Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари биргина Россиядан бир йилда 6 миллиард доллар атрофида пул жўнатади. Чет эл валютасини қонунда назарда тутилган тартибда алмаштириш имкониятлари ўта тор эканлиги, мижозга пул нақд берилмаслиги оқибатида мамлакатда валютанинг қора бозори вужудга келган. Натижада миллионлаб ўзбекистонлик ҳар куни пул алмаштирар экан, қамалиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Валюта алмаштиришга доир тартибни ўзгартирса бўлмайдими?
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанига 2013 йилнинг дастлабки 9 ойида Россиядан 4,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатгани тўғрисида Россия Марказий банки тарқатган маълумотларга таяниб, жорий йил бошида хабар берган эдик.
Агар мазкур тенденция сақланиб қолган бўлса, йил охиригача пул жўнатмаларининг умумий ҳажми қарийб 6,5 миллиард долларга етганини тахмин қилиш мумкин.
Эътибор беринг: бу биргина Россиядан жўнатилаётган пул.
Эътибор беринг: бу пул меҳнат муҳожири ўз оиласига жўнатаётган пул.
Ўзбекистонда ҳар қандай олди-сотди миллий валютада амалга оширилади.
Демак, ҳар йили биргина Россиядан келадиган 6 миллиард доллар атрофидаги ақча сўмга айлантирилиши керак. $ 6 миллиарднинг ёнига бошқа мамлакатлардан келадиган пулларни қўшинг.
Жорий йилнинг 28 июнида Тўрткўл шаҳри деҳқон бозорида долларфурушликда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва 14 минг 800 доллари ва 5 миллион сўми мусодара қилинган қорақалпоғистонлик Муҳатдин Юсуповдан сўрадик:
- Ўша 14 минг 800 долларингизни алмаштирмоқчисиз, деб фараз қилайлик. Алмаштириш учун пулни қаерга олиб борган бўлардингиз?
- Бозоргада, албатта, чунки банкда алмаштирсам ҳар бир доллардан 1000 сўмдан ютқазаман, иккинчидан банкда нақд пул беришмайди, пластикка ўтказиб қўйишади, - деди Муҳатдин Юсупов.
11 сентябрь куни 1 АҚШ доллари расмий курс бўйича 2319, 99 тийинга тенг бўлди.
Қора бозорда эса 1 доллар анчадан бери 3000 сўмнинг устида.
Муҳатдин Юсупов 14 минг 800 долларини банкда алмаштирса неча пул йўқотишини ҳисоб-китоб қилишни ўзингизга қолдирамиз.
Бас, банк курси билан қора бозор курси ўртасидаги фарқ шу қадар катта экан, биргина Россиядан бир йилда келадиган 6 миллиард доллар атрофидаги пул қаерда алмаштирмоқда?
Бу савол мутлақо риторикдир.
Долларфурушликда айбланиб қўлга олинган Муҳатдин Юсуповнинг айтишича, уни Жиноят Кодексининг 177- моддаси бўйича судлов кутмоқда.
Биргина Россиядан бир йилда келаётган 6 миллиард долларни миллионлаб ўзбекистонлик қора бозорда алмаштирмоқда ва уларнинг барчаси ўша моддада назарда тутилаётган жиноятни содир этмоқда.
Жиноят Кодексининг 177- моддасининг “илдизи” эса, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунда.
Унинг 14- моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш: юридик шахслар томонидан ваколатли банклар орқали; жисмоний шахслар томонидан ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилади”, деган меъёр белгилаб қўйилган.
14- моддани Ўзбекистондаги реал вазиятдан юлиб олиб ўқилса, ҳеч қандай муаммо кўринмайди. Модданинг жисмоний шахсларга доир қисмини яна бир марта ўқинг: “(чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш) жисмоний шахслар томонидан ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилади”.
Бу меъёр амалда қандай эканлигини Муҳатдин Юсупов айтиб берди, қолаверса, ўзбекистонлик бўлсангиз ўзингиз ҳам биласиз.
