Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:31

Ўзбекистонда одамларнинг 50 фоиздан кўпроғи семириб кетган


Семириш ортидан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларга чалиниш эҳтимоли кўпаяди.
Семириш ортидан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларга чалиниш эҳтимоли кўпаяди.

Ўзбекистонда аҳолининг 50 фоиздан ортиқроғи ортиқча вазнга эга, ҳар бешинчи ўзбекистонлик эса ёғ босиш дардига чалинган.

Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилган “Юқумли бўлмаган касалликларнинг тарқалиш омиллари” деб номланган миллий тадқиқот натижаси мана шундай бўлди. Ўзбекистондаги Интернет нашрларнинг билдиришича, мазкур ҳисобот сешанба куни Тошкентда жамоатчиликка тақдим этилган.

Мазкур тадиқот Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лойиҳаси доирасида 2014 йилнинг январь-апрель ойларида ўтказилган экан. Тадқиқот натижалари нега орадан бир йил ўтиб жамоатчиликка эълон қилинаётгани тўғрисидаги саволимизга ўзбекистонлик мутассаддилар жавоб бермади.

Тадқиқот кўп босқичли равишда ва кластер танлови асосида ўтказилган. Тадқиқотда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган 4 350 одам қатнашган. Мазкур фуқаролар аввал сўровда иштирок этган, иккинчи ва учинчи босқичларда эса тана аъзолари ўлчанган ҳамда биохимик анализлар ўтказилган.

Тадқиқотчилар семириш муаммоси тўғри овқатланмаслик ва жисмоний фаолликнинг етарли эмаслиги ортидан келиб чиқаётганини таъкидлаган.

Ҳисоботда айтилишича, аҳолининг 67,2 фоизи ҳар куни етарли миқдорда бўлмаган даражада мева-сабзавот истеъмол қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёри асосида ҳар бир одам бир кунда 400 грамм мева-сабазвот истеъмол қилиши шарт.

Бундан ташқари аҳолининг 46,3 фоизида холестерин даражаси катта экани аниқланган. Фуқароларнинг учдан бир қисми, яъни 30 фоиздан кўпроғида қон босими юқори даражада.

Тадқиқотда аҳолининг тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиши ҳам ўрганилаган. Тадқиқотчилар келтирган рақамларга ишонилса, 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган эркаклар орасида қарийиб 31 фоизи спиртли ичимлик истеъмол қилади, 42,4 фоизи тамаки ва нос чекади. Аёллар орасида эса қарийиб 6 фоизи спиртли ичимлик истеъмол қилиши, 1,5 фоизи тамаки чекиши аниқланган. Спиртли ичимликлар истеъмол қилувчиларнинг 21 фоизи шаҳар, 15,2 фоизи қишлоқ аҳолисидир.

Эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, 40-64 ёш ўртасидаги аҳолининг 20 фоиздан ортиқроғида юрак-қон томир касалликларига чалиниш хавфи юқори экани ташвиш уйғотади.

Тадқиқотчилар мамлакатдаги 9 одамдан фақат бир нафаригина, яъни 11 фоиз фуқаро юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфидан ҳоли эканини қайд этган. Уларнинг асосий қисми ёшлардир. Аҳолининг 66,4 фоизи касалликка чалинишнинг 1-2 омилига, 22,6 фоиз фуқаро эса 3-5 омилга эга.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Тошкентда ҳисобот тақдимоти юзасидан ўтган тадбирда ҳукумат апрель ойида аҳолини соғлом овқатланишини назорат қилиш ҳамда бу борада комплекс чораларни амалга ошириш юзасидан махсус комиссия ташкил этганини билдирган. Унга кўра, ҳукумат мазкур масалада давлат концепциясини ишлаб чиқмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Асмус Хаммерих эса юрак - қон томир, саратон, нафас олиш йўллари, қанд диабети каби юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ногиронликка ва ўлимга олиб келувчи асосий омил бўлаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, мазкур касалликлардан ҳар йили дунёда 36 миллион одам вафот этади. Агар бу касалликларнинг олдини олиш чоралари кўрилмаса, ҳар ўн йилда юқумли бўлмаган дардлардан ўлаётган беморлар сони 17 фоизга кўпайиб боради.

XS
SM
MD
LG