Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:00

Чашма ёнида сувга зор Чашма


Қирғизистондан Ўзбекистоннинг Сўх экславига кириш йўли.
Қирғизистондан Ўзбекистоннинг Сўх экславига кириш йўли.

Ўзбекистоннинг Сўх экславидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи ўртасида икки йил аввал бошланган сув жанжали шу кунларда тобора кучайиб бормоқда. Сўхликларнинг билдиришича, яқинда бу масалани ҳал қилиш юзасидан ўтказилган Ўзбекистоннинг Сўх ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани раҳбарлари учрашуви ҳам натижасиз якунланган.

"Чегара аниқланмаган жойдаги булоқ сувини қирғиз томони тўсиб олган"

Икки давлат чегарасидаги қишлоқларда сув можароси икки йил аввал Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи аҳолиси чегаранинг аниқланмаган ҳудудидан ўз ҳамқишлоқларидан бирининг уйига йўл очиб беришни талаб қилгани ортидан келиб чиққан.

Ўзбекистоннинг Сўх туманидаги ер ва сув масаласи билан шуғулланувчи давлат идорасида ишловчи манба Озодлик билан суҳбатда Чашма қишлоғи аҳолиси муросага келиб қирғизистонликлар талаб қилган йўлни очиб берганини, бироқ қирғиз томон шу кунгача Чашма қишлоғига сув бермаётганин айтди. Манбанинг сўзларига кўра, қирғиз томони тўсиб олган булоқ суви чегаранинг шу кунгача аниқланмаган ҳудудида жойлашган.

-Бизда 1924, 1936, 1956 йилги карталар бор . Мана шу карталарга таянсак, бу ер чегаранинг аниқланмаган ҳудуди бўлиб чиқаяпти. Масалан, бу ҳудудда ўнг томонда Ўзбекистон фуқаролари яшаса, чап томонда Қирғизистон фуқаролари яшайди. Булоқ атрофида чегаранинг тиконли симлари йўқ. Йўл очиқ, фақат чегара нарядлари туради. Ўнг томонда Ўзбекистон чегарачилари, чап томонда Қирғизистон чегарачилари рўпарама-рўпара туришади, -деди ўз исмини сир тутишимизни илтимос қилган манбаа.

Унга кўра, мазкур аниқланмаган ҳудудда жойлашган булоқдан Қирғизистон томонига иккита ариқда, Ўзбекистон томонига эса тўрт-бешта ирригация системаси орқали сув кетади. Бу булоқдан Сўх туманиниг 45 фоиз аҳолиси уйларига ичимлик суви водопровод қувурлари орқали етиб боради. Аммо Ўзбекистонниг Чашма қишлоғига булоқ суви Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи ариқ орқали берилади. Бу ариқнинг тўсиб қўйилиши ортидан эса икки йилдан бери 360 хонадон ичимлик ва суғориш сувисиз қолмоқда. Бунинг оқибатида йил сайин экинзорлар қуриб, чашмаликлар сувни бир неча чақирим наридаги қишлоқлардан ташимоқда.

Булоқ бўйида ташна Юсуфжон

Чашмалик Юсуфали Шералиевнинг айтишича, унинг уйи чегара ҳудудида, қирғизистонликлар тўсиб қўйган булоқ олдида жойлашган. Юсуфали Шералиев қирғизистонликлар унинг уйи Қирғизистон ҳудуди экани иддаоси билан таҳдид қилаётганидан арзланди:

-Сувимиз битта, қабристонимиз битта, тўйимиз битта, молимиз ҳам битта эди. Икки йилдан бери қирғизлар билан муросамиз чиқмай қолди. Менинг уйим шу булоқнинг тагида. Мен шу булоқдан биринчи бўлиб сув ичаман. Қирғизистон фуқаролари беш-олтита бўлиб келишиб: “Асфальт йўлни бузамиз, сенинг уйинг Қирғизистон чегараси”, деб мени ҳам анча безовта қилишаяпти, - деди Юсуфали Шералиев.

"Чашмаликлар масалани сиёсийлаштираяпти"

Қирғизистоннинг Қадамжой туманидаги маҳаллий ҳукумат расмийси Асанбай Жўрўев эса чашмаликларда сув муаммоси бўлиши мумкин эмаслигини, бу масалани Чашма қишлоғи аҳолиси сиёсийлаштириб юбораётганини айтди:

-Улар “сувни сиз томондан оламиз” деб, масалани сиёсийлаштириб, ультиматум қўйшаяпти. Бироқ Чашма қишлоғида муқобил сув билан таъминлаш тизими бор. Бу сув уларни бемалол таъминлаши мумкин. Чегара масаласига келадиган бўлсак, бу ерга 9 йил олдин икки давлат чегара комиссияси чегарани бўлиб турувчи симёғочларни ўрнатиб кетган эди. Чашмаликлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бу симёғочларни синдириб юборишган. Биз уларни қайта тиклашни талаб қилаяпмиз холос, -деди Асанбай Жўрўев.

Гап кўп, кўмир оз

Сўх туманидаги ер ва сув масаласи билан шуғулланувчи давлат идорасида ишловчи исми сир қолишини истаган манба Озодлик билан суҳбатда сув муаммосини ҳал қилиш учун куни кеча Сўх тумани ва Қадамжой тумани ҳокимлари учрашганини, аммо учрашув натижасиз якунланганини айтди. Манбанинг билдиришича, Сўх эксклавини Фарғона вилояти билан боғлайдиган ягона йўл Қадамжой туманидан ўтади. Шунинг учун маҳаллий даражадаги сўзлашувларда Қирғизистон томони босим кўрсатишдан нарига ўтмаяпти.

-Учрашувлар бўлаяпти, лекин охирги натижа йўқ. Бир масалани ҳал этиш ўрнига Қадамжой тумани ҳокими томонидан фақат тазйиқ ўтказилаяпти холос. Яқинда ҳам Қадамжой туман ҳокмими билан Сўх туман ҳокими учрашган. Бироқ гапнинг очиғини айтиш керак, учрашувда қирғиз томон жуда фаол бўлди, ўзбек томон эса жуда пассив бўлди. Ким билади, Ўзбекистон вакиллари андиша қилишдими ёки бирон бир жанжал чиқиб кетмасин деб қўрқишдими... Хуллас бу учрашув ҳам натижасиз якунлданди, - дейди Сўхдаги ҳукумат идораларидан бирида ишловчи суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG