Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:10

ИИБ бошлиғи Муллажоновга фирибгарлик айби қўйилгани айтилмоқда


Тошкент вилояти ИИБнинг қарийб 2 ойдан бери ҳибсда сақланаётгани айтилган бошлиғи Абдумажид Муллажонов давлатга 2 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирганликда айблангани иддао қилинмоқда. Норасмий манбалар иддаосича, собиқ бошлиқнинг катта миқдордаги товарни чегарадан ноқонуний олиб кириш ва пора олди-бердисига алоқадорлиги тергов қилинмоқда.

Муллажоновга яқин манба иддаосича, шу йилнинг 28 октябрида ҳибсга олингани айтилган Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси собиқ бошлиғи Абдумажид Муллажоновга фирибгарлик айби қўйилган ва айни пайтда пора олди-бердисига оид бошқа жиноятларга алоқадорлиги суриштирилмоқда.

"Абдумажидга давлатга 2 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирилган, деб айб қўйишибди. У киши Тошкентдаги бир неча заправкалари учун келтирган ускуналарни, гўёки, бож тўламасдан олиб кирган, дейишяпти", деди Озодликка исми сир қолиши шарти билан сўзлаган Муллажоновга яқин манба.

Шунингдек, бу манба Муллажоновни эҳтиёт чораси ўлароқ ҳибсда сақлаш муддати ҳам узайтирилгани, бироқ бу муддатнинг қанчага узайтирилгани ҳақида аниқ маълумоти йўқлигини иддао қилди:

"Юнусободдаги МХХ ҳибсхонасида сақлашаяпти. Мана икки ойча бўлди, бирор кишига кўрсатгани йўқ. Нима аҳволда эканини ҳам билмаймиз", деб даъво қилди манба.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов 28 октябрь куни ишдан олингани ва бироз ўтиб, ҳибсга ҳам олингани ҳақидаги норасмий хабарлар Озодликка ноябрь ойи бошида келиб тушган эди.

Озодлик ўша кезда ҳам, бу гал ҳам Муллажновнинг ҳибсда сақланаётганига оид иддаоларни расмий идоралардан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади. Хусусан, Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси ҳам бу иддаоларни тасдиқлай олмаслигини айтган.

Аммо, Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ишдан олингани ҳақидаги норасмий хабардан бир ҳафта ўтар-ўтмас, яъни 4 ноябрь куни вилоятдаги 7 та шаҳар ва туман ички ишлари бўлим бошлиқлари ишдан олингани расман тасдиқланган эди. Бу раҳбар алмашинувлари вилоят ИИББ бошлиғининг ишдан олиниши билан боғлиқлиги иддао қилинган.

Бунга қадар норасмий манбалар МХХ тергов изоляторида ҳибсда сақланаётган Муллажоновнинг Ўзбекистон ЖКнинг камида иккита –– 211- ва 212-моддалари, яъни пора бериш ҳамда пора бершда воситачилик қилиш жиноятларига алоқадорликда гумон қилиниб, тергов қилинаётганини ҳам иддао қилган.

Собиқ милиция бошлиғи Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулло Муллажоновнинг ўғлидир. Мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган Муллажонов оиласи вакилининг ишдан олиниши кўпчилик тарафидан Ўзбекистон ҳокимият тузилмаларида жиддий ўзгаришлар рўй бераётганига ишора сифатида қабул қилинган.

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг энг нуфузли оиласи фарзанди Гулнора Каримова бош прокуратура тарафидан тергов қилиниб, уй қамоғида қолаётгани мамлакатда дахлсиз шахс йўқлигини кўрсатади, деган хулосани тилга олмоқда.

Айни пайтда, Озодлик билан муқаддам боғланган манбалар Абдумажид Муллажонов рейдерлик орқали мамлакатдаги қатор йирик тадбиркорлардан бизнесини тортиб олган, дея иддао қилганлар:

“Абдумажид Муллажоновнинг ишдан олинишига сабаб Юнусобод ва Сергили туманларида ZTE Petroleum МЧЖга тегишли заправкаларни (АЁҚШ-таҳр.) ноқонуний ташкил қилинган кимошди савдоси орқали сотиб олган”, дея иддао қилади манбалардан бири.

Унинг яна айтишича, автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларини ноқонуний ўзлаштириш схемасида иштирок этганлик гумони билан март ойидан бери камида 34 киши, жумладан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек хўжалик суди, тадбиркорлик объектларини баҳолаш билан шуғулланадиган идора ходимлари ва бошқалар ҳибсга олинган. Яна кўплаб одам тергов идоралари томонидан қидирувга берилгани ҳам иддао қилинган.

Норасмий манбаларнинг бу иддаолари ҳам расмийлар томонидан изоҳлангани йўқ.

Озодлик бу ва Муллажонов тақдирига алоқадор бошқа иддаоларни суриштиришда давом этмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG