Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Ҳуқуқ фаоллари Олий Мажлис биноси олдида пикет ўтказди


Ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов (чапда), Алижон Саримсоқов (марказда) ва Елена Урлаева 12 январь куни Олий Мажлис биноси яқинида пикет ўтказишмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов (чапда), Алижон Саримсоқов (марказда) ва Елена Урлаева 12 январь куни Олий Мажлис биноси яқинида пикет ўтказишмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Биринчи сессияси бошланган 12 январь куни тошкентлик ҳуқуқ фаоллари ва ўзи ҳамда фарзандлари ҳуқуқлари қайта тикланишини талаб қилаётган 71 ёшли Раҳбархон Одилова Олий Мажлис биноси олдида қисқа муддатли пикет ўтказди.

Тошкентдаги Ҳуқуқ фаоллари альянси аъзолари Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов ва Алиқул Саримсоқов 12 январь куни Олий Мажлис биноси олдида бир қатор ҳукумат расмийларини жиноий жавобгарликка тортиш талаби билан пикет ўтказди. Елена Урлаеванинг Озодлик радиосига айтишича, пикетдан мақсад Олий Мажлиснинг янги сайланган депутатлари эътиборини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашаётганига қаратиш бўлган.

-Биз депутатлар инсон ҳуқуқлари ёмонлашувига ҳисса қўшаётган масъул шахсларни жиноий жавобгарликка тортилишига ёрдам кўрсатсин, деган талаб билан чиқдик. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти Бош вазир Шавкат Мирзиёёв, сенат раиси Илгизар Собиров, Бош прокурор, Олий суд раиси, ички ишлар вазири, Омбудсмен Сайёра Рашидова ва бошқа бир қатор раҳбарларнинг ўз ишига масъулиятсиз ёндашуви оқибатида кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Шунингдек, биз Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини ҳам талаб қилдик, -деди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаоллари Олий Мажлис биноси олдида пикет ўтказди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:07 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда Олий Мажлис биносининг бошқа тарафида қўқонлик 71 ёшли Раҳбархон Одилова ҳам пикет ўтказди. Раҳбархон Одилова ўтган йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон президенти резиденцияси олдида биринчи марта пикетга чиққан эди. У ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг оиласига нисбатан жиноят ишларини сохталаштирганини айтиб, топталган ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини талаб қилмоқда.

Раҳбархон Одилованинг икки қизи, ўзи ва ўғли турли йилларда босқинчиликда айланиб қамалган ва амнистия туфайли озодликка чиқарилган эди. Унинг қизларидан бири қамоқхонада милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган. Раҳбархон Одилова ўзи ва оила аъзоларини соҳта жиноят ишлари билан қамаган шахслар жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда.

-Мен ўзимнинг ҳақ-ҳуқуқларим паймол бўлаётганига ҳайрон бўлаяпман, холос. Мен ўзбек фуқаросиман-ку, ахир. Яқинда сайлов бўлади, президент сайланади. Нега мен ва менинг фарзандларим сайлаш ҳуқуқидан ва бошқа ҳуқуқларидан маҳрум бўлди? Нега менинг уч олий маълумотли фарзандларимнинг оёғига болта уришди? Нега мени президент қабул қилмайди? Нима сабабдан? –дейди Раҳбархон Одилова.

Ҳуқуқ фаоллари ва қўқонлик онахон ўтказган пикет узоққа чўзилмади. Олий Мажлис биносини қуршаб олган милиция ходимлари пикетчиларнинг қўлларидаги плакатларни йиртиб ташлашган. Елена Урлаева 12 январда ўтказилган пикетда милиция ходимлари уларга нисбатан куч ишлатмагани ва қўпол муомаладан тийилгани ҳақида гапириб: “Балки бу қандайдир ижобий ўзгаришлардан дарак бўлса керак”, деган фикрни билдирди.

-Кеча махсус хизматлар бизга тегишдан қўрқаётгандек туюлди. Улар балки йиғиндан қандайдир ўзгаришлар бўлишини кутаётгандир. Чунки янги Олий мажлис сессиясида ҳукумат аъзолари сайланади, қандайдир янги ўзгаришлар бўлиши, янги одамлар келиши мумкин. Аввалари президент нутқ сўзлайдиган жой атрофида пикет ўтказсак, ҳуқуқ-тартибот ходимлари қўлларимизни қайриб ҳибсга олар, куч ишлатиш йўли билан тарқатиб юборар эди. Бу гал негадир бундай ҳарақатлар бўлмади, -деди Елена Урлаева.

12 январь куни очилган янги сайланган Олий Мажлиснинг Биринчи сессиясида президент Ислом Каримов нутқ сўзлади. Каримов Олий Мажлис депутатлари билан учрашувда "Сизлар билан ишлашга тайëр эканлигимни эълон қиламан" деб айтди. Президентнинг бу гапи айрим таҳлилчилар томонидан Каримовнинг президентлик курсисини тарк этишга шошилмаётганига ишора қаторида қабул қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG