Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:23

Жиззахда юқори синф ўқувчилари пахтага чиқди


Жиззахда ўқитувчилар пахта теримига ҳайдалгани ортидан ўқувчиларга дарс беришга ҳеч ким қолмагани учун мактабларда таътил эълон қилинди. Ҳуқуқ фаоллари юқори синф ўқувчилари ҳам мажбурий пахтага чиқарилганини айтаяпти. Мутасаддилар эса таътилдаги ўқувчиларнинг ота-онасига пахта теришда кўмаклашиш ҳолларигина борлигини таъкидламоқда.

1 октябрдан бошлаб Жиззах вилоятининг айрим туманлари, жумладан, Дўстлик ва Жиззах туманларидаги мактабларнинг 4-синфдан юқори синфларининг ўқувчилари таътилга чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка пахта жараёнини мониторинг қилаётган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев маълум қилди:

- Жиззах туманида Учтепа деган жой бор. Ўқувчилари ҳозир ўқитувчисиз қолган ўша Учтепадаги мактабларни. Ал Хоразмий номли 32-мактаб, кейин 13-мактаб, Шароф Рашидов номли 4-мактаб. 1-синфдан 4-синфгача бўлганларга дарс ўтилаяпти. 4-синфдан юқори бўлган ўқувчилар мактабга келмаяпти. Уларга уйига жавоб бериб юборган. Бир ҳафта бўлди. Ўқитувчилари пахта даласида пахта теришмоқда. Фақатгина 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчилар дарс ўтмоқда. 5-синфдан юқори синфдагиларнинг ўқитувчилари пахта даласида пахта термоқда. Шунинг учун ўқувчилар уй юмушлари билан уйида шуғулланаяпти,- дейди ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларидан яна бири Жиззах тумани Қўшбармоқ қишлоғидаги пахта жараёнига оид ўзи ўрганган маълумотларни Озодликка етказди:

“Қўшбармоқ фуқаролар йиғини Қаҳрамон маҳалласидаги Абдулла Қодирий номли 31-мактабда 4-синфдан юқорисига бугундан бошлаб пахта бўлаётгани учун каникул берган. Ўқитувчилари пахтада бўлгани учун ўқувчиларга дарс ўтишга одам қолмаган. Шунинг учун 7 октябрдан юқори синфларга каникул берилди”, деди маҳаллий фаол микрофонсиз суҳбатда.

Ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга кўра, айрим ҳолларда таътилга чиқарилган ўқувчиларни пахта теришга жалб қилиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда:

- Жиззах тумани Ўзбекистон қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли маҳалласида 17-мактаб жойлашган у ерда, 17-мактабнинг ўқитувчиларини ҳам, 6-синфдан юқори бўлган синф ўқувчиларини ҳам пахта теримига олиб кетилган. Яширинча олиб чиқиб пахта тердирияпти ҳозир. Дўстлик тумани Манас совхозида ҳам мактаб ўқувчилари, коллеж ўқувчиларини олиб чиқаяпти деб айтишаяпти,- дейди Ўктам Пардаев.

Жиззахнинг Дўстлик туманидаги пахта жараёнини кузатаётган яна бир фаол ҳам исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, ушбу тумандаги айрим мактабларнинг ўқувчилари далага ҳайдалган:

- 7, 8, 9- синф ўқувчилари пахтага чиқарилаяпти. Булар Алишер Навоий номли, 5-мактаб билан Мирзо Улуғбек номли 17-сон мактаб ўқувчилари пахтага чиқаяпти. Кейин Дўстлик туманига қарашли 27-сон коллежининг 1- ва 2- курс ўқувчилари ҳам пахтага чиқаяпти,- деди Дўстлик туманидаги пахта жараёнини кузатаётган маҳаллий фаоллардан бири.

Жиззах туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, ўқитувчиларнинг пахтага чиқиши мажбурий, лекин ўқувчилардан ихтиёрий равишда далага чиқиш сўралган:

“Ўқувчиларнинг пахта териши мажбурий эмас. Фақат хоҳловчилар. 5-синфдан юқори синфларга жавоб берилган. Директор ўқувчилардан хоҳловчилар пахтага чиқишини сўраган. Шунинг учун юқори синф ўқувчилари ҳам чиқаяпти”, деди жиззахлик ўқитувчилардан бири.

Айни пайтда Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармасининг мулозими ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганинини инкор қилди:

“Ўқувчилар пахтага чиқарилгани йўқ. Чиқарилмайди ҳам. Бу борада барча мактабларга қаътий кўрсатма берилган. Ўқувчиларнинг ота-оналарига кўмаклашиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Лекин мактаб томонидан пахтага чиқаришга ҳеч кимга рухсат берилмаган”, деди Халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими.

Мулозим юқори синф ўқувчиларининг қанча муддат таътилда бўлишига ҳам ойдинлик киритмади.

XS
SM
MD
LG