Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:14

Қўқон туғруқхонасида қаровсиз қолган она ва бола ўлди


Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги туғруқ комплексида 3 август куни 30 яшар аёл туғруқ пайтида оламдан ўтди. Туғилган чақалоқ ҳам икки кун касалхонада ëтиб, жон берди. Марҳумнинг яқинлари фожеа учун масъулиятни туғруқхонага, шифокорлар эса марҳумнинг яқинларига юкламоқда.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги туғруқ комплексида 3 август куни 30 яшар Раънохон (фамилиясини сир тутиш сўралди - Таҳр.) фарзанд кўриш чоғида оламдан ўтди.

Туғилган чақалоқ ҳам икки кун касалхонада ëтиб жон берди.

Озодликка маълум бўлишича, Қўқон шаҳрининг Алишер Навоий мавзеси¸ "Ҳурлик" маҳалласидаги 89-уйда яшайдиган Раънонинг жанозаси сешанба куни ўқилган.

Ëлғиз ўғли билан яшаб келган ва бола туғаëтиб касалхонада ўлган аёлнинг дафн маросими Россияда мардикорликда юрган эри кеч келгани учун бир кунга кечиктирилди. Раънохоннинг ота-онаси эрта ўлиб кетгани боис, марҳума ва унинг норасида гўдагини кўмиш ҳаражатларини маҳалла кўтарди.

Озодлик манбаларининг айтишича, олти яшар Ëқубжон исмли ўғли билан ёлғиз яшаган ҳомиладор Раъно кун соати яқинлашганда туғруқхонага ўзи борган:

- Бечора роса камбағал эди. Йўл кирага пул тополмай ўзи инқиллаб роддомга борган. Қўли юпқа бўлгани учун ҳеч ким унга қарамаган. Болани туққану ўлган. Боласи ҳам қорайиб туғилган экан, икки кунда уям ўлган. Бечора ғирт етим эди. Ота-оналари эрта ўлиб кетган. Эри ҳам анчадан бери Россияда. Раънохон қашшоқ бўлгани учун врачлар парво қилмаган. Шу боис, оламдан ўтди”, дейди Фарғонадаги Озодлик манбалари.

Озодлик мухбири Қўқон шаҳридаги туғруқхонага қўнғироқ қилди.

Ўзини таништирмаган туғруқхона ходими Раънохоннинг ўлими 3 август куни соат 23 дан 30 дақиқа ўтганда, туғруқ пайтидаги ўлим сифатида қайд этилганини тасдиқлади.

Ходимнинг айтишича, беморнинг аҳволи туғруққача ҳам ўта оғир бўлган, соғлиги жуда заиф бўлган ва врачларнинг астойдил ҳаракатларига қарамасдан оламдан ўтган. Заиф туғилган бола ҳам икки кундан кейин ўлган.

Туғруқхона ходимининг айтишича¸ беморнинг қонида гемоглабин миқдори ўта кам бўлгани ўлим сабаби сифатида қайд этилган:

“Биринчи фарзандини ҳам "цезарь амалиëти" билан туққанди. Бу сафар қийналиб-қийналиб туғди. Қони беш бўлгани учун туғдию ўлди. Болани сақлаб қолдик, лекин заиф туғилган бола онасининг ўлимидан кейин икки кунгина яшаб, 5 августда ўлди”, дейди Қўқондаги туғруқ комплексининг ўзини таништирмаган ходими.

Марҳуманинг Россиядан етиб келган эри бир кунда ҳам хотини, ҳам чақалоғини кўмди.

Озодлик билан суҳбатлашган мархуманинг яқинлари таъмагир врачларнинг бепарволиги боис, бир оила барбод бўлди, деб даъво қилмоқда.

Раъно опадан қолган ëлғиз ëдгор - 6 яшар Ëқубжоннинг тақдири савол остида қолмоқда. Мавжуд тартибга биноан отаси ёки онасидан маҳрум бўлган ёхуд ғирт етим болалар тақдирини васийлик органлари ҳал қилади.

Озодлик билан суҳбатлар якунида "Ҳурлик" маҳалласи турғунлари Ëқубжон меҳрибонлик уйига берилмасдан отаси қарамоғида қолса эди, деган орзуни тилга олди...

XS
SM
MD
LG