жиддий. Бизда машина ўғирлаганга қотиллика бериладигандан ҳам кўп муддат берилади. Шу боис ҳайдовчилар бемалол бўлиб қолган эди. Масалан¸ мен магазинга бирровга кирсам¸ қўрқмасдан калитни машинада қолдириб кетаверар эдим. Машина ювувчининг машина ўғирлагани хабари бизга очиқ осмонда чақнаган чақмоқ каби қаттиқ таъсир қилди. Бу бечора ўғри энди умрини қамоқда ўтказади¸ деб таъкидлади тошкентлик ҳайдовчи ва ижтимоий тармоқ блоггери Настя Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра кўра¸ МДХдаги бошқа республикалар билан солиштирганда машина ўғирлиги нисбатан кам бўлган Ўзбекистонда автомобил олиб қочарларининг яна пайдо бўлиши аҳоли орасида кичик бир саросима уйғотди.

Ўзини Мирзоҳид Каримов деб таништирган¸ Тошкентнинг Чилонзор мавзеида автомобилларга техник ҳизмат кўрсатадиган устахонаси раҳбари Озодлик билан суҳбатда бу саросимага асос бўлган жиҳатни тилга олди:

- Машиналарни суғурта қилиш тизими Ўзбекистонда ривожланмагани катта муаммо. Мавжуд суғурта ширкатларидан бирортасининг ҳали ўғирланган машинага товон тўлаганлигидан хабарим йўқ. Ўзи угон йўқолиб кетувди¸ бир иккита ўғриларга вишка бергандан кейин. Энди мана яна бир-иккита шунақа гаплар эшитилиб қолди. Ажаб эмас¸ бу ўғирлик машиналарни топиб берадиган чаққонлар ҳам чиқиб қолса¸ дейди суҳбатдош.


Ўзбекистонда машина ўғирлаш статистикаси давлат сири

Ўзбекистон миқёсида бир йил мобайнида қанча машина ўғирлангани ҳақида маълумотлар давлат сири мақомида¸ дейди Озодликнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбаси.

Бошқа манбалар эса Ўзбекистонда машина ўғирлигининг кўп ҳолларда қайд қилинмаслигини айтишади.

Айни пайтда автомобилларни ўмариш дунйода кўп кузатиладиган кундалик жиноят сифатида билинади.

Россиядаги “Цезарь Сателлит” тадқиқод маркази ҳисоб китобига кўра¸ ўтган йили Россияда 89 минг 105 та машина ўғирланган. Бу марказ қиёсий рақамларига кўра¸ ўтган йили АҚШда 1 300 000¸ Италияда 300 минг¸ Германияда 140 минг машина ўғирланган.
XS
SM
MD
LG