Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:41

АҚШ Меҳнат вазирлиги: Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни дастаклайди


АҚШ Меҳнат вазирлигининг 2013 йилда энг ёмон шаклда болалар меҳнатидан фойдаланиш юзасидан эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили пахта терими мавсумида болалар ва катталарни мажбурий меҳнатга жалб қилиш системасини сақлаб қолгани таъкидланди.

“2013 йилда 10 ёшли болалар ҳам пахта терган”

АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида давлат болаларни мунтазам тарзда мажбурий меҳнатга жалб қилишда иштирок этгани қайд этилган ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш амалиётига барҳам бериш учун режалаштириш тизимида ислоҳотлар ўтказиш тавсия қилинган.

-Пахтани мажбурий тарзда териш ўзбек болалари зиммасига юқлатилмоқда, - деди ҳисобот юзасидан фикр билдирган Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-немис форуми директори Умида Ниёзова. – 2013 йилда катта ёшдаги болалар билан бир қаторда оммавий тарзда ўқитувчилар ва давлат секторида ишловчи бошқа ишчи-хизматчилар ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилган.

АҚШ Меҳнат вазирлиги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистонда ҳозир бўлганига қарамай, ўзбек ҳукумати 2013 йилда режалаштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш учун болаларни пахта теримига мобилизация қилганини таъкидлайди. Меҳнат вазирлиги АҚШ элчихонаси ва нодавлат ташкилотлари ҳисоботларига таянган ҳолда, ўтган йили 10 ёшдаги болалар ҳам пахта терганини қайд этган.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай маълумотни қаттиқ назорат остига олгани туфайли вазиятни комплексли тарзда мониторинг қилиш имкониятлари чекланганлигидан ва мажбурий меҳнат оқибатида болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи бузилаётганидан ташвиш билдирилган.

Брайан Кэмпбелл: АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳисоботи мақтовга лойиқ

2013 йилда Ўзбекистонда мониторинг ўтказган халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари гуруҳига ҳукумат вакиллари ҳам киритилгани, улар ўқув даргоҳларида пахта терими туфайли ўқув жараёни бўлмаганини аниқлаганларини қайд этган АҚШ Меҳнат вазирлиги, экспертлар пахта теримига жалб этилган болалар сони юзасидан тўлақонли маълумотлар бера олмаган бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмайди.

-АҚШ Меҳнат департаменти халқаро ҳамжамият узоқдан бери билиб келган фактни очиқчасига айтгани учун мақтовларга лойиқдир, яъни Ўзбекистон пахта секторида болалар меҳнатидан фойдаланилишининг бирламчи сабаби ўзбек ҳукумати пахта саноатида системали мажбурий меҳнатни жорий этганидир, - деди Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форумининг ҳуқуқий ва сиёсий дастури директори Брайан Кэмпбелл.

АҚШ Меҳнат вазирлиги энг ёмон шаклда болалар меҳнатидан фойдаланиш юзасидан ҳисоботини йил сайин эълон қилиб боради. Бундан мақсад савдо-сотиқ муносабатларида имтиёзлар олиш илинжида бўлган давлатлар болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини қандай бажараётгани ҳақида АҚШ ҳукуматига маълумот беришдир.

Cotton Campaign: Маҳаллий ҳукуматларда асабий таранглик вазияти ҳукм сурмоқда

АҚШ Меҳнат вазирлиги 2013 йилга бағишланган ҳисоботини эълон қилган бир пайтда Ўзбекистонда навбатдаги пахта терими мавсуми қизиб бормоқда.

Ўзбекистон пахтачилигидаги мажбурий меҳнатни тугатишни мақсад қилган ўнлаб халқаро ҳуқуқ гуруҳларини бирлаштирувчи Cotton Campaign (Пахта кампанияси) коалицияси ўзбек ҳукумати жорий мавсумда ҳам мажбурий меҳнат, фермерларга кўрсатма бериш ва режани бажармаган деҳқонларни жазолаш тизимини сақлаб қолганидан бонг урмоқда.

Жорий йилда 18 ёшга тўлмаган болаларни пахтага мажбурлаш тақиқлангани сабабли йиғим-теримнинг барча оғирлиги талабалар, бюджет ва хусусий секторда ишловчи одамлар зиммасига тушмоқда.

Cotton Campaign маҳаллий ҳокимиятларда ҳам жорий пахта мавсумида асабий таранглик вазияти ҳукм сураётганини айтади. Ташкилотга кўра, туман ва вилоят раҳбарларининг иш ўрнида қолиши ёки бўшатилиши пахта плани тўлишига боғлиқ бўлгани учун ҳам мана шундай вазият юзага келган. Шунинг учун ҳам маҳаллий ҳокимиятлар режани бажариш учун фермерларга, хусусий ва бюджет сектори ходимларига нисбатан босимни кучайтирмоқда.

-Ўзбекистонда ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатнинг дастакланиши сармоядорлар ҳамжамияти ташвишини ҳам кучайтиради. АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳисоботида ҳукуматлар, ширкатлар ва сармоядорлар пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматига таъсир кўрсатишга чақирилган, - деди АҚШдаги сармояларни бошқариш Calvert Investments ширкатининг барқарорликни ва сиёсатни тадқиқ қилиш бўйича катта вице президенти.

XS
SM
MD
LG