Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:56

Тўрткўлда коллеж директори пахтанинг навбатдаги қурбони бўлди


Мелис Жуманиёзов ўзига бириктирилган пахта майдонидан кам ҳосил олгани учун ҳокимлик босимига учрагани айтилмоқда.
Мелис Жуманиёзов ўзига бириктирилган пахта майдонидан кам ҳосил олгани учун ҳокимлик босимига учрагани айтилмоқда.

Тўрткўл 2-сонли қишлоқ хўжалик коллежи директори Мелис Жуманиёзов миясига қон қуйилишидан оламдан ўтди. Озодлик манбалари Жуманиёзов ўзига бириктирилган фермер хўжалиги пахта режасини бажармагани учун ҳокимлик ва орган ходимлари босими натижасида ўлганини иддао қилмоқда. Расмийлар Жуманиёзов фермер бўлмаганини айтиб, иддаоларни рад қилмоқда.

51 яшар Мелис Жуманиёзов 30 октябрь куни Тўрткўлнинг Ёнбошқалъа массиви ҳудудидаги пахта даласида миясига қон қуйилиши оқибатида ҳушидан кетган. Ўн кун шифохонада ётган Жуманиёзовнинг аҳволи ўнгланмаган ва 9 ноябрь куни у оламдан ўтган.

Тўрткўллик манбанинг Озодликка айтишича, Мелис Жуманиёзов ўзига бириктирилган 80 гектарлик фермер хўжалиги жорий йилги пахта режасини бажармагани учун маҳаллий ҳокимликнинг босим ва тазйиқига учрагани унинг ўлимига сабаб бўлган:

“Унга ўтган йили фермерлар ташлаб кетган ерни мажбурлаб беришган. Бу йил 80 гектардан 54 тонна топшириши лозим эди. У 37 тоннага сводка берган, аслида унинг хўжалигидан бундан ҳам кам пахта чиққан. Ҳокимият мажлисларида уни роса эзишди. Босим ва тазйиқлардан безган Мелис кейинги пайтда мажлисларга келмай қочиб юрди. Кейин унга бир милиция ходимини бириктириб қўйишди. Милиция доим ёнида юрган. Ўша куни Нукусдан текширувчилар келган. Ҳоким Мелисни сўккан. Милиция эса "қамайман", деган. Тазйиқлардан қўрққан Мелиснинг давлениеси чиқиб далада йиқилган”, дейди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Тўрткўл марказий шифохонасидан олинган маълумотга кўра, Мелис Жуманиёзов геморрагик инсультдан вафот этган:

“Жуманиёзов мияда қон айланишининг ўткир бузилиши оқибатида касалхонага ётқизилди. Унга геморрагик инсульт ташҳиси қўйилди. У касалхонада 10 кун даволанди. Лекин даволаш бирор натижа бермади”, деди исмини очиқламаётганимиз шифохона ходимларидан бири.

Тўрткўл туман ҳокимлиги масъули Жуманиёзовнинг ўлимини пахта сиёсати билан боғламасликни сўради:

“У ўз ажали билан ўлди. Буни ҳеч қандай пахта сиёсатига алоқаси йўқ. Унинг фермер хўжалиги ҳам йўқ эди”, деди ўзини таништирмаган ҳокимлик масъули.

Маҳрум Жуманиёзов билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардор тўрткўллик манбага кўра, 80 гектарлик пахта ери Мелис Жуманиёзов номида бўлмагани билан асосий масъулият унинг зиммасида бўлган:

“Тўрткўлда кўплаб фермерлар ерларини ташлаб кетишди. Шундан кейин ҳокимлик барча ташкилотлар раҳбарларига мажбурлаб ер берди. Мелис Жуманиёзов коллеж директори бўлгани учун ўтган йили 80 гектар ерни олишга мажбурланди. Ер коллеж ходимларидан бирининг номида эди. Лекин ҳокимият мажлисларида Жуманиёзовга босим қилинарди”, дейди тўрткўллик манба.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг фермерларни, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини ҳақорат қилиш, уриш ҳолатлари кўп кузатилади.

Жумладан, жорий йил 18-19 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими оз пахта топширган фермер ва теримга кам ўқитувчи чиқарган мактаб директорларини калтаклаган.

7 октябрь куни Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузган, ҳаммани уриб-сўкиб пахтага ҳайдаган эди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб Равшан Комилов Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норовни ургани ҳақида Озодлик манбалари хабар берган эди.

Мелис Жуманиёзовнинг ўлими билан Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони 20 нафарга етди.

XS
SM
MD
LG