Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:20

Боёвут ҳокими пахтага чиқмаган тадбиркорларни жазолашни буюрди


Пахта терими боис Ўзбекистоннинг аксарият туманларидаги деҳқон бозорлари ёпиб қўйилган.
Пахта терими боис Ўзбекистоннинг аксарият туманларидаги деҳқон бозорлари ёпиб қўйилган.

Сирдарёнинг Боёвут тумани ҳокими буйруғи билан пахта теримида дўконларини ёпмаган тадбиркорлар видеога олиниб, мажлисда изза қилинмоқда. Тадбиркорлар ўз ўрнига теримчи ёллаганига қарамай уларнинг ўзлари дўконларни ёпиб пахта теримига чиқиши талаб қилиняпти. Акс ҳолда, ҳоким бу тадбиркорларнинг фаолиятини солиқ идоралари томонидан қайта текширтириш билан таҳдид қилмоқда.

Боёвут тумани ҳокими Дониёр Ботиров туман тадбиркорларининг пахта мавсуми даврида дўконларини очиб ишлаётганини видеога олиб, уларни жазолаш ҳақида фармойиш берди.

Бу ҳақда Озодликка исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири маълум қилди:

- Кеча ҳоким ҳамма тадбиркорларни йиғиб мажлис қилди. Икки кун олдин кундузи дўконларини очган тадбиркорларни видеога олиб кетишган эди. Мажлисда видеоларни намойиш қилиб, бу ошхона, дўконлар нега кундуз куни ишлаяпти, нега пахтага чиқмаяпти, деб дўқ қилди. Бир-икки тадбиркорлар биз ўрнимизга одам чиқарганмиз, солиқдан рухсат олганмиз деса ҳам ҳоким “дўконингни ёпиб ўзинг чиқасан пахтага” деб бақирди,- деди тадбиркор.

Унинг айтишича, ҳоким тадбиркорларнинг пахтага чиқишини таъминлашни солиқ идораси бошлиғига буюрган:

- Ҳоким солиқнинг бошлиғига айтяпти: “комиссия тузасан, комиссияга ўзим раҳбарлик қиламан. Қайси бири чиқмаётган бўлса, акт қиласану штраф қилиб дўконини ёпасан”. Биз тадбиркорлар ҳайрон қолдик. Ҳаммамиз ўрнимизга 200 минг сўмдан одам ёллаб пахтага чиқараётган бўлсак бу ҳам ҳокимга камлик қиляпти,- деди тадбиркор.

Тадбиркорга кўра, пахта сиёсати сабаб Боёвут тумани маркази уруш бўлаётган жойни эслатади:

- Туман маркази бўм-бўш бўлиб қолган. Ҳамма жой ёпиқ. Бир-бир у ёки бу томонга ўтиб қолган машинани, бирор зарур юмуш билан чиққан одамнинг дўконлар эшигини тортиб кўраётганини кўрасиз. Уруш киноларида кўргандик, шаҳарлар бўшаб қолган, оғир сукунат. Бизда ҳам ҳозир шунинг ўзи. Дўконларни ичидан қулфлаб ўтирибмиз. Кечқурун соат 5 ларга бориб кўчаларда одам кўрина бошлайди. ГАИлар марказга келган любой машинани ҳайдаб юборяпти,- деди боёвутлик тадбиркор.

Боёвут тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам пахта сиёсати жуда қаттиқ бўлаётганини тан олди:

- Тадбиркорларга одам чиқариш топшириғи берилган эди. Энди барчани тўла сафарбар этиш учун кечқурун соат бешгача туманда бирорта дўкон, ошхона, пайнет ишламаслиги ҳақида ҳоким фармойиш берди. Бу фақат бизнинг ҳокимнинг ташаббуси эмас, вилоят ҳокими шундай топшириқ берган. Йўллар ҳам кечқурун соат тўрт яримдан кейин очилади,- деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон ҳокимият идоралари Пахта-2014 кампаниясига одамларни мажбуран жалб қилишда аввалги йилларга нисбатан кўпроқ жонбозлик кўрсатмоқда.

Ўтган йилги пахта мавсумида, асосан, давлат ташкилотлари, коллеж ва олий ўқув юртлари иштирок этиб, хусусий ширкатларнинг мажбурий иштироки анчайин чекланган эди. Бу йил эса, хусусий ширкатлар, тадбиркорлар ёппасига пахта хирмонига ҳисса қўшишга мажбурланмоқда.

XS
SM
MD
LG