Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:07

Блог: Ўзбекистон денгизларида ҳарбий кемалар зинҳор сузмасун!


Ўзбекистондаги ягона денгиз манзараси
Ўзбекистондаги ягона денгиз манзараси

Ўзбекистоннинг бепоëн уммону денгизларида чет эл ҳарбий кемаларининг лак-лак қўшин, тўпу замбарак юклаб, саф-саф бўлиб юрмаслиги ва мамлакат баҳри муҳитининг осойишталигига хатар солмаслиги учун мамлакат Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилди.

Бу муборак қарорга кўра, ичида чет давлат раҳбари ўтирган кемалар Ўзбекистон ҳудудий сувларига киришидан 30 кун олдин расмий Тошкентни огоҳлантириши шарт.

Ҳазиллашаëтгтанимиз йўқ¸ Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги қарори билан хорижий ҳарбий бўлмаган ва ҳарбий бўлган кемаларнинг Ўзбекистон Республикаси ички сувларига, портларига кириши ва уларда бўлиши тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Ушбу Низом хорижий ҳарбий бўлмаган ва ҳарбий бўлган кемаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудий сувлари орқали ўтишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички сувларига, портларига кириши ва уларда бўлиш тартибини белгилайди.

Байроқсиз кемаларга йўл йўқ

Низомга кўра, хорижий ҳарбий бўлмаган ва ҳарбий кемалар Ўзбекистон Республикасининг ички сувлари ва портлари орқали сузиб ўтишда ва Ўзбекистон денгизларида сузганида ўзининг ҳарбий денгиз ёки давлат байроғини кўтарган бўлиши лозим.

Мабодо ўтиб қолса, қароқчиларнинг одам бош чаноғи туширилган қора байроғи инобатга олинмайди.

Кемалар Ўзбекистонга қарши тарғибот олиб бормасун!

Ўзбекистон Республикаси ички сувларига, портларига кириши ва уларда бўлишда хорижий ҳарбий бўлмаган ва ҳарбий бўлган кемаларга қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланиш таъқиқланади:

- Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллаш ёҳуд ҳар қандай шаклда халқаро ҳуқуқ принципларини бузиш;

- Ҳар қандай турдаги қуроллар билан турли манёврлар ёки ўқув машғулотлари ўтказиш;

- Ўзбекистон Республикасининг мудофаа ва хавфсизлигига зарар етказадиган маълумот йиғишга қаратилган ҳар қандай фаолият тақиқланишига ҳам ҳужжатда урғу берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон территориал сувларида Ўзбекистон Республикасининг мудофаа ва хавфсизлигига тажовуз қилиш мақсадидаги ҳар қандай тарғибот фаолиятига ҳам тақиқ қўйилди.

Ўзбекистон денгизларининг тубида ғаввослар сузмасун!!!

Ўзбекистон Республикаси ички сувларига шахсларни ва предметларни тушириш ҳамда сув остидаги ҳар қандай фаолият шу йилнинг 29 июлидан бошлаб мутлақ тақиқлаб қўйилди. Шунингдек мавжуд низомга кўра¸ чегара қўшинларининг рухсатисиз ҳар қандай юк ва моддий бойликларни Ўзбекистон денгизу океанларига тушириш ёки юклаш ёҳуд ҳар қандай шахснинг кемадан тушиши ёки чиқарилиши тақиқланди.

Лаққа балиқ қувончи

Айни ҳужжатда Ўзбекистон денгизларида овчилик билан боғлиқ ҳар қандай фаолият тақиқланди.

Ватанимизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган баҳри муҳитдаги юнус балиқлари¸ акула¸ кашалот ва лаққаларнинг чет элдаги ҳарбий кемаларда матросларнинг гарпун ëки бошқа қуроллар билан овлашига ҳам 29 июлдан бошлаб чек қўйилди.

Бундан Ўзбекистоннинг чексиз-поёнсиз сувларидаги балиқлар шодумон бўлиб, меҳрибон ўзбек ҳукуматига алëрлар айтаëтгани аниқ.

P.S:

Бу орада Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси чиқарган расмий, миллий ва мамлакатга хайрли бўлган ҳужжатга киноя ва кесатиқ билан қараб, шубҳа билдираëтган ватандошлар ҳам чиқаётир.

Тошкентлик рассом Вячеслав Охунов ўз микроблогида "Бу қарор Ўзбекистон денгизларида урчиëтган пингвинларнинг ноëб турини сақлаб қолишга қаратилган ҳаракат" деб киноя қилган бўлса, укам Қудрат Бобожон эса “Ўзбекистоннинг ҳудудий сувлари Анҳор ва Комсомол кўлидa импортний иштонда юриш мумкин эмас”, деб кесатди.

Бу аснода Зафар исмли блоггер "Ўзбекистон денгизларида сузадиган чет эллик матросларга раҳми келгани"ни ижтимоий тармоқлардан бирида ëзди.

Ўзини Alexander DeLarge, деб тақдим қилган блоггер эса Ўзбекистонни “Маймунлар салтанати” деб тарифлади¸ яна бир блоггер Гулбаҳор Саидғаниева “Йиғламоқ керакдир бу аҳволга” деб битик қолдирди.

Facebookда изоҳ қолдирган Абдураҳим Турдиев "Чўл зоналаримизга чет эл туялари кириши тақиқланади, деб қонун чиқарсак ҳам мантиқли бўлади", деган истеҳзо билан Вазирлар Маҳкамасига таклиф ташлади.

Ижтимоий тармоқларнинг ҳали-ҳануз ҳайратини йўқотмаган яна бир тоифа ўқиғучилари эса: “Ўзбекистонда денгиз йўқку?!” деб савол ташлади.

Бундайлар соддаларга айтадиганимиз шулки:

Ўзбекистонда денгиз бор - Орол денгизи!!!

Тўғри, бу денгизнинг бир қисми қуриб қолгандан хабарингиз борлигидан, хабаримиз бор. Лекин, эртага осмондан оби-раҳмат ëғиб, денгиз ғарқ тўлса, чет эл кемалари бу денгизда бемалол изну тизгинсиз сайр қилавериши керакми?!

Йўқ албатта.

Стратегия - эртани ўйлаш, мудофаани режалаш деган нарсалар бекор қилингани йўқ ҳали.

Бундан ташқари, ўз ватанимизнинг бепоëн ва чуқур денгизлари устидан кулиш ватанпарварлик эмаслигини ўзимга ҳам эслатиб қўйсам.

Қолаверса, денгиз ҳақидаги асосий гапни Ўзбекистон Халқ қахрамони, шоир Абдуллла Орипов айтган:

Афсус, бизнинг денгизимиз йўқ,

Гоҳо алам билан янграр сўзингиз.

Лекин Ислом ака, менинг кўнглим тўқ,

Бизлар учун денгиз ўзингиз…

XS
SM
MD
LG