Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:07

Каримовни президентликка номзодлар рўйхатидан ўчириш талаб қилинди


Ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари Ислом Каримов 2015 йилнинг 16 февралида Марказий сайлов комиссияси томонидан Конституцияга зид равишда президентликка номзод сифатида рўйхатга олинганини иддао қилиб Ўзбекистон Конституциявий судига даъво аризаси ёзди.

"Конституциявий суд аризани қабул қилишдан бош тортди"

Ҳуқуқ фаоллари Баҳром Абдураҳимов, Шуҳрат Рустамов ва Ширина Иномова имзо чеккан даъво аризасида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловига номзод этиб руйхатга олинишини Конституция нормасига зид деб топишингизни ва бекор қилишингизни сўраймиз”, деб айтилади.

Даъво аризасида қайд этилишича, Каримов 1991 йилнинг 29 декабрида биринчи муддатга, 1999 йил декабрь ойида иккинчи муддатга, 2007 йил декабрида эса учинчи муддатга умумхалқ сайлови натижаларига кўра президент этиб сайланган. Бу сайловларнинг ўртасида амалдаги президент бир неча маротаба референдум орқали ўз ваколат муддатини узайтирган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳолатни Ўзбекистон Конституциясига зид деб ҳисоблайдилар.

-Ўзбекистон Конституциясининг 15-моддасида Конституция устунлиги ёзиб қўйилган. 16-моддасида бирорта қонун ёки меъёрий ҳужжат Конституцияга зид келмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган. Бу Конституциямиз нормаси. Мавжуд Конституция нормалари бўйича Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз ваколатларини аллақачон ўтаб бўлганлар. Бир шахс икки муддатдан ортиқ сурункасига президент бўлиши мумкин эмас, деган Конституция нормаси ўз кучини йўқотмаган, -деди Баҳром Абдураҳимов.

Каримовни президентликка номзодлар рўйхатидан ўчириш талаб қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Ўзбекистон Конституциявий суди бу даъво аризасини қабул қилиб олишдан бош тортган.

-Конституциявий судимиз бўлгани билан ҳали унинг ишлаш механизми ишлаб чиқилмаган. Олдинги сафар аризани олиб борганимизда “Фуқароларни қабул қилмаймиз”, деган баҳонани рўкач қилишган эди. Лекин бу тўсиқ бўлолмайди. Агар шахсан қўлимиздан қабул қилиб олишдан бош тортсалар, унда почта орқали буюртма хат шаклида жўнатамиз, -деди Баҳром Абдураҳимов.

Ҳуқуқ фаоллари бундан аввал ҳам Конституциявий судга шикоят ёзган

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов ва мутсақил журналист Малоҳат Эшонқулова 3 февраль куни Ислом Каримов номзоди ноқонуний рўйхатга олингани юзасидан Бош прокуратура, Олий суд, Конституциявий судга шикоят аризаси ёзган эди.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, бу аризага шу кунгача расмий ташкилотлардан жавоб бўлган эмас.

-Қонун бўйича сайловга таалуқли шикоятлар олти кун ичида ҳал қилиниши керак. Сайлов тўғрисидаги қонунчиликда мана шундай белгиланган, -деди ҳуқуқ фаоли.

Шуҳрат Рустамовнинг ўзи ҳам январь ойида Каримовнинг номзоди президентликка кўрсатилиши нақадар қонунийлигини аниқлаб бериш юзасидан Конституциявий судга ариза киритган эди. Ҳуқуқ фаолига кўра, Конституциявий суд мазкур ариза ўрганиш учун Бош прокуратурага жўнатилгани ҳақида расмий мактуб жўнатган. Аммо ҳуқуқ фаоли прокуратура бир ярим ойдан бери бу аризани жавобсиз қолдираётганини айтмоқда:

- Юқори инстанциялардаги амалдорларнинг ўзи Конституцияни тан олмайди. Масалан, мен Бош прокуратурада бир прокурорнинг қабулига кириб, сумкамдан Конституцияни олиб, ўқий бошлаганимда, прокурор қўлимдан Конституцияни олиб хонасининг бир бурчагига отиб юборган ва “Биз бу Конституцияни тан олмаймиз”, деб айтган эди. Менинг юқори идораларга жўнатган мингдан ортиқ шикоятларим шу кунгача президент аппаратида жавобсиз ётибди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ташаббус гуруҳи эса 3 февралда 29 мартдаги президентлик сайловларида Ислом Каримовга овоз бермаслик ёки сайловларни бойкот қилишга чақирган баёнотни Интернет тармоғи орқали эълон қилган.

Ҳуқуқ фаоллари Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига зид равишда уч марта президентлик муддатини ўтаб бўлган, деб ҳисоблайди.Конституциянинг мазкур моддасида бир шахс қаторасига икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги қайд этилган.

XS
SM
MD
LG