Хўш, нега шундай?
Бу саволга жавоб излаб Марказий банк ходимини, икки мустақил иқтисодчини суҳбатга тортдик.
Масаланинг ҳуқуқий жиҳатларини билиш учун ҳуқуқшунос билан ҳам гаплашдик.
Банк ходимининг айтганлари
Марказий банкнинг исми айтилмаслиги ва овози эшиттирмаслиги шарти билан саволларимизга жавоб берган ходими билан суҳбат будир:
- Шу кунда Ўзбекистонда пул алмаштириш пунктлари борми?
- Бор.
- Мамлакат бўйича қанча пункт бор?
- Билмайман.
- Нима учун Ўзбекистонда валюта алмаштириш қора бозори бор Ўзбекистонда?
- Қаерда талаб катта бўлса, ўша ерда пайдо бўлаверади қора бозор. Бошқа мамлакатларда ҳам бор қора бозор. Масалан, Ҳиндистонда, Россияда...
- Тўғри, лекин сиз айтаётган бошқа мамлакатларда қора бозор курси билан ўша давлат марказий банки белгилайдиган курс орасида катта фарқ бўлмайди. Саррофлар олиш ва сотиш нархлари орасидаги фарқдан пул ишлайди. Полицияси ҳам Ўзбекистондагидай таъқиб қилавермайди... Ўзбекистонда эса, фарқ ўта катта...
- Чунки талаб катта.
- Марказий банк курси билан қора бозор курси ўртасидаги фарқни йўқотиш учун нима қилиш керак?
- 2000-йиллар бошида шундай қилинган ҳам эди.
- Нега воз кечилган ўшандан?
- Бу саволни сиёсат юритувчилардан сўранг, - деди Марказий банк ходими ва алоқани узиб қўйди.
Ўрганаётганимиз масала юзасидан ўзбекистонлик мулозимлар билан гаплашиш мутлақо имконсиздир.
Шунинг учун асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим, Астана шаҳридаги Евроосиё университети Сапарбой Жубаевни суҳбатга тортар эканмиз, у кишидан вазиятни Ўзбекистон ҳукумати вакили бўлиб тушунтириб беришини илтимос қилдик.
Саодат Нишонова – ўзбекистонлик иқтисодчи. Ҳозирда Европа мамлакатларидан бирида ишлаётган мутахассисдан ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг валютага доир сиёсатини тушунтириб беришни илтимос қилдик.
Рус тилида бўлиб ўтган қисқа савол-жавоб давомида Саодат Нишонова айтган фикрлар будир:
- Ҳукумат соғлом ақлга зид равишда валюта курсини унификациялашга – бир хил ушлаб туришга уринмоқда ва валютафуруш-чайқовчиларни куч билан йўқотиб бўлади, деб ўйлаяпти. Ваҳоланки, чайқовчилар бозор санитарларидир. Бозорда мувозанат йўқолиши биланоқ улар посангини тўғрилаб қўяди.
Ўзбекистонда қонунлар бирон бир мақсадни кўзлаб ёки бирон гуруҳнинг манфаатини кўзлаб ёзилади. Бизнинг қонунлар мамлакатдаги реал вазиятдан йироқ.
Валюта айирбошлашни чекловчи қонунлар бекор қилинса, осмон узилиб ерга тушмайди. Бу чекловлар туфайли қора бозорда конкрет гуруҳларга хизмат қилувчи конкрет шахслар ишлаяптики улар мўмай пулдан қуруқ қолади. Чекловлар бекор қилинса бозорга бошқалар ҳам кириб келади ва натижада қора бозорда ҳам валюта курси тушиб кетиши мумкин. Ҳозир эса, қора бозорда муайян гуруҳлар ишлаяпти, чиқмларини қоплаётган баъзи банклар ҳам бор у ерда, - деди Саодат Нишонова.
Биз масалани ўрганар эканмиз, унинг ҳуқуқий жиҳатларига ҳам қиқзиқдик ва тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловни суҳбатга тортдик.