Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:15

Жиззахда эмизикли оналар ҳам далага ҳайдалаяпти


Жиззах вилоятида декрет таътилида бўлган эмизикли аёллар ҳам пахта теримига мажбуран жалб этилмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган жиззахликларга кўра, бу талабга эътироз билдирган аёлларга боласи учун бериладиган нафақа пулидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилинмоқда.

Пахтага чиқмаганнинг “бола пули” қирқилади

Исмини очиқламаётганимиз жиззахлик аёлнинг айтишича, нафақат туманларда, балки Жиззах шаҳрида ҳам ёш болали аёллар пахтага ҳайдалмоқда.

Уй бекаси бўлган суҳбатдошимизнинг 8 ойлик, эмизикли чақалоғи бор. Шунга қарамай, ундан пахта теримига чиқиш ёки ўрнига одам ёллаш талаб қилинган:

- Пахтага ҳаммани олиб чиқаяпти. Менинг ҳозир қўлимда ёш болам бор. Менинг умуман иложим йўқ. Болам эмизикли. “Ўрнингизга одам чиқаринг”, деб туриб олишди. Шунга ўрнимга қайнимни чиқардим. Болам энди саккиз ойлик бўлади. “Чиқмасанг, пулни тўхтатамиз”, дейишди. Қайнимни чиқарганимга тўхтатишмади. Ҳаммага шунақа дейишаяпти. Пособие олаётганларнинг ҳаммасига шунақа дейишади. Битта менга эмас. Мажбурий ўрнингга одам топиб бериш керак. Топиб бермаса, “пулни қирқамиз, чиқмайди” дейишади, - дейди жиззахлик ёш болали она.

Жиззахда меҳмонлар ҳам далага ҳайдалмоқда

Жиззахдан олинган маълумотга кўра, жорий йилги пахта мавсуми аввалги йилларга нисбатан кескинроқ тарзда ўтмоқда.

Вилоятнинг Дўстлик тумани Истиқлол қишлоғида яшайдиган суҳбатдошимизга кўра, яқинда унинг Самарқанддан келган меҳмонларини ҳам пахта теришга мажбурлашган:

“Кундуз куни кўча-куйда бекор юрган борки, пахта теришга мажбурланмоқда. Яқинда Самарқанддан қайнимлар келганди. Кўчада автобусга босиб олиб кетиб, 40 килодан пахта тердиришди”, дейди жиззахлик манба.

Жиззахдаги пахта жараёнини мониторинг қилаётган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга кўра, кундуз куни кўчада юрганларни пахтага ҳайдаш билан прокуратура, милиция каби ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланмоқда:

- Нафақат меҳмон, умуман районда яшайдиганлар, узоқдан келган меҳмонлар борми - фарқи йўқ. Ҳаммасини тўхтатиб, пахта тердирмоқда. Ҳозирги кунда ҳам шундай. Жуда қаттиқ кетаяпти. Йўлда шофёрни тўхтатиб, фуқаро кийимидаги одамлар документларини олиб қўйиб, машина ичидаги касалми, ёшми у, қарими фарқи йўқ - пахта тердиришган. Қўлига фартук бериб, далага тушириб юборган ҳолатлари бўлди. Масалан, одамлар ўзининг ишлари билан болницага шошиб кетаётган бўлиши мумкин ёки ўзининг муҳим ишлари билан кетаётган бўлиши мумкин, таъзия бўлиши мумкин - фарқи йўқ. Шундай тўхтатади, даласига тушириб юбораяпти. Агар бирортаси эътироз билдирса, агар у эркак бўлса, қўл кўтариб, ураяпти ҳам. Аёлми-эркакми фарқи йўқ - ҳаммасига пахта тердираяпти, - дейди Ўктам Пардаев.

Ҳуқуқ фаоли Пардаевга кўра, пахтага чиқишга эътироз билдирган кишига маъмурий жавобгарликка тортиш билан ҳам таҳдид қилинмоқда.

Жиззахда 6-синф ўқувчилари ҳам пахта тераяпти

Жиззахлик фаолларга кўра, халқаро ташкилотлар "Ўзбекистонда болалар меҳнати йўқ" деб иддао қилаётган бир пайтда, мамлакатнинг бошқа жойларида бўлгани каби Жиззахда ҳам мактаб ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, Жиззахнинг Дўстлик туманидаги пахта жараёнини кузатаётган маҳаллий фаолга кўра, туман мактабларининг 6-синфдан юқори ўқувчилари далада пахта тераяпти:

“Масалан, Алишер Навоий номли 5-сон ўрта мактаб, Мирзо Улуғбек номли 12-сон мактабнинг 6, 7, 8 ва 9-синф ўқувчилари пахта тераяпти. Пахтага ҳамма мактаб чиқаяпти. Болалар обедгача мактабга боради. Обеддан кейин пахтага чиқади. Ўқувчилар фермер Равшан Намозовнинг даласида, Хумор фермернинг даласида тераяпти. Фермер Раҳмат Қараевнинг даласида ҳам ўқувчилар пахта тераяпти”, дейди исмини очиқламасликни сўраган маҳаллий фаол.

Жиззах вилоят халқ таълими бўлими мутасаддилари ўқувчиларнинг пахтага чиқиш ҳолатларини қатъиян рад қилишди.

Жиззах вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам ёш болали аёлларни пахтага чиқарилганини инкор қилди.

“Вилоятда барча ўз хоҳиши билан пахта тераяпти, умуман мажбурлаш ҳолатлари йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

XS
SM
MD
LG