Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:24

Норвегиядан Тошкентга қайтганда қамалганлар иши апелляция судида кўрилади


Тошкент вилоят суди Норвегияда меҳнат муҳожирлигида юрган пайтида Интернетда “жиҳодчи”ларга оид видеоларни кўргани учун 12-13 йилга қамалган 6 одамга нисбатан апелляция аризасини кўриб чиқадиган бўлди. Мазкур шахсларга нисбатан суд ҳукми 2014 йилнинг 24 декабрида ўқилган эди.

Тошкентдаги “Альянс” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Тошкент вилоят жиноят ишлари суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244 -(“Тақиқланган ташкилотларни ташкил этиш”), 159 - (“Ўзбекистон Конституциявий тузимига тажовуз қилиш) моддалари билан айбдор деб топилиб, 12-13 йилдан қамалган олти маҳбусга нисбатан апелляция жараёни 12 февраль куни бошланишини маълум қилди. Апелляцияни Тошкент вилоят суди кўриб чиқади.

Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб, 2014 йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқовларга нисбатан биринчи суд инстанцияси ҳукми ўтган йилнинг 24 декабрида ўқилган эди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов судда судланувчиларнинг қийноқлар тўғрисидаги баёнотлари эътиборга олинмагани учун ҳам биринчи инстанция суд жараёни қонунбузарликлар билан ўтган, деб ҳисоблайди:

-Маҳбусларга тазйиқ ўтказилган, қийноқлар қўлланилган. Судда судланувчилар қийноқлар ҳақида кўрсатма беришди. Улар кўрсатмаларга қийноқлар остида қўл қўйганларини ҳам айтишди. Суд айбловни кўриб чиқишдан олдин қийноқлар тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши керак эди. Бироқ суд бу масалани кўриб чиқмасдан туриб, айбловни кўра бошлади. Суд жараёни бир ёқлама бўлган, чунки судланувчиларнинг эътирозлари, қийноқлар тўғрисидаги баёнотлари эътиборга олинмаган, -деди Шуҳрат Рустамов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, тергов давомида қўлга олинган шахсларга олти кун ухлашга рухсат берилмаган, бир неча кун давомида аёвсиз калтакланган, электр токи билан қийноққа солинган. Айбланувчи Даврон Рахмоновнинг тили қийноқларга солиш жараёнида йиртиб ташланган.

37 ёшли Шуҳрат Илҳомов, 30 ёшли Даврон Рахмонов, 28 ёшли Асад Рихсиев, 38 ёшли Жаҳонгир Тожиев, 29 ёшли Зафар Каримов, 34 ёшли Ахмаджон Холиқов бир неча йиллик меҳнат муҳожирлигидан сўнг 2014 йил баҳорида Норвегиядан Тошкентга қайтган. Ўтган йилнинг июль ойида бу шахслар ноқонуний диний тузилмага аъзо бўлганликда ва Конституциявий тузимга тажовузда айбланиб қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG